15:31 / 07.09.2020
5666

Бухорода коронавирусга чалинган фуқарога компенсация олиб бериш эвазига 200 доллар сўраган фирибгар ушланди

Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Бухоро шаҳар бўлими томонидан тезкор тадбир ўтказилди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати Kun.uz'га маълум қилди.

Тадбирда фуқаро Г.Т. фуқаро З.Ф.нинг ишончига кириб, ўзини юқори турувчи давлат ташкилотида ишлашини айтиб, ундан коронавирусга чалинган опаси Г.Ф.га танишлари орқали 40 млн сўм компенсация пули тайинлатиб бериш эвазига 200 АҚШ долларини фирибгарлик йўли билан олган вақтида ашёвий далил билан ушланган.

Шунингдек, терговга қадар текширувда, Г.Т. фуқаро У.дан 2 минг доллар ва фуқаро М.дан 750 доллар олиб, уларни «Лукойл» компаниясига ишга жойлаштиришни ваъда қилиб келгани аниқланган.

Ҳолат юзасидан Г.Т.га нисбатан ЖКнинг 168-моддаси 3-қисми «б» банди ва 28, 211-моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Чиноз ва Қува туманларида жуда кўп миқдордаги дори воситаларнинг ноқонуний муомалага киритилишининг олди олинди

Департаментнинг Чиноз туман бўлими томонидан пандемия шароитида аҳоли талаби юқори бўлган дори воситаларининг қиммат нархларда сотилиши ҳамда ноқонуний муомалага киритилишининг олдини олиш мақсадида тезкор тадбир ўтказилган.

Тадбирда фуқаро Ш.А. харидорга 65 қути «Клексан» дори воситасини ҳар бир қутисини 576 минг сўмдан ҳисоблаб, 37,5 млн сўмга сотган вақтида ашёвий далил билан ушланган.

Шунингдек, Ш.А.нинг кўрсатувларига асосан тезкор тадбир давом эттирилиб, Наманган вилоятида дори воситаларини олиб сотиш билан шуғулланиб келаётган фуқаролар Я.М. ва А.Х.лар Ш.А.дан 65 қути «Клексан» дори воситалари учун 37,5 млн сўмни олган вақтида ушланганлар.

Худди шундай, Департамент ҳамда ДХХнинг Қува тумани бўлимлари томонидан кучли таъсир қилувчи дори воситалари рўйхатига кирувчи дориларнинг ноқонуний муомалага киритилишининг олдини олиш мақсадида ўтказилган тезкор тадбирда, фуқаро Я.Я., С.А. ва М.А.лар билан ўзаро тил бириктириб, харидор Ж.га 40 қути «Лирика 300 мг» дорисини ҳар бир қутисини 75 доллардан ҳисоблаб, 3 минг долларга сотган вақтида ашёвий далил билан ушланган.

Мазкур ҳолатлар юзасидан қонунбузарларга нисбатан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Top