Ўзбекистон | 16:42 / 31.03.2024
16561
2 дақиқада ўқилади

Бухорода автобус ҳайдовчилари қоидаларни бузишда давом этяпти

Бу сафар икки нафар автобус ҳайдовчиси светофорнинг қизил чироғида ҳаракатланган. Улардан бири пиёдалар йўлакчасидан ўтаётган одамни уриб юборишига бир бахя қолган.

Фото: Видеодан кадр

Бухорода икки нафар автобус ҳайдовчиси қоидаларни қўпол тарзда бузиб, светофорнинг қизил чироғида ҳаракатланган. Ҳолат бошқа машиналардаги кузатув камераларига ёзиб қолинган. Бу ҳақда вилоят ИИБ ЙҲХБ хабар бермоқда.

Ижтимоий тармоқларда AZIA STAR русумли 01 540 VGA ҳамда Isuzu русумли 80 206 ABA давлат рақам белгили автобусларнинг ҳайдовчилари Бухоро шаҳрида светофорнинг қизил чироғида ҳаракатлангани қайд этилган тасвирлар тарқалди.

Тасвирларда ҳар иккала автобус светофорнинг қизил чироғида бошқа транспорт воситалари тўхтаб турган пайтда ўтиб кетгани кўринади. Шунингдек, уларнинг бири пиёдалар йўлакчасидан ўтаётган одамни уриб юборишига бир бахя қолган.

Видеотасвирлар юзасидан Бухоро вилояти ИИБ ЖХХ ЙҲХБ ходимлари томонидан ўрганиш ишлари олиб борилиб, қоидаларни четлаб ўтган ҳайдовчиларга нисбатан белгиланган тартибда чора кўрилган.

Қоидабузарликка бефарқ бўлмаган жамоатчилик назорати вакилларига миннатдорчилик билдирамиз. Барча ҳайдовчилардан, айниқса, йўловчи ташиш билан шуғулланувчи ҳайдовчилардан йўлларда қоидаларга риоя этган ҳолда ҳаракатланишларини сўраймиз”, дейилади хабарда.

Аввалроқ, 2024 йил 18 март куни соат 10:30 атрофида Бухоро вилояти Когон туманида тартибга солинган чорраҳада автобус ва юк автомобили ўзаро тўқнашганди.

Оқибатда бир ўқувчи ҳодиса жойида, яна бири шифохонада вафот этган, 25 нафар ўқувчига биринчи тез тиббий ёрдам кўрсатилганди.

Ҳодиса тафсилотларига кўра, автобус 5-ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаби ўқувчиларини Бухоро шаҳридаги драма театрига олиб бораётган бўлган.

Ижтимоий тармоқларда ҳодиса тафсилоти тасвирланган видео пайдо бўлди. Унда автобус ҳайдовчиси светофор ишламаётган чорраҳага иккинчи даражали йўлдан жуда катта тезликда ҳаракатланиб келиб, юк машинасига урилганини кўриш мумкин.

П.С: Афтидан, Бухорода содир бўлган ўша фожиали ҳодисадан автобус ҳайдовчилари етарли хулоса чиқармаган кўринади. Акс ҳолда ҳайдовчилар ўзларининг ва бошқаларнинг ҳаётига хавф солиб бундай ҳолда ҳаракатланмасди.

Мавзуга оид