08:21 / 07.09.2020
4617

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга қўшимча киритиш таклифи билан чиқди

Унга кўра, Ўзбекистон ҳудудида фойдаланишга тавсия қилинган қишлоқ хўжалиги ва мелиорация техникаларининг ягона давлат реестрига киритилмаган, белгиланган тартибда синовдан ўтмаган техникаларни етказиб бериш ва фойдаланиш мансабдор шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг беш баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади. 

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида “Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қўшимча киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси эълон қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган ҳужжат лойиҳасига кўра, Ўзбекистон Республикасининг 1994 йил 22 сентябрда қабул қилинган 2015-XII-сонли Қонуни билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 139-моддаси (Носоз транспорт воситаларини йўлга чиқариш ва транспорт воситаларидан фойдаланиш қоидаларини бошқача тарзда бузиш) учинчи қисм билан тўлдирилиши мумкин.

Унга кўра, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида фойдаланишга тавсия қилинган қишлоқ хўжалиги ва мелиорация техникаларининг ягона давлат реестрига киритилмаган, белгиланган тартибда синовдан ўтмаган техникаларни етказиб бериш ва фойдаланиш, бундан 2021 йил 1 январга қадар ишлаб чиқарилган ва импорт қилинган техникалар мустасно - мансабдор шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг беш баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

ҳукумат қарорларини ушбу Қонунга мувофиқлаштиради;

давлат бошқаруви органлари ушбу Қонунга зид бўлган ўз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини қайта кўриб чиқишлари ва бекор қилишларини таъминлайди;

Қонуннинг ижросини, ижрочиларга етказилишини ҳамда моҳияти ва аҳамияти аҳоли ўртасида тушунтирилишини таъминлайди.

Top