15:37 / 08.09.2020
32718

Самарқандда аёлни аёвсиз калтаклаш билан боғлиқ ҳолат назоратга олинган - Сенат

Ижтимоий тармоқларда самарқандлик аёл турмуш ўртоғи томонидан шафқатсиз калтаклангани акс этган видео тарқалган эди. Сўнг Самарқанд вилоят ички ишлар бошқармаси зўравон эр қўлга олинганини маълум қилди.

ИИБ томонидан берилган расмий хабарда Самарқанд шаҳар Термиз кўчасида яшовчи 1995 йилда туғилган М. оилавий келишмовчиликлари сабабли турмуш ўртоғи — 1985 йилда туғилган Ш. томонидан қийноққа солиниб, калтаклаб келингани айтилган.

Олий Мажлис Сенати ахборот хизмати хабарига кўра, Самарқанд шаҳар ИИБ томонидан бугунги кунда М.га ҳимоя ордери берилган ва махсус марказга фарзандлари билан бирга жойлаштирилган. 

«Марказда малакали психологлар жалб қилиниб, психологик ёрдам бериляпти, шунингдек, М. тўлиқ тиббий кўрикдан ҳам ўтказилган. Барча зарур дори воситалари олиб берилиб, соғлиғини тиклаши учун ёрдам кўрсатилмоқда. Ҳозирги кунда жабрланувчи мазкур махсус марказда 2 нафар фарзанди билан яшаб келмоқда», - дейилади хабарда.

Қайд этилишича, М. ва унинг икки нафар фарзанди Самарқанд шаҳар ИИБ томонидан ҳимояга олиниб, моддий ва маънавий ёрдам кўрсатилмоқда.

Ҳозирда унинг турмуш ўртоғи Ш.га нисбатан Самарқанд шаҳар ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 105-моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Мазкур ҳолат Сенатнинг Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси томонидан назоратга олинган. Тегишли идораларга ушбу масала қонуний кўриб чиқилиши юзасидан кўрсатмалар берилган, дейилган Сенат хабарида.

Top