12:45 / 09.09.2020
33715

Асака тумани ҳокими ярим йил ичида ишдан олинди. Туманга ИИВ ходими янги раҳбар этиб тайинланди

Андижон вилояти Асака тумани ҳокими Иномжон Солижонович Мамадалиев ишдан кетди.

Андижон вилояти ҳокимлиги Асака тумани ҳокими лавозимига Мансурбек Мамасидиқович Алиханов тайинлангани ҳақида хабар берди.

«Андижон вилояти ҳокимлиги Алиханов Мансурбек Мамасидиқовични янги лавозимга тайинлангани билан табриклаб, фаолиятида улкан муваффақиятлар ва зафарлар тилаб қолади», дейилади ҳокимлик матбуот хизмати хабарида.

Мансурбек Алиханов 1984 йилда Андижон туманида туғилган, 2005 йилда Андижон давлат университетини тамомлаган. 

У 2006 йилдан Андижон вилояти Ички ишлар бошқармасида турли лавозимларда хизмат қилган, 2018 йил июлидан буён Жалақудуқ тумани Ички ишлар бўлими бошлиғи лавозимида фаолият юритган.

Майор Мансурбек Алиханов янги лавозимда Иномжон Мамадалиев ўрнида иш бошлаган. Иномжон Мамадалиев 2020 йилнинг мартида Эркинжон Якубов ўрнига Асака тумани ҳокими лавозимига тайинланганди.

Иномжон Мамадалиев

Ҳозирча унинг ишдан олиниши сабаби келтирилмаган.

Top