21:06 / 09.09.2020
43747

Шифокорларга дорихона очиш ҳуқуқи берилиши кутилмоқда. Янгилик фармацевтлар эътирозига сабаб бўлди

Сўнгги кунларда ижтимоий тармоқларда жадал давом этаётган баҳслардан бири шифокорларга дорихона очиш имконияти берилиши бўлди. Бу янгилик фармацевт-провизорлар орасида норозилик туғдирди. Қуйида таҳририятимизга келган хатлар асосида мавзуни ўрганишга ҳаракат қилдик.

Умуман, мавзу тарихига назар ташланса, яқин-яқингача ҳам шифокорлар беморга муолажани тайинлаш билан бирга дориларни ҳам ўзлари беришган. Бу амалиёт узоқ қишлоқларда қисман сақланиб қолган – чунки ўзи ягона тиббий пункт бор қишлоқда яна алоҳида дорихона очилиши ёки қайсидир тадбиркор шунча харажат қилиб очиши ўзини оқламайди. Дорихоналар тизими, умуман дори сотиш индустрияси кескин ривожланиб, янги босқичга чиқиши билан бу соҳанинг ҳам ўз эгалари пайдо бўлди. Эндиликда Соғлиқни сақлаш вазирлигининг нафақат фармацевтларга, балки шифокорларга ҳам дорихоналар очиш имконини бериши доришуносларнинг эътирозларига сабаб бўляпти.

Уларни ҳам тушуниш мумкин, сабаби, кўпчиликка маълумки, айнан дорихоналардаги катта талаб туфайли фармацевт-провизорлар дипломининг қадри баланд эди. Биргина мутахассис ўз дипломи орқали бир нечталаб жойда ишлаб даромад қилар, айрим устомонлари эса фақат дипломини юритиб қўйиш орқали ҳам дурустгина мояна олиб турарди. Янги лойиҳа уларни бу даромаддан мосуво қилиши мумкин.

Лекин улар йўллаган мактубларга эътибор берилса, даромаддан бошқа жиҳатларни ҳам эътиборга олиш зарурати борлиги англанади.

«Дорихоналар сони бўйича дунё рекордчиларидан биримиз»

Қўшмурод Ёмғиров, Фармацевт–провизор, мустақил тадқиқотчи:

– Ўзбекистонда 14 409 та дорихона бор. Ҳар 2400 кишига битта дорихона ёки филиали тўғри келади. Бу рақам билан дунёда рекордчилардан биримиз.

Ўзбекистонга етук, ҳалол ва билимли врачлар керак. Провизорлар ва дорихоналар етарлича бор: рақобат ҳақида гапириш шарт эмас. Дорихоналар сони ошиб боргани сари уларни текшириш ва назорат қилиш имконсиз бўлиб бормоқда.

Худди шундай ҳолат 1994 йилда юзага келган: собиқ иттифоқ тарқалганидан сўнг аҳолини дорилар билан таъминлаш масаласи жуда қийин бўлиб қолади. Шунда хусусий дорихоналар очилишига рухсат этилади. Шарти – дорихона мудири олий ёки ўрта маълумотли фармацевт дипломига эга бўлиши керак эди холос. Шундан сўнг бир йил ичида дорихоналар сони шу қадар кўпайиб кетади-ки, ҳар бир сартарошхона, ҳар бир бекатдаги бинолар ярмида дорихоналар-у «аптекачилар» пайдо бўлади. Уларни назорат ва мониторинг қилиш мутлақо имконсиз бўлиб қолганди.

Республикамизнинг турли ҳудудларида контрабанда ва турли йўллар билан импорт қилинган яроқли-яроқсиз медикаментларнинг норасмий «Дори бозорлари» вужудга келганди. «Қўқон дори бозори» ва «Ҳазорасп дори бозори» ҳамда Тошкентдаги «Олой дори бозори» уларнинг энг йириклари бўлган. Контейнер – вагончаларда экcтремал ҳаво ҳароратида (+40*С дан +55*С ) энг яхши таркибли, сифатли дорилар ҳам ўн кунга қолмасдан ўз таъсирини буткул йўқотган...

Турли фармацевтик компаниялар ва фирмалар жуда кучли таъсир усуллари ва қимматбаҳо совғалари орқали энг яхши врачларни хам оғдириб олишаётган бир пайтда асосий эътиборни тиббиётимизни ислоҳ қилишга қаратиш керак.

Сон ошгани сари сифат йўқолиб боради. «Карвон кўп – ризқи бўлак»? Бу мақолни аҳоли саломатлигига нисбатан қўллаган шифокорнинг мақсади аниқ! Моддий манфаатдорлик йўлида инсонларнинг ҳаёти ва соғлиғини гаровга қўядиган, фармкомпаниялар «бонуслари»га қараб рецепт ёзадиган «фарм эксперт» каби шифокорлар бор экан, врачларга отиладиган тошлар, ҳақорат ва калтаклашлар ҳаливери тўхтамайди.

Ҳурматли ҳамкасблар, врачларнинг электрон рецепт тизимига ҳамда халқаро патентланмаган номи бўйича дори-дармонларни тайинлаши шартлиги ҳақидаги ССВ буйруғига амал қилинг.

Тушунинг, бу ерда озиқ-овқат маҳсулотлари, қурилиш материаллари ёхуд маиший техника буюмлари дўкони очишга қарши фикр билдирилмаяпти! Бу – ДОРИХОНА! Ва унда аҳоли саломатлиги учун ўта муҳим нарса – дори воситалари ва тиббий маҳсулотлари сотилади.

«Дорихона тизими билан фақат фармацевт шуғулланиши зарур»

Сардор Йигиталиев, фармацевт-мутахассис:

– Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан ишлаб чиқилаётган янги конун лойиҳаси ижтимоий тармоқларда кескин эътирозларга сабаб бўлмоқда. 1994 йил Данияда қабул қилинган «Аҳоли саломатлигини сақлаш бутунжаҳон Копенгаген декларацияси»да белгилаб қўйилган ва аксарият давлатларда қатъий амал қилинадиган олтин қоида бор: «Дори воситалари ва тиббиёт буюмларини тайёрлаш, яратиш, яроқлилик муддатларини белгилаш ҳамда чакана реализацияси билан шуғулланувчи шахс фармацевтик маълумотга эга бўлиши зарур. Дорихона мудири (5 йилдан кам бўлмаган) олий фармацевтик маълумотга ва айни соҳада етарли тажрибага (3-5 йил) эга бўлиши шарт. Фармацевтнинг бу ваколатлари ўзгармас ва унга дахл қилишга ҳеч қайси соҳа вакилига рухсат этилмайди».

Фармацевтика етакчилари ҳисобланган АҚШ, Россия, Буюк Британия, Германия, Франция, Исроил каби давлатлар қатъиян амал қилаётган бу декларацияга нима учун Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги қарши чиқяпти? Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Қаюмович Шодмонов муқаддам Тиббиёт институти ректори лавозимида ишлагани ва Тиббиёт институтлари мавқейини оширишга хайрихоҳ эканини ҳисобга олмасак, фармацевтик маълумотга эга бўлмаган шахсларга дорихона бошқаруви ҳуқуқини топширишга қандай сабаб бор?

«Дорихоналар сони кўпайса, рақобат ортади ва ўз-ўзидан сифати ҳам яхшиланади» деган баҳона мутлақо ўринсиз! Бунинг исботи: Ўзбекистон дорихоналар сони кўплиги бўйича рекордчи давлатлардан бири ҳисобланади. Статистикага назар солсак, Ўзбекистонда ҳар 10 минг аҳолига 4,2 та дорихона тўғри келади. Бу кўрсаткич Россияда 2,1; АҚШ да 2,6; Буюк Британияда 2,5; Германияда 2,3га тенг.

Шундоқ ҳам керагидан ортиқ дорихоналарга эга Ўзбекистон аҳолисига қачон сифатли фармацевтик хизмат кўрсатилади? Қачонки, соҳа бошқаруви профессионал мутахассисларга топширилса.

Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги раҳбари Сардор Кариевнинг ўзи фармацевтик маълумотга эга бўлмай туриб фармацевтика соҳасини ривожлантириши, шахматчи Рустам Қосимжонов ўзбек футболини ривожлантиради, дегандек гап...

Фармацевтика соҳасида мутахассис кадрлар тайёрлаш ва илмий изланишларнинг юраги ҳисобланган Фармацевтика институтининг ректори лавозимига ҳам фармацевт олимлар четда қолиб, бошқа соҳа вакилларини тайинлаш анъанага айланиб улгурди. Фармацевтика – бу шунчаки бизнес эмас. Фармацевтика – бу долзарб ижтимоий соҳа! Дорихона – бу, шунчаки дори сотиладиган дўкон эмас! Дорихона – шифокор томонидан беморга ўз дориларини тавсия қилиб сотадиган жой ҳам эмас!

Айнан дорихона бошқарувини ўқитиш учун тасдиқланган ўқув дастури асосий мутахассислик фанларининг 3900 соатлик назарий, 810 соатлик малакавий дарсларини, 600 соатлик курс ишлари, 324 соатлик якуний аттестацион билимларни қамраб олади. Ушбу ўқув дастури фақат фармация факультети учун мўлжалланган бўлиб, Тиббиёт институтларида бу фанлар ўқитилмайди.

«Врач дори сотадими, бемор даволайдими?»

М.М.Отамуродов, фармацевт:

– Врачларга дорихона очишга рухсат берилиши қанчалик тўғри? Мен ўзим фармацевтман. Аптека бошқариш қанчалик машаққатли иш эканини жуда яхши тушунаман. Айниқса ҳозирги шароитда: рақобат, ҳар куни чиқаётган янги дорилар, яроқлилик муддати яқинлашаётган дорилар, ишчиларни назорат қилиш, аптекани тоза-озода сақланишига эътибор бериш ва ҳоказо... Хуллас, дорихона очиб ундан фойда оламан, деган одам кун бўйи шу дорихона ишлари юзасидан банд бўлади.

Мен врачларнинг дорихона очишига қарши эмасман, улар ҳам керакли фанларни ўқишади, бемалол дорихона очиб юргизса бўлади. Умуман, ҳозир бу соҳага алоқаси йўқ одамлар ҳам дорихона очяпти. Бу иккинчи масала, кимнинг қанақа қилиб нон топиши ўзига ҳавола.

Мен врачлар фармацияни тушуниш-тушунмаслигини баҳс қилмоқчи эмасман. Зеро бу баҳсда иккала томон ҳам кераклича далиллар топиб, ўзини оқлай олади. Мени қийнаётган асосий масала шуки, ҳозирги кунда юртимиз тиббиёти мақтагулик аҳволда эмас. Дунёда ҳар йили тиббиёт соҳасида қанчадан қанча янгиликлар қилиняпти. Лекин бизнинг тиббиётимиз кўп касалларни эса ҳали ҳам ўша эски стандартлар бўйича даволаяпти. (Албатта беш қўл баробар эмас, яхши малакали мутахассисислар ҳам бор). Вилоятларимизда яхши, юқори малакали мутахасисслар етишмайди. Энди ўйлаб кўринг, шунақа пайтда врачларга дорихона очишга рухсат берилса, бор бўлган кучли мутахассисларимиз ҳам пулга қизиқиб дорихона очиб, бизнесга ўтиб кетиб қолса, касалларнинг аҳволи нима бўлади? Уларнинг дардига ким дармон бўлади? Дорихона очган врач қайси ишини ўйлайди: касаллариними ёки шифохонадаги муаммолариними? Ўз устида ишлаб китоб ўқийдими ёки аптекасини ўйлайдими?

Врач... бугун қанча савдо бўлди, қайси дорининг муддати ўтяпти, ўшани сотиш керак, ишчилар кассадан пул олмаяптими, фирмадан қанча қарзим бор, қайси фирмада яхши товар чиқибди каби муаммоларни ўйлаб кунини ўтказса, унда касалларни ким даволайди? Охир-оқибат бу қарорнинг жабрини оддий халқ чекади. Касал бўлса, доктор қидириб тўрт тарафга чопади. Лекин кеч бўлган, яхши мутахассислар дорихона очиб, ўз ишидан йироқлашган бўлади.

Ҳурматли Соғлиқни сақлаш вазирлиги мутасаддилари! Сизлардан илтимосимиз, ўйлаб иш қилинг. Ундан кўра, врачларни ҳимоя қиладиган қарор чиқаринг. Ахир бечора шифокорни ҳамма уриб тепадиган, кўчада ётган маст одам ҳам ҳақоратлайдиган ҳолга келиб қолганмиз-ку. Врачларга қўшимча иш юклаб, тиббиётимизнинг янада орқага кетишига йўл қўйманг!

Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги матбуот хизмати мавзу юзасидан расмий муносабат эълон қилди.

— Ушбу хабар юзасидан ижтимоий тармоқларда Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлигига бир қанча мурожаатлар келиб тушди. Aгентлик матбуот хизмати шуни маълум қиладики, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 24 августдаги «Лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомилларини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-6044-сонли фармонининг 5-иловаси 13-банд 2-қисмида дори воситалари ва тиббий буюмларни чакана реализация қилишда олий тиббий маълумотга эга шахсларга дорихона мудири сифатида фаолият юритиш ҳуқуқини бериш бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳалари Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан 2020 йил 1 ноябрга қадар ишлаб чиқилиши белгиланган.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 2 декабрдаги 328-сон қарорига асосан, тадбиркорлик фаолиятини амалга оширишга таъсир этадиган ишлаб чиқилаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари ва қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тегишли лойиҳа ва қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатни ишлаб чиқувчилар – давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан Ўзбекистон Республикасининг Интерактив давлат хизматлари ягона порталида муҳокама қилиш ва тадбиркорлик фаолиятига таъсирини баҳолаш учун жойлаштирилиши белгилаб қўйилган.

Ҳурматли фуқаролар! Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан юқоридаги вазифалар бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси ишлаб чиқилиб, www.regulation.gov.uz сайтига муҳокама учун жойлаштирилганидан сўнг, белгиланган муддат давомида норматив-ҳуқуқий ҳужжат борасида нафақат ўз таклифларингизни, балки мазкур ҳужжат борасида ўз фикр-мулоҳазаларингизни билдириб, махсус сўровномани тўлдиришингиз ҳам мумкинлигини билдирамиз.

Аброр Зоҳидов тайёрлади.

Top