14:36 / 14.09.2020
9743

Сирдарёда «Нексия-3» ва «Газель» тўқнашуви оқибатида 20 ёшли йигит вафот этди

ЙТҲ юзасидан Сирдарё тумани ИИБ ҳузуридаги ТБ томонидан терговолди суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Жорий йилнинг 14 сентябрь куни соат 09:00ларда Сирдарё вилояти Сирдарё тумани, Камолот МФЙ ҳудудидан ўтган М39 автомобиль йўлининг 874-километрида йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлди.

Ўзбекистон Республикаси ИИВ ЙҲХББ ахборот хизмати хабарига кўра, ҳайдовчи, 2000 йилда туғилган И.Х. хавфсизлик камарини тақмасдан “Нексия-3” русумли автомобилда тезликни меъёридан оширган ҳолда ҳаракатланаётиб бошқарувни йўқотган ва йўлнинг чап томонидаги дарахтга урилиб, қарама-қарши бўлакка ўтиб кетиб, қаршисидан келаётган ҳайдовчи, 1989 йилда туғилган Б.А. бошқарувидаги “Газель” русумли транспорт воситаси билан тўқнашган.

Натижада, “Нексия-3” русумли автомобиль ҳайдовчиси, 20 ёшли И.Х. оғир тан жароҳатлари олиб шифохонада вафот этган.

“Газель” русумли транспорт воситаси йўловчиси, 46 ёшли О.Д. тан жароҳати олиб шифохонага ётқизилган.

Мазкур ЙТҲ юзасидан Сирдарё тумани ИИБ ҳузуридаги ТБ томонидан терговолди суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Маълум қилинишича, “Нексия-3” ва “Газель” русумли транспорт воситалари ҳайдовчиларининг ҳар бири бир йил мобайнида 5 маротаба қоидабузарлик содир этган.

“Барча ҳайдовчилардан тезлик меъёрига амал қилишларини, ўзи ва ўзгалар ҳаётини хавф остига қўймасликларини сўраб қоламиз”, - дейилади хабарда.

Top