11:06 / 15.09.2020
30578

«Бу масала кўпроқ Россия томонига боғлиқ бўлиб турибди» – Транспорт вазирлиги вакили Россияга авиарейслар қачон тикланиши ҳақида

Хорижий авиақатновлар бўйича ҳануз саволлар бисёр. Кўпчилик мунтазам рейслар тикланишини интиқ кутиб турибди. Транспорт вазирлиги матбуот хизмати раҳбари Наврўз Ашурматов билан навбатдаги суҳбатимизда соҳадаги янгиликлар тўғрисида фикр юритдик.

– Айтингчи, хорижга парвозларни тўлиқ тиклаш масаласи айни пайтда қайси босқичда?

– Мамлакатимиздаги эпидемиологик вазият келиб чиққан ҳолда Республика махсус комиссиясининг қарори билан жорий йил 15 августдан бошлаб иқтисодий ва ижтимоий соҳаларнинг барқарор ишлашини таъминлаш, аҳолининг яшаш шароитларини яхшилаш мақсадида карантин чекловлари юмшатилмоқда. Шу муносабат билан айрим фаолият турларини махсус талабларга риоя этган ҳолда қайта тиклашга рухсат этилди. Хусусан, транспорт қатновлари ҳам шулар жумласидандир. Ҳозирги кунда юртимиз бўйлаб жамоат транспорти, шаҳарлараро автобуслар ҳаракати тикланди. Маҳаллий йўналишларда поездлар ва авиақатновларни тиклаш жараёнлари эса давом этмоқда.

Шу билан бирга, бугунги кунда энг долзарб ва кўпчиликни қизиқтираётган масала халқаро қатновларни тиклаш бўйича хорижий мамлакатларнинг тегишли вазирлик ва идоралари билан музокаралар ўтказилиб, қатновларни босқичма-босқич тиклаш бўйича зарур чоралар кўрилмоқда. Жумладан, 2020 йил 24 август куни Туркия авиация маъмуриятлари билан халқаро мунтазам йўловчи авиақатновларини тиклаш бўйича онлайн-музокаралар ўтказилди. Музокаралар якунига кўра, «Uzbekistan Airways» ва «Turkish Airlines» авиакомпанияларига 2020 йил сентябрь ойидан бошлаб паритет тамойили асосида Тошкент–Истанбул–Тошкент йўналишида мунтазам парвозларни қайта тиклаш бўйича келишувга эришилди.

Бирлашган Араб Амирликлари авиация маъмуриятлари билан халқаро мунтазам йўловчи авиақатновларини тиклаш бўйича ўтказилган музокаралар натижаси ўлароқ «Uzbekistan Airways» ва «FlyDubai» авиакомпанияларига 2020 йил сентябрь ойидан бошлаб паритет тамойили асосида Тошкент–Дубай–Тошкент йўналишида мунтазам парвозларни бажариш бўйича келишувга эришилди.

Беларусь авиация маъмурияти билан олиб борилган музокаралар якунига кўра эса «Uzbekistan Airways» ва «Белавиа» авиакомпанияларига сентябрь ойидан бошлаб паритет тамойили асосида Тошкент–Минск–Тошкент йўналишида мунтазам парвозларни бажариш ҳуқуқи берилди.

– Тўғри, маълум давлатларга авиарейслар тикланяпти. Аммо маълумки бу йўналишлар Ўзбекистон учун асосий йўналишлар ҳисобланмайди. Кўпчилик айниқса Россия бўйича янгилик кутмоқда.

– Қозоғистон авиация маъмуриятлари олиб борилган музокаралар якунига кўра «Uzbekistan Airways» ва «Air Astana» авиакомпанияларига сентябрь ойидан бошлаб паритет тамойили асосида Тошкент–Олмаота–Тошкент йўналишида мунтазам парвозларни бажаришни бошлаш бўйича келишувларга эришилди.  

Транспорт вазирлиги Ташқи ишлар вазирлиги билан ҳамкорликда олиб борилган музокаралар натижалари кўра, бугунги кунда Тошкент–Истанбул–Тошкент, Тошкент–Дубай–Тошкент, Тошкент–Минск–Тошкент, Тошкент–Олмаота–Тошкент йўналишларида мунтазам авиақатновларни амалга ошириш жараёни бошланди. Айни дамда бошқа давлатлар билан ҳам мунтазам авиақатновларни қайта йўлга қўйиш масаласида музокаралар олиб борилмоқда.

Кўпчилик Россияга қачон авиарейслар тикланишига қизиқиши табиий. Чунки бу энг тиғиз йўналиш. Аммо бу ерда муаммонинг ечими бизнинг хоҳишимиз ёки қарорларимизга боғлиқ эмас. Бу масала кўпроқ Россия томонига боғлиқ бўлиб турибди. Лекин олдин айтганимиздек музокаралар давом этмоқда ва хайрли якундан умид қилиб турибмиз.

– Чартер рейслар бўйича ҳам саволлар бор. Репатрацион рейслар ва туроператорлар ташкиллаштираётган рейслар ўртасида қандай фарқлар бор?

– Ҳали мунтазам авиақатновлар тикланмаган йўналишларда хориждаги мамлакатимиз фуқароларини ватанга қайтариш мақсадида Республика махсус комиссияси томонидан тасдиқланган парвозлар жадвалига мувофиқ чартер репатриация рейслари ташкил этилмоқда.

Бу амалиёт биринчи навбатда мураккаб вазиятга тушиб қолган ва Ўзбекистонга қайтишга муҳтож фуқароларимизни қайтариш мақсадида тасдиқланган режа асосида амалга оширилади. Туроператорлар ташкиллаштирувчи рейслар тижорий рейслар бўлиб, унда уюштираётган компания амалдаги харажатларидан келиб чиқиб нарх белгилайди. Аммо бундай рейсларда ҳам чипта нархи аниқ кўрсатилиши лозим.

– Сўнгги пайтларда айрим гуруҳлар мунтазам рейслар тикланмаслигидан манфаатдорлиги ҳақидаги гаплар кўпайди. Буни қандай изоҳлайсиз?

– Тўғри, сўнгги вақтларда мавжуд вазиятдан бехабар бўлган айрим ОАВ томонидан мунтазам авиақатновларнинг айрим давлатларга қайта йўлга қўйилгани, бошқа давлатларга, хусусан, Россия Федерациясига эса атайлаб қайта тикланмаётгани, бунинг ортида эса айрим манфаатдор гуруҳлар тургани тўғрисидаги асоссиз хабарлар тарқатилмоқда. Бу эса ўз навбатида ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамаларга сабаб бўляпти.

Бугунги кунда мамлакатимиз фуқаролари энг кўп тўпланиб қолган Россия Федерациясига мунтазам авиақатновларни тиклаш юзасидан мамлакатнинг авиация маъмурияти ва транспорт вазирлиги билан музокаралар олиб борилмоқда. Россия томонига мунтазам йўловчи парвозларини қайта тиклаш бўйича йўналиш маршрутлари ва парвозлар сони тўғрисидаги маълумотлар расмий равишда тақдим этилган. Икки давлат ўртасида мунтазам авиақатновларни тиклаш масаласи ҳозирда мамлакат Оператив штаби томонидан кўриб чиқилмоқда.

Шу билан бирга, ўтказилган мазкур музокаралар давомида Ўзбекистон фуқароларини имкон қадар тезроқ ватанга қайтариш мақсадида Россия Федерациясига амалга оширилаётган чартер репатриация рейслари сонини кўпайтириш бўйича келишувга эришилди. 9 сентябрь кунидан эътиборан Москва–Тошкент йўналишида кунига икки марта, Санкт-Петербург–Тошкент йўналишида эса кунига бир мартадан чартер репатриация рейслари бажарилмоқда.

Шу билан бирга, бугунги кунда Республика махсус комиссиясининг 2020 йил 7 июлдаги 33-сон баёнига мувофиқ, карантин даврини меҳмонхоналарда ўтказиш шарти билан туроператорлар ёки авиакомпанияларнинг мурожаатига асосан Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ва Ўзбекистон Республикасида доимий яшаш жойига эга бўлган фуқаролиги бўлмаган шахсларни олиб келиш бўйича тижорий чартер қатновлари ҳам амалга оширилмоқда.

– Чипталар нархлари бўйича ҳам эътирозлар талайгина. Умуман, энг асосий йўналишлар бўйича чипталарнинг баҳолари ҳақида маълумот бера оласизми?

– Сўнгги вақтларда ижтимоий тармоқларда хориждаги фуқароларни Ўзбекистонга олиб келиш мақсадида ташкил этилаётган чартер репатриация рейслари чипталари жуда қиммат нархларда сотилаётгани юзасидан турли хабарлар тарқалмоқда. Мазкур масала таҳлил қилинганида эса бу каби хабарларни қолдираётган фуқаролар аслида айнан туроператорлар томонидан амалга оширилаётган тижорий чартер қатновларининг чипта нархлари хусусида фикр билдираётгани ойдинлашмоқда.

Шу ўринда Транспорт вазирлиги туроператорлар ва авиакомпаниялар томонидан ташкил этилаётган тижорий чартер қатновларининг Республика махсус комиссияси томонидан тасдиқланган парвозлар жадвалига мувофиқ ташкил этилаётган чартер репатриация рейсларга алоқаси йўқ эканлигини яна бир бор эслатиб ўтади.

Республика махсус комиссияси томонидан тасдиқланган парвозлар жадвалига мувофиқ «Uzbekistan airways» авиакомпанияси томонидан Россия Федерацияси шаҳарларига амалга оширилаётган чартер репатриация рейслари чипта нархлари Москва–Тошкент 396 АҚШ доллари, Екатеринбург–Тошкент 373 АҚШ доллари, Қозон–Тошкент 369 АҚШ доллари, Новосибирск–Тошкент 368 АҚШ доллари, Ростов–Тошкент 368 АҚШ доллари, Самара–Тошкент 381 АҚШ доллари миқдорида бир томонга реализация қилинмоқда. Мазкур чартер репатриация рейслари Россия томонининг талабларидан келиб чиққан ҳолда бир томонга (Россия Федерациясига) йўловчиларсиз бажарилмоқда.

Туроператорлар томонидан бажарилаётган тижорий чартер қатновлари чипта нархлари ҳақиқатдан ҳам чартер репатриация рейсларига нисбатан қиммат. Мазкур тижорий чартер қатновлари чипта нархларининг қимматлиги айнан қайси омиллар билан боғлиқлиги юзасидан бир неча бор маълумот берилган.

Аброр Зоҳидов суҳбатлашди.

Мавзу
Коронавирус Ўзбекистонда
15 март куни Ўзбекистонда коронавирусга чалинган илк бемор аниқланди.
Барчаси
Top