Иқтисодиёт | 20:25 / 15.09.2020
43477
9 дақиқада ўқилади

Ташқи қарз – хатарми ё имконият? Иқтисодчи билан суҳбат

Ўзбекистонда давлат ташқи қарзи рақамларда ўсиб бораётгани хавотирларга сабаб бўлмоқда. Мутахассис вазиятни таҳлил қилиб, ушбу масала бўйича ўз фикрларини билдирди.

Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳузуридаги Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти лойиҳа раҳбари, иқтисод фанлари доктори, профессор Одил Олимжонов Kun.uz билан суҳбатда ташқи қарз тушунчаси, ундаги қоидалар ва хатарлар, шунингдек, ташқи қарзни бошқариш масалаларига тўхталиб ўтди.

—​ Ташқи қарз нима ва уни қандай тушуниш керак?

—​ Сўнгги йилларда юз бераётган очиқлик сиёсати туфайли мамлакатимиз ташқи қарзи ҳақида бугун жуда кўп маълумотлар эълон қилинмоқда ва бу қизғин муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.

Ташқи қарз – бирор-бир мамлакат бошқа мамлакатдан ёки бошқа мамлакатдаги компаниялардан, банклардан, хусусий ташкилотлардан оладиган қарз ҳисобланади. Ташқи қарз икки турга бўлинади: давлат қарзи ва хусусий (корпоратив) қарз. Кўпинча бу иккисининг фарқини тушунмасдан умумий қарз ҳақида гап кетади. Бу нарса бир тарафдан тўғри. Аммо бошқа тарафдан унчалик тўғри эмас. Чунки Ўзбекистоннинг бир компанияси хусусий йўл билан, қайсидир соҳа бўйича, четдан қарз олган бўлса, қарз масъулияти ўша компаниянинг зиммасида бўлади. 

Одил Олимжонов

Ҳукумат кафолати остида ёки давлат олган қарзлар эса давлатнинг ташқи қарзлари ҳисобланади. Булар қўшилиб, яъни давлат қарзи билан хусусий капитал қарзи қўшилиб, умумий ташқи қарз тушунчасини ҳосил қилади.

Умумий ташқи қарз ҳар хил талқин қилиниши мумкин. Масалан, сўнгги йилларда Ўзбекистон ташқи қарзи миқдори ўсаётгани хавотирга соляпти, рақамлар ўзгариб боряпти. Ўтган йили 17-19 миллиард доллар бўлган бўлса, шу йил 25 миллиард доллардан ўтди. Бу умумий қарзимиз. Шундан 17 миллиард 300 миллиони давлат қарзи. Қолгани хусусий капитал қарзи. Аслида, ана шу 17 миллиард 300 миллион ҳақида кўпроқ гаплашишимиз керак. Чунки бу давлатимиз олган ёки кафолат берган қарз. Шу иккаласидан давлат қарзи пайдо бўлади. Бунга давлатимиз, албатта, жавоб беради.

—​ Нима учун Ўзбекистоннинг табиий бойликлари бўла туриб, қарз олиши керак?

—​ Ҳар сафар қарз олиш пайтида Молия вазирлиги узоқ ҳисоб-китоблар қилиб, масалани тарозининг икки палласига солиб кўради. Биз ҳозир бутун дунё ҳаёти ўзгариб кетган мураккаб даврда яшаяпмиз. Дунёда пандемия юз беради-ю, кўплаб мамлакатлар иқтисодиётини тиз чўктириб қўяди, деб ҳеч ким ўйлаган эмасди.

Бу вирус иқтисодиётга салбий таъсир қилди. Ва бу яна қанча давом этишини ҳозир прогноз қилиш ҳам қийин. Чунки ҳолат ҳар куни ўзгариб турибди. Мана шунақа пайтда биз янада оғирроқ ҳолатга тушиб қолмаслик учун 34 миллиардлик захираларимизни ушлаб туришни мақсадга мувофиқ, деб ҳисоблаяпмиз. Чунки бугун захираларнинг барчасини ишлатиб қўйсак, эртага вируснинг оқибатларини юмшатиш чўзилиб кетса, бундан мураккаброқ шароитларда, мураккаброқ фоизларда қарз олишга мажбур бўлардик. Ҳозир 1,5-1,25 ёки 2 атрофидаги фоизларда қарз оляпмиз.

Қайсидир давлатнинг катта миқдорда ишлатилмай турган пули бўлса ҳам, улар ҳеч қачон ўйламасдан, қайсидир давлатнинг илтимоси билан шунчаки бериб юборишмайди. Улар ҳам жуда кўп ўрганишади. Агар биз четдан қарз олаётган бўлсак, улар иккиланмасдан қарз беришаётган бўлса, демак, улар Ўзбекистоннинг иқтисодий аҳволидан хабардор.

—​ Халқаро рейтинг агентликларидан бири S&P эса Ўзбекистон тутган позицияни пасайтириши мумкинлигини маълум қилди. Агентлик нимадан хавотирланяпти?

—​ Тўғри, шу йилнинг апрель ойида улар бизга барқарор рейтингни беришган эди. Пандемия бошлангандан кейин бутун дунё давлатлари қатори биз ҳам мураккаб аҳволга тушганимизда, улар бизни огоҳлантиришган. Мамлакатимизда пандемия оқибатларини юмшатиш бўйича ҳукумат амалга ошираётган чора-тадбирлар, инқирозга қарши курашиш учун 10 триллион сўмлик жамғарма тузганимиз ва инқироз пайтида аҳолини, тадбиркорларни қўллаб-қувватлаганимиз туфайли улар бу огоҳлантиришни кун тартибидан олишди.

—​ Давлат ташқи қарзга мурожаат этганда, гаровга нимадир қўядими?

—​ Давлатлар ўртасида қарз муносабати шаклланаётганда қарз олаётган давлат, албатта, ўзининг хорижий банкларда қўйилган ва шаффоф олтин-валюта захирасига эга бўлади. Бундан ташқари, қарз олувчининг иқтисодий ўсиш даражаси ҳам ҳисобга олинади. Чунки иқтисодий ўсиш даражаси мавжуд бўлган давлат қарзини қайтара олиш имкониятига эга бўлади. Шу нуқтайи назардан қараганда, мамлакатимиз 2020 йилнинг 1-чорагида ҳам, 1-ярим йиллигида ҳам иқтисодиёти ўсиши минусга тушмаган дунёдаги камдан кам давлатлар қаторида турибди. Баъзи давлатларда ортга қайтиш бошланган. Бизда бу ҳодиса рўй бергани йўқ. Жаҳон банки ва Халқаро валюта жамғармаси ҳам Ўзбекистон иқтисодиёти 2020 йилда ижобий натижа билан якунланишини қўрқмай прогноз қилишяпти.

—​ Интернет фойдаланувчилари орасида Хитой ва Тожикистон қарз муносабатлари оқибатида расмий Душанбе ерининг бир қисмини Хитойга узоқ муддатли ижарага бергани кенг муҳокама этилди. Бу бўйича қандай фикрдасиз?

—​ Қарз олаётган давлат қарз бераётган давлат ёки компаниялар гуруҳидан катта миқдорда қарз олиб, уларга боғланиб қолиши керак эмас. Тожикистон ҳукумати бу қоидага амал қилмади. Улар олаётган қарзнинг катта миқдори Хитой ҳиссасига тўғри келади. Ва уларнинг валюта-олтин захираси қарзни қоплашга етмагани сабабли ерни олиб қўйиш эмас, узоқроқ муддатга ижарага беришга мажбур бўлган, деган маълумотлар бор. Аммо бу расмий маълумот эмас. Биз эса Хитойнинг икки банкидан қарз олганмиз. Бу ҳам бўлса, барча қарзларимизнинг 14-15 фоизини ташкил қилади.

Бизга қарз бераётган энг катта ташкилот - Осиё Тараққиёт банки. Бу банкдан олган ташқи қарзимиз 3,9 миллиардга тўғри келади. Умуман олиб қараганда, Ўзбекистон кўпроқ молиявий институтлардан қарз олади.

Ўзбекистоннинг ташқи қарзи миқдори олдинги йилларда олинган қарзларга нисбатан ўсяпти. Лекин бошқа давлатлар билан солиштириб қарайдиган бўлсак, қарзни ялпи ички маҳсулотга нисбатан ҳисобласак, ошиб борса 40 фоизга тўғри келади. Бу ҳамма қарзимиз. Агар давлат ташқи қарзи ҳақида гап кетса, 1 июль ҳолатига кўра, ЯИМга нисбатан 30,3 фоизни ташкил этди. Бу катта эмас. Баъзи бир давлатларнинг ташқи қарзи ЯИМдан бир неча баробар юқорироқ. Бизники эса, ҳали ЯИМнинг ярмига ҳам етмайди. Бу катта сумма эмас. Агар жон бошига ҳисобласак ҳам давлат ташқи қарзи 509 доллардан тўғри келяпти. Ҳаммасини ҳисоблайдиган бўлсак, 730 доллар.

Олдингига нисбатан ўсиш кўпчиликни хавотирга солаётган бўлиши мумкин. Лекин бу табиий жараён. Агар шу йил коронавирус бўлмаган тақдирда ҳам биз 2016 йилда бошланган янги иқтисодий сиёсатни давом эттириш учун ташқи қарз жалб қилган бўлар эдик. Уй-жой қурилиш соҳасида ҳам, нефть-газ соҳасида ҳам, энергетика соҳасида ҳам миллиард-миллиард долларлик қурилишлар кетяпти. 

Биргина энергетика соҳасини олайлик. Бу соҳадаги иншоотларнинг кўпчилиги 60-70 йилларда қурилган. Ва бугун уларда фойдали иш коэффициенти жуда ҳам паст. Буларни модернизация қилиш ва янгиларини қуриш жуда катта миқдорда маблағ талаб қиляпти. Бу маблағларнинг катта қисми хорижий кредитлар эвазига бўляпти. Агар биз ривожланишни хоҳласак, бизга албатта катта миқдорда маблағ керак.

Алишер Рўзиохунов суҳбатлашди.
Тасвирчи ва монтаж устаси – Нуриддин Нурсаидов.

Мавзуга оид