20:00 / 18.09.2020
7059
Реклама

Рақамли таълимни жорий қилишга оид лойиҳа Тошкент шаҳрининг мактабларида тақдим этилди

2020 йилнинг 16 сентябрь куни Тошкент шаҳрининг Юнусобод туманида жойлашган 250-сонли умумтаълим мактабида ва Олмазор туманида жойлашган 133-сонли умумтаълим мактабида рақамли таълимни жорий қилишга оид бошланғич лойиҳа тақдим этилиб, у Халқ таълими вазирлиги ва Ўзбекистон Республикаси Aхборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги кўмагида Huawei компанияси ва Uztelecom миллий оператори ҳамкорлигида амалга оширилди. Мазкур синов лойиҳаси ушбу икки мактабда жорий қилиниш билан бир қаторда, Муҳаммад Aл-Ҳоразмий номидаги AКТ фанларига ихтисослашган махсус мактабда ҳам тадбиқ этилди.

Мазкур бошланғич лойиҳа Халқ таълими вазирлиги ва Huawei компанияси ўртасида ўтган йили тузилган “Халқ таълими соҳасига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий қилиш тўғрисида”ги Меморандум доирасида амалга оширилди. Лойиҳа доирасида иккита мактабда унга ажратилган ўқув хоналарига Wi-Fi тармоғи ўрнатилди, масофавий таълим ва реал вақтда машғулотлар ўтказиш учун видеоконференс алоқа тизимлари йўлга қўйилди, ахборот технологияларини ўрганишга хизмат қиладиган аудиториялар планшетлар, булутли хотира учун зарур сервер ускунаси билан жиҳозланди, шунингдек, Uztelecom миллий оператори билан ҳамкорликда ахборот узатиш тармоғига оид инфратузилма яратилди. Ҳар бир мактабда бештадан ўқув хонаси тўлиқ таъмирдан чиқарилди.

“Давлатимиз раҳбари томонидан жорий йил “Илм-маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили” деб номлагани ҳам бежизга эмас. Зеро, муҳтарам юртбошимиз 2020 йилнинг номида рақамли иқтисод атамаси борлиги ва бу борада кенг оммага, мактаб болаларига тушунчалар бериш учун педагогларга тинмай мурожаат қилмоқдалар. Халқ таълими соҳасида ҳам рақамли тизимни ривожлантиришда бир қанча ишлар амалга ошириб келинмоқда”, деб таъкидлади Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирининг ўринбосари Рустам Каримжонов.

“Ўтган йили Ўзбекистон Республикаси Президентининг Huawei бош қароргоҳига қилган ташрифи давомида давлат раҳбари ахборот технологиялари йўналишида кадрлар тайёрлаш соҳасидаги ҳамкорликнинг зарурлигини алоҳида таъкидлаб ўтди, бинобарин, бу омил мамлакатдаги рақамли иқтисодиётни ривожлантираишда пойдевор ҳисобланади. Ўқув жараёнида юқори технологиялардан фойдаланиш мамлакат кадрлар захирасини тайёрлашда муҳим рол ўйнайди. Мазкур муассасаларда йўлга қўйилган бошланғич лойиҳалар Ўзбекистондаги бошқа мактабларни ҳам келгусида рақамлаштириш учун зарур бўлган имкониятларни ўзида акс эттиради. Биз ушбу йўналишда ҳамкорликни давом эттиришдан фақат мамнун бўламиз”, - деди Даврон Aзизов, Huawei компаниясининг корпоратив алоқалар департаменти раҳбари.

Сўнгги ойлар мобайнида пандемия шароитида рақамли технологиялардан фойдаланишнинг аҳамияти ҳар қачонгидан-да ортди. Таълим ва тиббиёт сингари ижтимоий соҳаларнинг рақамлаштирилиши, биринча галда, аҳолига хизмат кўрсатиш самарадорлигини оширишда ўзининг ижобий жиҳатларини намоён қилмоқда. Технологиялар педагогика ва тиббиёт ходимларининг елкасига тушадиган юкни енгиллаштириш, шу билан бирга, ахборот алмашиш жараёнининг сифатини ошириш ва уни тезлаштиришга хизмат қилиши лозимдир. Aйни шу сабаб туфайли мактаб партасиданоқ ёш авлодда рақамли кўникмаларни ҳосил қилиш ва уни юқори технологиялар оламига уйғунлаштириш жуда муҳимдир.

Реклама ҳуқуқи асосида

Top