18:28 / 19.09.2020
5915

Илон Маскнинг бойлиги бир ҳафта ичида 13 миллиард долларга ўсди 

Tesla раҳбари Илон Маскнинг бойлиги бир ҳафта ичида 13 миллиард долларга ўсди. Ҳозирда унга Цукербергни ортда қолдириб, дунёдаги энг бадавлат тўртинчи тадбиркор бўлиш учун атиги ярим миллиард доллар етишмаяпти.

Илон Маскнинг бойлиги бир ҳафта ичида 13 миллиард долларга ошди - бу ўтган ҳафтанинг шу даврига нисбатан жума куни биржадаги савдолар ёпилгандан кейинги натижа. Ўзгаришлар АҚШнинг Forbes нашри томонидан ҳисоблаб чиқилди.

Маскнинг капитали унинг раҳбарлигидаги электр автомобиллар ишлаб чиқарувчи Tesla акциялари нархининг кўтарилиши туфайли ортди. Компания акциялари сармоядорлар 22 сентябрь куни Tesla томонидан Battery Day («Аккумуляторлар куни») деб номланган тадбирни кутаётгани сабабли ўсмоқда. Тадбирда Tesla ўзининг энг замонавий ишланмалари ва технологияларини намойиш қилиши кутилмоқда. Маск ушбу тадбирга қизиқишни кучайтирди: хусусан, 11 сентябрь куни у Twitter’да 22 сентябрда «жуда ҳаяжонли нарсалар» тақдим этилиши ҳақида ёзди. 

Morgan Stanley таҳлилчиси Адам Жонаснинг таъкидлашича, «миллион миллик батареялар» каби инновациялар ёки аккумуляторлар ишлаб чиқариш ҳажмининг кескин ўсиши Tesla учун катта ўзгаришларни келтириб чиқариши мумкин. Wedbush таҳлилчиси Дэниел Айвснинг тахминича, Tesla ишлаб чиқариш харажатларини киловатт-соатига 100 доллардан пастроқ кўрсаткичга тушириши, шу сабабдан яна кўпроқ фойдага эга бўлиши мумкин. Бундан ташқари, Айвс Хитойда автоуловларнинг яхши сотувига эътибор қаратди ва ушбу бозор 2022 йил бошига қадар Tesla савдоларида 40 фоизга етиши мумкин деб тахмин қилди, деб ёзади Forbes USA. 

Ҳафта натижаларига кўра, Маскнинг бойлиги 92,4 миллиард долларга етди, дейилади реал вақтда режимида янгиланувчи Forbes Real-Time рейтинги. Маск рўйхатда бешинчи ўринни эгаллаб турибди, аммо тўртинчи поғонага атиги 0,5 миллиард доллар етмаяпти - Facebook раҳбари Марк Цукерберг 92,9 миллиард долларга эга. Иккаласининг ҳам бойлиги 100 миллиард доллардан ошганди, аммо сўнгги ҳафталарда улар яна ушбу кўрсаткичдан пастга тушди. 

Oracle асосчиларидан бири Ларри Эллисоннинг бойлиги ҳафта охирида 4 миллиард долларга кўпайган. Ҳозирда Oracle АҚШда TikTok видеосервис бизнеси учун асосий даъвогар ҳисобланади. TikTok Хитойнинг ByteDance компаниясига тегишли бўлиб, АҚШ президенти Дональд Трамп маъмурияти буни америкаликларнинг шахсий маълумотларига таҳдид сифатида кўриб, маълумотлар Хитой давлат органларига тақдим этилишидан хавфсирамоқда.

Япониянинг SoftBank инвестиция компанияси раҳбари Масаёши Соннинг капитали 3,4 миллиард долларга ўсди. У 13 сентябрь куни Британиянинг процессор ишлаб чиқарувчи Arm компаниясини Американинг Nvidia компаниясига 40 миллиард долларга сотишини эълон қилди. 

Умуман олганда, бир ҳафта ичида капитал ўсиши энг юқори кўрсаткичга эга бўлган ўн нафар миллиардер орасида уч америкалик, тўрт хитойлик, шунингдек, Испания (Zara асосчиларидан бири, +3,4 млрд доллар), Япония ва Сингапурдан бир нафардан вакил бор. 

Top