12:02 / 29.09.2020
53852

Тошкентда 16 ёшли қиз содир этган ЙТҲда 14 ёшли бола вафот этди

ЙТҲ юзасидан Жиноят кодексининг 266-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Жорий йилнинг 27 сентябрь куни соат 20:00ларда Тошкент шаҳар Учтепа тумани 35-уй қаршисида, 2004 йилда туғилган, ҳайдовчилик гувоҳномасига эга бўлмаган Ш.Н. “Спарк” русумли автомобилни бошқараётган бўлган.

Ўзбекистон Республикаси ИИВ ЙҲХББ ахборот хизмати хабарига кўра, у ўзидан олдинда ҳаракатланиб кетаётган ҳайдовчи, 1982 йилда туғилган И.А. бошқарувидаги “Нексия” русумли автомобилни қувиб ўтаётган вақтида ушбу автомашина билан тўқнашиб, бошқарувни йўқотган ва қарама-қарши бўлакка ўтиб кетиб, қаршисидан келаётган ҳайдовчи, 1974 йилда туғилган А.М. бошқарувидаги “Ласетти” русумли автомобиль билан тўқнашган.

Натижада, “Спарк” русумли автомобиль йўловчиси, 14 ёшли А.Н. шифохонага олиб кетилаётганда йўлда вафот этган. Ушбу автомобиль ҳайдовчиси, 16 ёшли Ш.Н. ва “Ласетти” русумли автомобиль ҳайдовчиси, 46 ёшли А.М. тан жароҳати олиб шифохонага ётқизилган.

Мазкур ЙТҲ юзасидан Тошкент шаҳар ИИББ ҳузуридаги ТБ томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 266-моддаси 2-қисми (одам ўлимига олиб келган транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

“Барча ҳайдовчилардан белгиланган қоидаларга амал қилишларини, ота-оналар ҳайдовчилик гувоҳномасига эга бўлмаган фарзандларининг автомобиль бошқаришига рухсат бермасликларини сўраб қоламиз”, - дейилади маълумотда.

Top