11:57 / 05.10.2020
6148

Сергелида ижарага олган ерини 37,5 минг долларга сотиб юбормоқчи бўлган шахс ушланди

Бош прокуратуранинг иқтисодий жиноятларга қарши кураш департаменти Kun.uz’га Тошкент шаҳри, Сирдарё, Сурхондарё ва Навоий вилоятларида ер сотиш ва ўқишга жойлаштириш билан боғлиқ фирибгарлик ҳолатлари ҳақида маълумот берди.

Тошкент шаҳрининг Сергели туманида ижара ҳуқуқи асосида берилган ер майдонини 37 500 АҚШ долларига сотмоқчи бўлган МЧЖ раҳбари ушланди.

Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Сергели тумани бўлими томонидан ўтказилган тезкор тадбирда «G.C.» МЧЖ раҳбари А.У. жамиятга қурилиш материаллари ишлаб чиқарувчи объект қуриш, 1,5 млрд сўм инвестиция киритиш ва янги иш ўринларини яратиш каби шартлар билан ижара ҳуқуқи асосида берилган 11 сотих ер майдонида ҳеч қандай қурилиш ишларини амалга оширмасдан, ноқонуний йўл билан даромад орттиришни кўзлаб, «E.D.» МЧЖ раҳбари С.У. ва фуқаро Д.Н.нинг ишончига кириб, уларга ушбу ер майдонига тўлақонли эгалик қилишини айтиб 37 минг 500 долларига сотган вақтида ашёвий далил билан ушланган.

Мазкур ҳолат юзасидан А.У. ва бошқаларга нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Сирдарёда фермер хўжалигига тегишли бўлган ерни сотмоқчи бўлган фирибгар ушланди
Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент ва ДХХнинг Сирдарё вилоят бошқармалари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда фуқаро Н.И. томонидан «N.A.M.» фермер хўжалигига тегишли бўлган анорчилик учун мўлжалланган

2,5 гектар ер майдонини сотиш ва юқори лавозимда ишловчи танишлари орқали унинг номига ҳужжатларни расмийлаштириб бериш эвазига 66 млн сўмни фирибгарлик йўли билан олган вақтида ашёвий далил билан ушланган.

Мазкур ҳолат юзасидан Н.И.га нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 1-қисми ва 28, 211-моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Сурхондарё вилоятида ер майдонини турар жой сифатида расмийлаштириб бермоқчи бўлган кадастр ходими ушланди
Бош прокуратура ҳузуридаги департамент ва ДХХнинг Сурхондарё вилоят бошқармалари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда Сурхондарё вилоят ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри давлат корхонаси Жарқўрғон тумани филиали мутахассиси Э.И. фуқаро Г.Х.га тегишли бўлган 12 сотих ер майдонини турар жой сифатида кадастр ҳужжатларини расмийлаштириб бериш эвазига 4 млн сўмни фирибгарлик йўли билан олган вақтида ашёвий далил билан ушланган.

Мазкур ҳолат юзасидан фуқаро Н.И.га нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Навоий вилоятида ўқишга киритишга бўлган яна бир уриниш фош этилди
Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент ва ДХХнинг Навоий вилоят бошқармалари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда, фуқаролар И.К. ва О.Х. ўзаро тил бириктириб, фирибгарлик йўли билан даромад орттириш мақсадида фуқаролар Д.М. ва О.У. нинг ишончига кириб, уларни Тошкент Давлат аграр университетига шартнома асосида ўқишга киритиб қўйиш эвазига

4 000 АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далил билан ушланган.

Мазкур ҳолат юзасидан И.К. ва О.Х.га нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 2-қисми «а,б» бандлари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Top