17:03 / 06.10.2020
19835

Қора туйнукни илмий ўрганган уч нафар олим физика бўйича Нобел мукофотига сазовор бўлди

Рожер Пенроуз, Райнҳард Генцел ва Андреа Гез мукофотга сазовор бўлишди.

Англиялик физик Рожер Пенроуз, германиялик астрофизик Райнҳард Генцел ва америкалик астроном Андреа Гез 2020 йилда физика бўйича Нобел мукофотига сазовор бўлишди. Пенроуз ушбу мукофотга қора туйнукларнинг пайдо бўлиши умумий нисбийлик назариясининг ишончли башорати эканлиги, Генцел ва Гез эса Сомон йўли марказида супермассив ихчам объект топилганлиги учун сазовор бўлди, деди Нобел қўмитаси расмий вакили. Маросим Нобел фондининг Youtube каналида намойиш этилди

Умумий нисбийлик назариясига кўра, қора туйнуклар - улкан тортишиш кучига эга космик объектлар бўлиб, улар ҳақиқатдан мавжуддир. Бироқ, ҳатто ушбу назариянинг яратувчиси - Алберт Эйнштейн ҳам бунга ишонмаган. 1965 йилда бўлажак нобелиат Рожер Пенроуз қора туйнуклар ҳақиқатан ҳам мавжудлигини исботлади ва уларнинг тузилишини батафсил баён қилди. 

Андреа Гез

Бошқа икки совриндор - Андреа Гез ва Райнҳард Генцелнинг илмий ютуқлари Галактика марказида жойлашган супермассив объект билан боғлиқ - астрономлар уни Қавс А* деб аташади. Ушбу объект қора туйнук бўлиб, у Қуёшдан 4 миллион мартадан кўпроқ оғирроқ, қизиб турган газ булути билан ўралган. 

Рожер Пенроуз

Оптик телескоплар учун Қавс А* кўринмасдир, олимлар унинг мавжудлиги ҳақида жуда «ёрқин» радионурланиш орқали билиб олди, кейин эса бошқа спектрларда нурланишни аниқлаш орқали унинг мавжудлигини тасдиқлади. Гез ва Генцел бошчилигидаги илмий гуруҳлар ушбу объектни газ булутлари орқали қандай кўриш мумкинлигини аниқлай олди.

«Бу йилги лауреатларнинг кашфиётлари ихчам ва ўта массив объектларни ўрганишда янги истиқболларни очди. Шу билан бирга, улар ҳали ҳам кўплаб саволларни келтириб чиқаради ва келажакдаги тадқиқотларга туртки беради. Бу саволлар нафақат уларнинг ички тузилиши, балки қора туйнук яқинидаги ўта оғир шароитларда тортишиш назариясини қандай синаб кўриш кераклиги билан боғлиқ», - дея изоҳ берди Нобел қўмитаси раҳбари Дэвид Ҳэвиланд. 

2020 йилда тақдирлаш маросими бўлмайди: медаллар ва дипломлар совриндорларга ё Швециянинг турли мамлакатлардаги элчихоналари ходимлари томонидан ёки аввалги мукофотлар эгалари томонидан топширилади. Бундан ташқари, совриндорларга 10 миллион крона (435 965 минг доллар) миқдорида пул тўланади. 

Ўтган йили канадалик космолог Жеймс Пиблз «физик космологиядаги назарий кашфиётлар учун», астрофизик Мишел Майор ва астроном Дидье Кело «қуёшга ўхшаш юлдуз атрофида айланиб юрган экзосайёралар кашф қилгани учун» мукофотга сазовор бўлганди. 

Top