Рузвелтдан Горбачёвгача – Тинчлик бўйича Нобел мукофотини кимлар олган?
1901-2023 йиллар оралиғида Тинчлик бўйича Нобел мукофотига 111 нафар шахс сазовор бўлган. Улар сафида президентлардан тортиб қамоқда сақланаётган инсон ҳуқуқлари фаолларигача бор. Мукофотга лойиқ кўрилганларнинг ҳаммасини тинчликка ҳисса қўшган деб бўлмайди: Нобел тарихида уруш ва қатлиом уюштирган лауреатлар ҳам йўқ эмас. Ана шундай икки ҳолат охирги ўн йилликда содир бўлган.
Президентлардан болапарвар ўсмиргача
Тинчлик учун Нобел мукофоти биринчи марта 1901 йилда берилган. Унинг лауреатлари Халқаро Қизил Хоч қўмитаси асосчиси, швейцариялик тадбиркор ва жамоат арбоби Анри Дюнан ҳамда «Тинчлик ва эркинлик лигаси» пацифистик ташкилоти асосчиси, француз сиёсатчиси Фредерик Пасси бўлган.
Ўтган 122 йил давомида Тинчлик бўйича Нобел мукофотига 111 нафар шахс сазовор бўлган. Уларнинг 19 нафари аёллар.
Тинчлик бўйича Нобел мукофоти биринчи ва иккинчи жаҳон уруши йилларида, шунингдек, бошқа йилларда турли сабаблар туфайли 19 марта топширилмаган.
Мукофотга энг кўп – 21 марта АҚШ, 10 марта Буюк Британия ҳамда 9 марта Франция фуқаролари лойиқ кўрилган. Уни энг кичик ёшда (17 ёшда) қўлга киритган лауреат покистонлик Малала Юсуфзай ҳисобланади. У болалар ва ёшларнинг зулмига қарши курашгани учун мукофотга муносиб топилган.
Тинчлик бўйича Нобел мукофотини қўлга киритганлар орасида президентлар ҳам бор. Жумладан, 1906 йилда мукофот Япония ва Россия ўртасида бошланган урушни тугатишдаги роли учун ўша пайти АҚШ президенти бўлган Теодор Рузвелтга топширилган. 1990 йилда эса Шарқ ва Ғарб ўртасидаги муносабатларнинг туб ўзгаришидаги роли учун мукофотга СССРнинг биринчи ва охирги президенти Михаил Горбачёв лойиқ кўрилган. Бундан ташқари, 2009 йил ўша вақтдаги АҚШ президенти Барак Обама ҳам Тинчлик бўйича Нобел мукофотини қўлга киритган. Унга мукофот халқаро дипломатия ва халқлар ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш борасидаги саъй-ҳаракатлари учун берилган.
Нобел мукофоти лауреати бошлаган уруш
2019 йилда Тинчлик бўйича Нобел мукофоти «тинчлик ва халқаро ҳамкорликка эришиш бўйича саъй-ҳаракатлари, хусусан, Эритрея билан чегарадаги низони бартараф қилишда кўрсатган қатъий ташаббуси» учун Эфиопия бош вазири Абий Аҳмад Алига топширилган. Аммо 2020 йилнинг ноябр ойида айнан у бошлаган уруш – Эфиопия федерал қўшинларининг Тиграй халқ озодлик фронти кучларига ҳужум қилиши оқибатида юзлаб кишилар ҳалок бўлган.
Маълумотларга кўра, ўшанда маҳаллий тиграй халқининг 500 га яқин ҳарбийлари тўқнашув қурбонларига айланган ҳамда Эфиопия армияси ҳам юзлаб аскарларидан айрилган.
Икки ўртадаги низо ҳарбий тўқнашувга айланган ва Эфиопия бош вазири Абий Аҳмад Али уруш эълон қилган.
Тиграй халқ озодлик фронти узоқ йиллар давомида исёнчилар ҳаракати сифатида фаолият юритган, кейинроқ сиёсий партияга айланган. 2020 йил сентябрда Тиграй маъмурияти марказий ҳукумат рухсатисиз маҳаллий сайловлар ўтказган.
“Қаҳрамон” ўтказган қатлиом
Яқин ўтмишда Мянма воқеалари дунё ҳамжамиятининг эътиборини ўзига тортганди. Мянма воқеалари роҳинжаларнинг ўлдирилиши ва қувилиши билан боғлиқ. Ушбу ишларда эса Мянма давлат маслаҳатчиси Аун Сан Су Чжининг қўли борлиги айтилади.
Аун Сан Су Чжи бундан анча олдин қаҳрамон аёл сифатида дунё эътиборига тушганди. 1991 йилда унга “демократия ва инсон ҳуқуқлари учун зўравонликсиз кураши” сабаб Тинчлик бўйича Нобел мукофоти берилган. Аммо “роҳинжалар иши” унинг халқаро майдондаги обрўсини тушириб юборди.
2010 йиллар ўрталарида Мянмада роҳинжалар ва араканлар (ислом ва буддизмга эътиқод қилувчи этник гуруҳлар) ўртасида тўқнашувлар кучайди. 2016 йилдан Мянма армияси уларнинг низоларига очиқчасига аралаша бошлади.
Мянма ҳукуматининг ҳаракатлари Ғарбнинг кескин танқидларига сабаб бўлди. 2017 йил мартда роҳинжалар билан боғлиқ вазиятни ўрганиш учун комиссия тузишга қарор қилинди, аммо Мянма халқаро инспекторларни мамлакатга киритишдан бош тортди.
2018 йилнинг 25 августида БМТ Мянма ҳарбийлари қатлиом мақсадида мусулмон роҳинжа халқини оммавий равишда қиргани ва зўрлаганини маълум қилди. Ҳужжатда қайд этилишича, давлат маслаҳатчиси Аун Сан Су Чжи бошчилигидаги фуқаролик ҳукумати камсонли халққа нисбатан нафрат тарғибот қилинишига рухсат берган, ҳужжатларни йўқ қилган ва роҳинжаларни ҳарбийларнинг уларга қарши жиноятларидан ҳимоя қилмаган. Ҳукумат шу тарзда ёвузликларга ўз ҳиссасини қўшган.
Бу воқеалар Аун Сан Су Чжига бўлган муносабатни кескин ўзгартирди. Танқидчилар у инсон ҳуқуқлари учун курашувчи шахс сифатидаги обрўси ва нуфузини йўқотганини қайд этишди.
2018 йилнинг 3 октябр куни Аун Сан Су Чжи Мянмада роҳинжаларнинг қатлиом қилинишига бефарқ бўлгани учун Канаданинг фахрий фуқароси унвонидан маҳрум этилди – бу унвон унга 2007 йилда берилганди.
Мянма етакчисини тинчлик бўйича Нобел мукофотидан ҳам маҳрум қилиш таклиф этилганди, аммо Нобел қўмитаси бундай қилинмаслигини билдирди. Нобел жамғармаси ижрочи директори Ларс Хайкенстен Аун Сан Су Чжи Мянмада содир бўлган воқеаларда қисман айбдор эканини ва бу «ўта қайғули» ҳолатлигини билдирди, аммо ундан мукофотни олиб қўйишдан маъно кўрмаётганини айтди.
Маҳкум лауреатлар
Тинчлик бўйича Нобел мукофоти тарихида 5 нафар лауреат мукофот эълон қилинган пайтда ҳибсда бўлган. Улардан бири юқорида исми келтирилган Аун Сан Су Чжи ҳисобланади. У мукофотни қўлга киритганида уй қамоғида эди.
Карл фон Осецкий – немис журналисти. 1935 йилда Тинчлик бўйича Нобел мукофоти Осецкийга берилади. Бироқ у ўша пайтда ҳибсда сақланаётганди.
“Die Weltbühne” журналининг бош муҳаррири сифатида ишлаган Осецкий 1931 йилда давлатга хиёнат ва жосусликда айбдор деб топилиб, қамоқ жазосига ҳукм қилинган, аммо 1932 йил декабрда авф этилган.
Нацистлар ҳокимият тепасига келганидан кейин Осецкий уларни фаол танқид қила бошлайди. 1933 йилда Рейхстагдаги ёнғиндан кейин у яна ҳибсга олинади. Турли қийноқлардан сўнг Осецкий 1938 йилда Берлин касалхонасида сил касаллигидан вафот этган.
Лю Сяобо – хитой ёзувчиси, инсон ҳуқуқлари фаоли, файласуф. Лю Сяобо инсон ҳуқуқлари учун узоқ ва зўравонликсиз кураши учун 2010 йилда Тинчлик бўйича Нобел мукофотига лойиқ кўрилган.
Хитойда коммунистик бир партиявий бошқарувни тугатиш кампанияларида қатнашган Лю Сяобо кўп марта ҳибсга олинган.
2009 йилда Лю Сяобо давлат тўнтаришига уриниш айблови билан навбатдаги бор қамоқда ташланади. 2017 йил июн ойида у жигар саратони туфайли озодликка чиқарилди. Аммо орадан кўп ўтмай – 2017 йил 13 июл куни Лю Сяобо 62 ёшида ҳаётдан кўз юмди.
Алес Беляцкий – беларуслик ҳуқуқбон. У кўп йиллар мобайнида Лукашенко режимига қарши курашган, сиёсий маҳбуслар ҳуқуқларини ҳимоя қилиб келган.
2022 йил Тинчлик бўйича Нобел мукофотига Россиянинг «Мемориал» ҳуқуқни ҳимоя қилувчи ташкилоти, Украинанинг «Фуқаролар эркинлиги маркази», шунингдек беларуслик ҳуқуқ ҳимоячиси, «Весна» ҳуқуқни ҳимоя қилиш маркази раиси Алес Беляцкий лойиқ кўрилган.
Беляцкий 2011 йил август ойида илк бор ҳибсга олинган ва 2014 йилнинг июнида амнистия туфайли озодликка чиқди.
2021 йилнинг 14 июлида уни ва яна ўнлаб ҳуқуқ ҳимоячиларини яна ҳибсга олишди. Беларус давлат айбловчиси Алес Беляцкийга «Весна» иши бўйича 12 йил қамоқ жазоси сўради. Шу тариқа Беляцкий Минск суди томонидан 10 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинди.
Наргис Муҳаммадий – эронлик ҳуқуқ ҳимоячиси.
Аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилган ва мамлакат ҳукумати томонидан қамалган эронлик ҳуқуқ фаоли Наргис Муҳаммадий 2023 йил учун тинчлик бўйича Нобел мукофотини қўлга киритди. Наргис Муҳаммадий 2016 йилнинг май ойида Теҳронда “ўлим жазосини бекор қилиш тарафдори бўлган инсон ҳуқуқлари ҳаракати”ни ташкил этгани ва унга раҳбарлик қилгани учун 16 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган.
Мавзуга оид
18:10 / 16.10.2024
Демократиянинг иқтисодий қийматини очган трио. Иқтисодиёт бўйича Нобел кимларга берилди?
19:03 / 15.10.2024
“Рақобат сиёсати керак” – Нобел мукофоти лауреати Ўзбекистон иқтисодиёти ҳақида
16:05 / 11.10.2024
Тинчлик учун Нобел мукофоти Ҳиросима ва Нагасакидаги атом бомбасидан омон қoлганларни бирлаштирган ташкилотга берилди
20:17 / 10.10.2024