13:00 / 08.10.2020
9127

Дубляж актёри, профессор Арсен Исмоилов оламдан ўтди

Профессор, дубляж актёри, республикадаги кўплаб таниқли актёр ва актрисалар устози Арсен Исмоилов 83 ёшида оламдан ўтди. Бу ҳақда Маданият вазирлиги хабар берди.

Арсен Исмоилов Ўзбекистонда Саҳна ҳаракати ва жанги фани асосчиси, шунингдек, Саҳна ҳаракати ва жисмоний маданият кафедраси асосчисидир. У 60 йилдан ортиқ вақт давомида Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтида фаолият олиб борди, бу даврда Марказий Осиёдаги барча республикаларда кўплаб шогирдлар етказди.

Арсен Исмоилов Ўзбекистон театр ва кино санъати ривожи айниқса, жаҳон классик асарларини саҳналаштиришда қиличбозлик, саҳна ҳаракати, пластика каби предметларни фан даражасига олиб чиқишда улкан ҳисса қўшди.

У постановкачи режиссёр сифатида 10га яқин спектаклларни Ўзбекистон, Қорақалпоғистон, Қирғизистон театрларида саҳналаштирди. Бундан ташқари, 100дан ортиқ драматик постановкаларда қатнашган, “Ўзбекфильм” киностудиясида бугунги кунга қадар мингдан ортиқ ролларга овоз берган ва ўзи ҳам ижро этган.

Арсен Исмоилов “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими”, ” Қорақалпоғистонда хизмат кўрсатган артист” фахрий        унвонлари билан тақдирланди.

Top