Ўзбекистон | 08:40 / 08.10.2020
11368
3 дақиқада ўқилади

Коррупция ҳолатларига қарши курашда оғирроқ жазо чораларини қўллаш таклиф қилинди 

Коррупция ҳолатларига қарши курашишда оғирроқ жазо чораларини қўллаш таклиф қилинди. Тегишли петиция “Менинг фикрим” жамоавий мурожаатлар порталида жойлаштирилди.

“Бугунги кунда муҳтарам президентимиз Шавкат Мирзиёев бошчилигида юртимизда коррупцияга қарши курашиш мақсадида кўплаб ишлар амалга оширилмоқда. Бу борадаги ишларнинг самарадорлигини янада ошириш мақсадида коррупцион ҳолатларга буткул барҳам бериш чораларини кўриш лозим. 

Ҳаммамизга маълумки, инсонлар қамоқ ёки катта миқдордаги жарима хавфи бўлгандагина тутган нотўғри йўлидан қайтишади. Бу борада, Сингапур давлатида олиб борилган ишлардан ўрнак олса, арзийди. 

Шу сабабли, коррупцион ҳолатларга қарши катта миқдордаги жарима ёки узоқ муддатли озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлашни, яъни бу борадаги қонунчиликдаги амалдаги санкцияларни янада оғирлаштиришни таклиф этаман”, - деб ёзади мурожаат муаллифи. 

Мисол тариқасида келтирилишича, амалдор 10 миллион сўм пора олаётганда қўлга тушди, унга жазо белгилаш чоғида олинаётган пора миқдори, унинг ойлик иш ҳақи миқдори ва амалдаги базавий ҳисоблаш миқдорини ҳисобга олиш лозим. 

Коррупция жиноятини содир этган шахсларга нисбатан жарима миқдорини тайинлашда адолат тамойилларидан келиб чиқиб, олинаётган пора миқдорининг 20 бараваридан кам бўлмаган миқдорда жарима ёки узоқ муддатли озодликдан маҳрум этиш жазосини тайинлаш лозим. Яъни, 10 миллион сўм пора олган одам давлат бюджетига камида 200 миллион сўм жарима тўлашини қонунда белгилаш керак. 

“Бундан ташқари, коррупцияга йўл қўйган шахслар ва уларга жазо тайинлаш жараёнларини оммавий ахборот воситаларида ҳам кенг ёритилишини таклиф этаман. Ҳозирги кунда бу масала оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилмаяпти. Коррупция жиноятини содир этган шахслар учун оғир жазо муқаррарлиги ва уларнинг жазодан қочиб қутула олмасликлари ҳаммага кўрсатилиши лозим. Бу орқали содир этилиши мумкин бўлган коррупцион ҳолатларнинг олдини олиш ҳамда юртимизда қонун устуворлигини таъминлашга эришилади”, - дейилади петицияда.

Коррупция ҳолатларига қарши курашиш мақсадида катта миқдордаги жарима ёки узоқ муддатли озодликдан маҳрум қилиш жазосини қўллаш таклиф қилинган.

Мавзуга оид