Спорт | 13:21 / 12.10.2020
9507
5 дақиқада ўқилади

Project Big Picture. Англия футболида нималар ўзгариши мумкин?

Англиянинг энг донгдор икки клуби - «Манчестер Юнайтед» ва «Ливерпуль» инглиз футболининг структурасини, жумладан, Англия Премьер Лигасини ҳам ўзгартиришга бел боғлашди. Ушбу клублар босслари анчагина радикал бўлган, клубларнинг молиявий тизимларига ҳам таъсир кўрсатиши аниқ бўлган лойиҳани ишлаб чиқишди. Лойиҳанинг ишчи номи ҳам бор - Project Big Picture. Бу ҳақида кўп ва баъзи муҳим нуқталари ҳақида хабар берилган бўлса-да, бу лойиҳа тўлиқ ҳолатда нималарни қамраб олади?

Photograph: Michael Regan/PA

Лойиҳа Футбол Лигаси президенти Рик Пэррининг розилигини олиб бўлди, энди асосан «кучли олтилик»нинг муносабати кутилмоқда. Хўш, ўзгаришлар нималардан иборат бўлади?

Биринчидан, Премьер Лиганинг 25 фоиз даромади қуйи лига клублари ривожланиши учун (Чемпионшип, Лига 1 ва Лига 2) ажратилади. Шу орқали, АПЛ ва қуйи лигалар ўртасидаги молиявий жарлик саёзлаштирилади. Бу муаммо кўп йилдан бери тилга олиб келинаётганди, пандемия шароитида эса янада авж олди. Катта клублар пандемияда анча пул йўқотишди, бу йўқотишлар амбицияларга, трансфер сиёсатига таъсир кўрсатган бўлса, кичик клубларнинг муаммоси каттароқ – улар инқироз ёқасига келиб қолишди. Стадиондан томоша қиладиган мухлислардан тушадиган даромад асосий манбани ташкил қиладиган бу клублар деярли тушумсиз қолишди. Буни эътиборга олиб, дастлабки 250 миллион фунт аванс тариқасида берилиши керак. Зеро, Англияда футбол анъана ва урф-одатга айланиб кетганидан қуйи лигаларга футболнинг пойдевори сифатида қаралади. 

Иккинчидан, АПЛ жамоалари сонини 20тадан 18тага камайтириш. Икки жамоа тўғридан тўғри лигани тарк этса, 16-ўриндаги жамоа Чемпионшипнинг 3-6 ўриндаги жамоалари билан плей-оффда қатнашади. Формат албатта, детал, бу ерда асосий мақсад, ўйинлар сонини қисқартиришга эришиш. Ортиқча 2 жамоа 4 ўйин, яъни бир ой дегани. Шундоғам, миллий ва еврокубоклар, миллий жамоалар йиғинлари остида қоладиган топ-клублар учун сезиларли енгиллик бўлади. Қуйидаги уч лигада эса, 24тадан клуб бўлади – яъни ҳаммаси бўлиб, юқори 4 лига иштирокчилари 90тани ташкил қилади.

Учинчидан, «Топ-6»дан ташқари АПЛда энг кўп мавсум ўтказган яна уч клуб қўшилган ҳолда, 9 клуб Премьер Лига тақдирини ҳал қилувчи каттароқ мақомга эга бўлади. Бугунги ҳолатда бу уч клуб – «Саутҳэмптон», «Вест Ҳэм» ва «Эвертон». Маълумки, АПЛ бўйича турли масалаларни ҳал қилишда 14 овоз етарли чегара ҳисобланади. Энди бу ҳам бекор қилиниб, юқоридаги 9 клубдан 6таси у ёки бу қарорни қўллаши етарли бўлади. Бу «рицарлар» ҳатто клубларни сотиб олмоқчи бўлаётган инвесторларга ҳам вето қўйиш ҳуқуқига, шунингдек, қоидалардаги, Лига раҳбариятидаги ўзгаришларга ҳам таъсир кўрсата олиш имкониятига эга бўлади.

Тўртинчидан, АПЛ даромадининг 25 фоизи клублар ўртасида тақсимланмай, 8,5 фоизи операцион харажатлар ва турли «яхши ишлар»га, хусусан, Футбол Ассоциацияси эҳтиёжларига, 6,5 фоизи 4 лигадаги стадионларни замонавийлаштириш, 100 миллион фунт эса яна ФАга совға сифатида берилади. Юқорида тилга олинган 25 фоиз маблағлар шундай тақсимланади. АПЛни тарк этиб, Чемпионшипга тушган клубларга бериладиган «парашют маблағ» (бир клубга уч йилда камида 150 миллион фунт бериларди) тизими бекор қилинади.

Бешинчидан, клублар ўртасида тақсимланадиган ТВ-даромадларнинг маълум қисми клубнинг охирги уч мавсумдаги натижалардан келиб чиқиб белгиланади.

Олтинчидан, Лига кубоги ва Англия Суперкубогини қайта кўриб чиқиш. Суперкубок шундоғам биргина учрашувдан иборат эканини ҳисобга олсак, бекор қилинади. Лига кубогидан эса, еврокубокларда қатнашаётган жамоалар озод қилиниши кўзда тутилган.

Еттинчидан, АПЛ ва ФАнинг мустақил равишда Аёллар Профессионал Лигасини ташкил қилиш.

Саккизинчидан, УЕФА талаблари асосида молиявий фэйр-плей қоидаларига қатъиян риоя қилиш ва АПЛ раҳбарлари учун клуб ҳисоб-рақамлари ва операцияларини тўлиқ очиш.

Тўққизинчидан, сафар жамоалари мухлислари учун қоидаларни аниқлаштириш. Улар учун 20 фунтдан қиммат бўлмаган чипталар жорий қилиш, фанатларнинг сафар харажатларига ёрдам бериш, «хавфсиз трибуна»лар жорий қилишга қайтиш. Сафар жамоа мухлислари учун квота камида 8 фоизни ташкил қилиши лозим.

Ўнинчидан, ижара тизимини ўзгартириш. Клуб 15 нафаргача инглиз футболчиларни таркибига ижара асосида жалб қила олиш керак, шу билан бирга, бир клубдан олинадиган футболчилар 4 нафардан ошмаслиги қайд этиб қўйилади.

Ва охиргиси, чемпионатни кечроқ бошлаш. Бу клубларга мавсумолди тайёргарлик пайтида кўпроқ ўртоқлик ўйинларини ўтказиш имконини беради. Топ-клублар учун бу шунингдек, пул ишлаб олиш учун ҳам имкониятдир. Бундан ташқари, Премьер Лиганинг ўзи ҳам ёзги ўртоқлик турнири ташкил қилади ва ҳар бир клубга беш йилда камида бир маротаба ушбу мусобақада қатнашиш мажбурий қилиб қўйилади.