21:22 / 13.10.2020
21313

Мутахассис коронавирусдан соғайган инсонлар реабилитация даврида қандай қон таҳлилларини топшириб туриши лозимлиги тўғрисида маълумот берди

Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати Тошкент шаҳар тиббий маслаҳат диагностика маркази директори, тиббиёт фанлари доктори Орифжон Арипов билан суҳбатда коронавирусдан соғайган инсонлар реабилитация даврида қандай қон таҳлиллари топшириб туриши лозимлиги ҳақидаги савол билан мурожаат қилди.

— Инфекция ва медикаментоз даво воситалари организм ҳолатига негатив таъсир кўрсатиши ҳам мумкин. Covid-19 касаллигидан тузалган инсонларда касалликка хос умумий ўзгаришлардан ташқари ҳар бир бемор организмида индивидуал шикастланишлар ҳам кузатилиши аниқланган. Шу сабабли беморлар саломатлиги эътибор билан кузатилиши лозим. 

Лаборатор таҳлиллар инсон организмидаги аъзоларнинг касалликдан кейинги функционал ҳолатини баҳолаш ва асоратларни аниқлашга ёрдам беради. Covid-19 касаллигидан тузалган беморларда асосан кўпроқ шикастланадиган 3та тизимга эътибор қаратиш керак: ўпка, буйрак ва бош мия фаолияти. 

Агар беморда икки ойдан кўп давом этаётган ҳансираш белгилари бўлса ва динамик кузатувда камаймаса, кардиолог маслаҳати ва юрак УТТ текшируви ҳам ўтказилиши лозим бўлади.

Таҳлиллардан умумий қон таҳлили – энг тез, оддий ва информатив текширув усулидир. Бу текширувда аввало аллергик компонентни намоён қилувчи эозинофиллар аниқланишига эътибор берилади. Шу билан бирга, организмдаги яллиғланиш жараёнининг ҳолати (лейкоцит, лимфоцит, ЭЧТ) ва кўп учрайдиган асоратлардан бўлган камқонлик ҳам баҳоланади.

Даволаш пайтида кўп ва узоқ вақт давомида антибактериал терапия қабул қилган беморларда учрайдиган асоратлардан бири – бу псевдомембраноз колитдир. Бу асорат беморларда сабабсиз ич кетиш, қориндаги давом этувчи оғриқлар билан кузатилади. Бу ҳолатларда беморни чуқурроқ текшириш, тор мутахассис маслаҳати зарурияти туғилади.

Яллиғланиш белгилари: умумий қон таҳлили + ЭЧТ, лейкоцитар формула, С-реактив оқсил, ферритин орқали интерпретация қилинади;

Қон ивиш тизими: D-димер, Протромбин, фибриноген;

Организмни витамин D билан тўйинганлигини баҳолаш: 25-OH витамин D;

Юрак ҳолати: Лактатдегидрогеназа, натрий, калий, хлор, кальций (Са2+), магний;

Жигар ҳолати: Аланин-аминотрансфераза, аспартат-аминотрансфераза, умумий билирубин;

Буйрак ҳолати: Креатинин, мочевина, оқсил ва углевод алмашинуви, глюкоза, альбумин, цистатин С;

Аутоиммун жараёнларни ўз вақтида аниқлаш: Ядро антигенларига антитела, скрининг таҳлиллари орқали амалга оширилади.

Аҳолининг соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш ва жисмоний фаоллигини ошириш мақсадида аҳолининг кенг қатламлари ва ҳар бир хонадонда соғлом турмуш тарзини шакллантириш, зарарли одатларга қарши курашиш, тиббий маданиятни ривожлантириш, жисмоний тарбия, спорт ва тўғри овқатланишни фаол тарғиб қилиш ва уларга амал қилиш лозим. 

Мавзу
Коронавирус Ўзбекистонда
15 март куни Ўзбекистонда коронавирусга чалинган илк бемор аниқланди.
Барчаси
Top