13:46 / 20.10.2020
2645

Ўзбекистон ва Европа иттифоқи ҳамкорлик дастурини кенгайтиришни режалаштирмоқда 

Жорий йилнинг 19 октябрь куни видеоконференция шаклида Ўзбекистон ва Европа иттифоқи (ЕИ) ўртасида ҳамкорлик бўйича кичик қўмитанинг учинчи йиғилиши бўлиб ўтди

Европа томонидан Европа комиссиясининг Ҳамкорликни ривожлантириш бўйича бош директорати Яқин Шарқ/Форс кўрфази, Марказий Осиё ва Жанубий Осиё бўлими раҳбари Сара Риналди, Европа ташқи ишлар хизмати Марказий Осиё департаменти раҳбари Борис Ярошевич иштирок этди. Инвестициялар ва ташқи савдо вазирининг ўринбосари Шуҳрат Вафоев кичик қўмита йиғилишининг Ўзбекистондан ҳамраиси бўлди. 

Кичик қўмита учинчи йиғилишининг асосий мақсади 2014-2020 йилларга мўлжалланган кўп йиллик индикатив дастурни амалга оширишдан олинган тажрибани ҳамда Ўзбекистон ҳукуматининг жорий ва ўрта муддатли ислоҳотларга нисбатан устувор йўналишларини аниқлаш ва муҳокама қилишдан иборат бўлди. Шунингдек, Сара Риналди 2021-2027 йилларда ҳамкорликнинг навбатдаги дастурий циклига тайёргарлик ишлари тўғрисида маълумот берди ҳамда Ўзбекистон манфаатдор томонларини ушбу жараённинг фаол иштирокчилари бўлишга таклиф қилди.

Йиғилишда бир нечта тармоқ вазирликлари, яъни Қишлоқ хўжалиги, Бандлик ва меҳнат муносабатлари, Инновацион ривожланиш, Олий ва ўрта махсус таълим ҳамда Сув хўжалиги вазирликлари, шунингдек, Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси вакиллари иштирок этди. Улар асосий вазифалари ва ҳамкорликнинг устувор йўналишлари ҳақида маълумот берди. Бундан ташқари, Европа иттифоқига аъзо давлатлар йиғилишга Team Europe қўшма ташаббуси доирасида қўшилишди.

Бугунги кунда Европа иттифоқи ўз фаолиятини Ўзбекистонда 2014-2020 йилларга мўлжалланган, умумий қиймати 168 миллион еврони ташкил қилувчи кўп йиллик индикатив дастур ва қишлоқ хўжалиги, қишлоқларни ривожлантириш каби йўналишлар доирасида амалга оширмоқда. Кейинги дастурлаш цикли учун иштирокчилар ҳамкорлик кўламини кенгайтириш ва рақамли иқтисодиёт, таълим, Орол денгизи минтақасининг экологик инновацион ривожланиши, инвестиция муҳити каби соҳаларни қамраб олишни таклиф қилишди.

Сара Риналдининг таъкидлашича, Европа иттифоқини 2020 йилдан кейин ривожлантириш бўйича ҳамкорлик дастурларини режалаштириш COVID-19 пандемияси туфайли янада қийин шароитга тўғри келди. 

«COVID-19 инқирозидан қутулиш барқарор, ижтимоий адолатли, бардошли ва иқлимга нейтрал иқтисодиётни таъминлаш зарурлигига асосланиши керак. Европа комиссиясининг умумий сиёсий устувор йўналишлари билан бир қаторда, Барқарор ривожланиш мақсадлари Европа иттифоқини ривожлантириш бўйича ҳамкорликнинг асосий мақсади бўлиб қолади. Team Europe ташаббуслари янги дастурнинг асосий хусусияти бўлади. Бу - Европа иттифоқи ва аъзо давлатлар тараққиётига кўпроқ таъсир ўтказиш мақсадида кенгайтирилган дастурларни яратиш учун кучларни бирлаштирган асосий дастурдир», - деди у.

Top