20:22 / 22.10.2020
5368

Носозлик туфайли тўхтаб қолган электр энергияси импорти тиклангани хабар қилинди

21 октябрь куни Туркманистон энергетика тизимига қарашли 500 кВли «Сердар-Мари ГРЭС»да кузатилган носозлик туфайли Туркманистондан Ўзбекистонга электр энергияси етказиб берилиши тўхтаб қолган эди.

Фото: Shutterstock

Мазкур ҳодиса туфайли ўзбекистонлик истеъмолчилар вақтинча тармоқдан узилган, «Ўзбекистон МЭТ» АЖ томонидан электр станциялардаги мавжуд резерв қувватларни ошириш орқали тармоқдан узилган истеъмолчиларга электр энергияси етказиб бериш бўйича зарур чоралар кўрилган эди. 

Маълум бўлишича, 22 сентябрь куни 11:09да Туркманистон энергетика тизими мутахассислари ҳаво тармоғидаги носозликларни бартараф этишган. Натижада Туркманистондан Ўзбекистонга электр энергияси экспорти тикланган.

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ўзбекистон истеъмолчиларини электр энергияси билан таъминлаш мақсадида «Иссиқлик электр станциялари» ҳамда «Ўзбекгидроэнерго» акциядорлик жамиятлари таркибидаги буғ-газ қурилмалари ҳамда гидроиншоотлар томонидан электр энергиясини ишлаб чиқариш жараёни режага мувофиқ давом этаётганини билдирган. Қайд этилишича, бу жараёнга Туркманистондан импорт амалиёти ҳам қўшилган ва айни пайтда Ўзбекистондаги электр таъминоти тизими барқарор фаолият юритмоқда.

Top