13:53 / 22.10.2020
4305

ОТБ Афғонистонга Ўзбекистондан электр узатиш линиясини қуриш учун 110 миллион доллар ажратди

Фото: Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги

Жорий йилнинг 20 октябрь куни Ўзбекистон ҳукумати делегациясининг Кобул шаҳрига ташрифи доирасида Ўзбекистон ва Афғонистон вазирлик ҳамда идоралари раҳбарларининг кенгайтирилган таркибдаги учрашуви бўлиб ўтди.

Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги хабарига кўра, учрашув давомида икки давлат ўртасида саноат кооперацияси, савдо, транспорт ва энергетика соҳаларига урғу берган ҳолда, кўп қиррали шерикликни ўрнатишга ўзаро тайёрлик билдирилди.

Учрашув чоғида савдо соҳасида мавжуд тўсиқларни бартараф этиш ҳамда ўзбек ва афғон компаниялари томонидан ташқи савдо операциялари амалга оширилиши учун шароитларни оптималлаштириш бўйича истиқболли таклифлар муҳокама қилинди. Ўзбекистон ва Афғонистон ўртасида имтиёзли савдо тўғрисидаги битим лойиҳасини тайёрлаш бўйича икки мамлакатнинг тегишли идора ва вазирликлари ишларини фаоллаштириш тўғрисида келишувга эришилди.

Тадбир давомида Ўзбекистон делегацияси иштирокида Афғонистон ва Осиё тараққиёт банки ўртасида 110 млн доллар ажратишни назарда тутувчи "Сурхон - Пули-Хумри" электр узатиш линияси қуриш лойиҳасини молиялаштириш тўғрисида битим имзоланди. 

Маблағларнинг асосий қисми ташкилотнинг ўзбек пудратчилари томонидан амалга оширилиши режалаштирилган қурилиш ишларига йўналтирилади. Яқин келажакда "Ўзбекистон миллий электр тармоқлари" АЖ ва "Афғонистон Брешна Ширкат" ўртасида ушбу электр узатиш линиясини қуриш бўйича тегишли шартнома имзоланади.

Аввалроқ, Ўзбекистон ва Афғонистон электр энергиясини етказиб бериш бўйича 10 йилга мўлжалланган битим имзолагани хабар берилганди.

Top