Четдан ноқонуний олиб кирилган 300 млн сўмлик «Камаз» фош бўлди
Давлат божхона қўмитаси ахборот хизмати сўнгги кунларда аниқланган қонунбузилиш ҳолатлари ҳақида ахборот берди.
Наманган вилояти божхона бошқармаси Контрабандага қарши курашиш ва божхона аудити бўлими ходимлари ДХХ Чегара қўшинлари ҳарбий хизматчилари билан ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказди. Унда фуқаро Ш.А. бошқарувидаги «Камаз 65115» русумли юк автомашинаси тўхтатилиб, белгиланган тартибда кўздан кечирилди.
Текширув давомида ушбу умумий қиймати 300 миллион сўмлик юк автомашинасига тегишли ҳужжатлар автомашинанинг идентификацион белгиларига тўғри келмаслиги ҳамда қўшни мамлакатдан ноқонуний тарзда олиб кирилгани аниқланди.
Маълум бўлишича, қонунбузар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ходимларини чалғитиш мақсадида ушбу ноқонуний олиб кирилаётган «Камаз»га бошқа бир «Камаз»нинг давлат рақамини тақиб олган.
«Кобальт»даги 5500 дона тамаки маҳсулотлари манзилга етиб бормади
Фарғона вилояти божхона бошқармаси Контрабандага қарши курашиш ва божхона аудити бўлими ходимлари фуқаро А.Ш. бошқарувидаги «Кобальт» русумли автомашинани тўхтатиб, ўрнатилган тартибда кўздан кечирди.
Натижада, автомашина юкхонасида унда йўловчи сифатида ҳаракатланиб кетаётган фуқаро Т.М.га тегишли бўлган, божхона расмийлаштирувидан ўтганини тасдиқловчи ҳужжатлари ҳамда акциз маркалари бўлмаган, умумий қиймати 60,5 миллион сўмлик 5500 қути тамаки маҳсулотлари борлиги аниқланди.
Божхоначилар 150 миллион сўмлик тропикамиднинг ноқонуний айланмасига чек қўйишди
Тошкент вилояти божхона бошқармаси Контрабандага қарши курашиш ва божхона аудити бўлими ходимлари томонидан кучли таъсир қилувчи дори воситаларининг ноқонуний айланмасига чек қўйиш мақсадида тезкор тадбир ўтказилди.
Тадбир давомида фуқаро Қ.Б. бошқарувидаги «Kia Bongo 3» русумли автотранспорт воситаси тўхтатилиб, холислар иштирокида кўздан кечирилди.
Натижада, автоулов юкхонасида ҳеч қандай ҳужжатлари бўлмаган, хорижда ишлаб чиқарилган, умумий қиймати 150 миллион сўмлик, жами 1000 дона «Тропикамид» номли кучли таъсир қилувчи дори воситалари борлиги аниқланди.
Ҳозирда юқоридаги ҳолатлар юзасидан божхона органлари томонидан суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Мавзуга оид
17:40 / 14.11.2024
Бухоро амирлиги даврига тегишли қадимий тангаларни олиб чиқиб кетишга уринган шахс тўхтатиб қолинди
23:41 / 13.11.2024
Ўзбекистонга 245 млн сўмлик қўл соатлар ва заргарлик буюмларини яширинча олиб ўтишга уринган шахслар тўхтатилди
17:56 / 06.11.2024
Тезкор қидирув тадбирлари тизимининг техник воситалари бождан озод қилинди
12:37 / 05.11.2024