15:28 / 28.10.2020
44426

Тошкентда чет эл фуқароси одамларни бир неча ўн миллиард сўмга алдаб кетди. ИИВ нега изоҳ бермаяпти?

Фуқаро таклиф қилинган техникаларни сотиб олиш учун Тошкент шаҳар Яккасарой туманида жойлашган «DOM TEHNIKI» МЧЖнинг банкдаги ҳисоб рақамига 545 млн сўм маблағ ўтказган. Аммо ҳанузгача на пули ва на техникалардан дарак йўқ. Бу фирмадан жабрланганлар юзга яқин, умумий зарар эса 50 млрд сўм атрофида экани айтилмоқда.

Kun.uz таҳририятига мурожаат қилган фуқаро Баҳодир Қодиров 2019 йил май–август ойларида «DOM TEHNIKI» МЧЖдан турли техникаларни сотиб олиш мақсадида 545 млн сўм тўлов қилган. Аммо бугунга қадар техникаларни олмаган, фирма раҳбарлари эса қочиб кетган.

Унинг таъкидлашича, ўзи каби ушбу фирмага алданиб қолган фуқаролар сони анчагина, зарар ҳам шунга яраша.

«Шартнома имзолаб, пулни тўладим ва техникаларни топшириш муддатини кутиб юрдим. Ушбу муддатгача фирма раҳбари бўлган Туркия фуқароси Хайретдин Кутукчу билан учрашиб турдим. Шартномаларда кўрсатилган техникаларни топшириш муддати ҳам келди, аммо топширилмади. Фирма раҳбари бугун-эрта топширамиз, деб алдаб юриб, шу орада бирданига ғойиб бўлиб қолди. На пул, на техника берилди, ҳеч нарса йўқ.

Шундан кейин барча пул тўлаган фуқаролар ташвишга тушиб, дастлаб 2-3 кун офис эшиги олдида тўпланиб турдик. Фойда бермагач, Яккасарой ИИБга ариза билан мурожат қилдик. Бу воқеага ҳам бир йилдан ошди, лекин ҳамон айбланувчини ушлаш ва ишни тегишли судга ошириш чоралари кўрилгани йўқ. Тергов эса вақтинча тўхтатилгани айтилмоқда», – дейди Баҳодир Қодиров.

Қодиров «DOM TEHNIKI» МЧЖга жами 3та техника – юк ортувчи машина, самосвал ва экскаватор учун жами 545 млн сўм миқдорида бошланғич тўловни амалга оширган. Умуман олганда, ушбу МЧЖ вакиллари мижозлар билан бир иш куни ичида техника нархининг 50 фоизи, товар омборхонага етиб келганидан сўнг қолган 50 фоизини қабул қилиб, товарни тақдим этиш шарти билан шартномалар тузган.

«Бу борада учрашмаган, бормаган жойимиз қолмади. ИИВ, ТИВ, Президент виртуал қабулхонаси, ҳатто Туркиянинг Ўзбекистондаги элчихонасига ҳам бордик, ҳеч ким эшитишни хоҳламайди. Бу қилмиш оддий бир майда жиноят эмас-ку? Жабрланувчилар билан йиғилиб, ўмариб кетилган пулларни ҳисоб-китоб қилсак, етказилган зарар 50 миллиард сўмдан ошиб кетяпти. Бу кичкина пул эмас-ку?

Ўзбекистон фуқароларини бир чет эл фуқароси шунча пулга алдаб кетса, биз одамлар юқоридаги ташкилотлардан ортиб яна кимга мурожаат қилайлик? Дардимизни кимга айтишни ҳам билмай қолдик», – дея ўз бошидан ўтганларини ҳикоя қилди Б.Қодиров.

Шунингдек, у бошқа алданганлар билан бирга жиноят иши бўйича маълумот сўраб Яккасарой тумани ИИБга борганини, аммо ИИБ ходимларидан: «Иш кўриляпти, фирма вакиллари қидирувга берилган, топилса ҳал бўлади», – деган жавобдан ортиқ маълумот олишмаганини маълум қилди.

Терговчининг жабрланувчиларга берган маълумотига қараганда, айни дамда «DOM TEHNIKI» МЧЖнинг банкдаги ҳисоб рақамида фирма раҳбари ечиб олишга улгурмаган пуллари мавжуд. Бу пуллар жиноят иши қўзғатилган вақтда ИИБ томонидан банкка хат юборилиб, ҳисоб рақам музлатилган.

Ушбу ҳолат бўйича Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги Тергов департаментидан маълумот олишга оз эмас, кўп эмас 5 кун уриндик. Аввалига департаментнинг жамоатчилик билан алоқалар учун масъул ходими раҳбарият рухсатини олиши учун роса 4 кун кетди. Рухсат теккандек ҳам бўлди-ю, аммо маълумотдан дарак бўлмади.

Оммавий ахборот воситасигаки муносабат шундай бўлгач, оддий фуқаронинг сўровларига қандай жавоб берилишини тасаввур этиб кўрдик. Англадикки, жабрланувчиларнинг эътирозлари ҳақли: уларга тўғри ва батафсил маълумот берилмас экан, ички ишлар идоралари фаолиятининг шаффофлигига шубҳалари ортаверади.

Юзлаб ватандошларимизни қақшатиб кетган бу ажнабий кимлигига қизиқиш билдирган ҳолда Ички ишлар вазирлигидан маълумот кутиб қоламиз.

Аббос Салайдинов

Top