12:33 / 29.10.2020
39594

Саудия Арабистони Умра ибодатига келувчилар учун қандай шартлар қўйгани эълон қилинди

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита ҳамда Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Умра тадбирини ташкил этиш юзасидан қўшма хабарномаси эълон қилинди. 

Фото: Saudi Press Agency/Handout via REUTERS

Маълум қилинишича, Саудия Арабистонидаги коронавирус касаллиги билан боғлиқ жиддий ҳолатлар келиб чиққанидан буён «Ҳаж» ва «Умра» тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш масалалари бўйича Жамоатчилик кенгаши Саудия томони билан мазкур тадбирлар билан боғлиқ янгилик ва жараёнлар борасида мунтазам мулоқот қилиб келмоқда.

Ҳозирда подшоҳликда Умра ибодатини адо этувчилар сони чекланган бўлиб, (кунлик зиёратчилар сони 15 мингта) махсус онлайн навбат дастури орқали рўйхатга олинмоқда ва зиёратчиларнинг Масжидул Ҳаром ҳудудига киришлари ташкилий равишда амалга оширилмоқда.

1 ноябрдан хорижий фуқароларга рухсат бериш юзасидан билдирилган Саудия Ҳаж ва умра вазирлиги баёнотида Умра ибодатига келувчилар учун бир қанча шарт ва талаблар белгиланган.

Жумладан, унда умра зиёратчисининг ёши 18 дан 50 ёшгача бўлиши (Саудия Арабистони Подшоҳлиги Соғлиқни сақлаш вазирлиги таклифига кўра), коронавирусдан ҳоли эканини исботловчи манфий натижали ПЗР таҳлили натижасини тақдим этиши, ушбу таҳлил 72 соат ичида олинган бўлиши ва ишончли лабораторияда амалга оширилиши зарурлиги, «Умра қилдик» программаси орқали (Икки Ҳарамга кириш учун онлайн навбат) рўйхатдан ўтиб, ўз онлайн тартибига кўра умра ибодатини адо этиш, Масжидул Ҳаромда намоз ўқиш, Масжидун Набавийни зиёрат қилиш ва Равзаи шарифда намоз ўқиш билан боғлиқ режали ишлар учун олдиндан буюртма бериш, Саудия Арабистонига етиб келгандан сўнг белгиланган меҳмонхонада 3 кун карантинда бўлиши ва бошқа шу каби талаблар белгиланган.

Саудия мутасадди идоралари томонидан эпидемиологик ҳолат бўйича Умра зиёратини ташкил этиш учун рухсат этилган давлатлар рўйхати алоҳида эълон қилиниши қайд қилинган. Ўз навбатида, «Ҳаж» ва «Умра» тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш масалалари бўйича жамоатчилик кенгаши Саудия Арабистони расмийлари билан мазкур масалалар бўйича белгиланган карантин талаблари асосида Умра зиёратини ташкил этиш юзасидан музокаралар ўтказмоқда.

Шунингдек, Умра сафари билан боғлиқ якуний қарорлар юзасидан тез кунларда расмий баёнот берилиши маълум қилинди.

Мавзу
Коронавирус
2019 йилнинг декабрь ойи охирида Хитойнинг Ухань шаҳрида номаълум вирус тарқала бошлади. Бу вирус ҳаво орқали одамдан одамга юқади ва ўлимга олиб келади.
Барчаси
Top