14:54 / 02.11.2020
10537

Олимлар бой ва қашшоқ мамлакатлардаги коронавирусдан ўлим ҳолатларини таққослашди

Олимларнинг маълумотларига кўра, аҳолиси кам даромад оладиган мамлакатларда ушбу кўрсаткич 0,23 фоизга, бой мамлакатларда эса 1,15 фоизга тенг.

Фото: Getty Images

Лондон Империя коллежи олимлари умумий коронавирус беморлари орасида инфекциядан ўлим коэффициентини (infection fatality ratio, IFR) ҳисоблаб чиқишди. Тадқиқот натижаларига кўра, ушбу кўрсаткич аҳолиси кўп даромад оладиган мамлакатларда юқори эканлиги маълум бўлди.

Тадқиқот муаллифлари 175та илмий иш ва антитаналар бўйича ўнта тадқиқотни ўрганишди. Улар коронавирус кекса ёшдагилар учун хавфлироқ деган хулосага келишди. Шу билан бирга, уларнинг фикрича, ёшнинг ҳар саккиз йилга катталиги ўлим хавфини оширади. 40 ёшгача бўлганларда ўлим коэффициенти 0,1 фоизни, 80 ёшдан катталарда эса 5 фоизни ташкил қилган.

Олимларнинг маълумотларига кўра, аҳолиси кам даромад оладиган мамлакатларда IFR 0,23 фоизга, бой мамлакатларда эса 1,15 фоизга тенг.

Тадқиқот ҳаммуаллифи, Люси Океллнинг қайд этишича, коронавирус нафақат кексалар, балки ўрта ёшдагилар учун ҳам хавфли.

«Бизнинг ҳисоб-китобларимизга кўра, 50-55 ёшдаги ҳар 260 бемордан бири ушбу касалликдан вафот этган», — деди у.

Сентябрь охирларида Бостон университети тиббиёт мактаби олимлари қонида D витамини етарли бўлган беморларда коронавирусдан ўлиш кўрсаткичи кам бўлишини маълум қилишганди. Май ойида қиролича Елизавета шифохонаси ва Шарқий Англия университети олимлари ҳам D витамини ва коронавирусдан ўлиш кўрсаткичи орасида боғлиқлик борлигини айтишганди.

Top