Ўзбекистон | 17:41 / 07.11.2020
6363
2 дақиқада ўқилади

8,1 миллиард сўмлик товарларни ноқонуний олиб киришга бўлган уринишлар фош бўлди

Тошкент шаҳар божхона бошқармасининг “Чуқурсой” ташқи иқтисодий фаолият божхона постига хорижий мамлакатдан олиб келинган умумий қиймати 3 млрд 889,41 миллион сўмлик 5000 дона газ ҳисоблагич товарларини ҳужжатларда шунчаки ҳисоблагичнинг қисмлари тарзида кўрсатиш орқали юк эгалари 1 млрд сўмлик божхона тўловларини қўштирноқ ичида тежамоқчи бўлишгани фош бўлди.

Яна бир ҳолатда, пойтахтимиздаги масъулияти чекланган жамиятлардан бирининг номига темир йўл контейнерида келтирилган юклар ҳужжатларга кўра аслида салкам 6 минг АҚШ доллари қийматидаги 6 турдаги хўжалик товарлари бўлиши лозим эди.

Аммо, мазкур контейнернинг инспекцион кўрик мажмуаси орқали олинган сканер тасвирлари буни тасдиқламади. Контейнер белгиланган тартибда божхона кўригидан ўтказилганида, унда ҳужжатларда кўрсатилмаган умумий қиймати 3.8 млрд. сўмлик 42 номдаги хўжалик моллари ва косметика воситалари ортилгани аниқланди.

Таҳлилларга кўра ҳужжатларда кўрсатилмаган товарлар учун, аслида, 1 млрд 66 млн сўмдан зиёд божхона тўловлари ҳисобланган. Ҳужжатларда кўрсатилган товарлар учун эса бу меъёр 74 млн 947 минг сўмни ташкил қилган, холос.

Шунингдек, ушбу постда аниқланган яна бир ҳолатда четдан келтирилган майнер яъни ҳисоблаш машиналари товарлари кўздан кечирилганида, юклар орасида 140 дона майнер ҳужжатларда кўрсатилмагани фош этилди.

Ҳужжатларда кўрсатилмаган товарларнинг умумий қиймати эса 435 млн. 308 минг сўмни ташкил қилди.

Ҳозирда юқоридаги ҳолатлар юзасидан божхона органлари томонидан суриштирув ҳаракатлари давом эттирилмоқда.

Мавзуга оид