Ўзбекистон | 20:21 / 07.11.2020
9317
3 дақиқада ўқилади

«Ҳажм бўйича чеклов бўлмайди» – Энергетика вазири ўринбосари АГТКСдаги вазият ҳақида

Энергетика вазири ўринбосари Беҳзод Норматов 1 ноябрдан автомобилларни газ билан тўлдириш компрессор станциялари (АГТКС) куз-қиш мавсумига ўтиши, чекловлар жорий қилиниши бўйича хабарларга изоҳ берди.

«Асосий вазифамиз – биринчи навбатда аҳолини, ижтимоий соҳани газ билан таъминлаш. Чекловлар деганда биз уларнинг кунлик ёки ойлик сотиш ҳажмларига чеклов қўяётганимиз йўқ. Авваллари, ҳар бир АГТКСга лимит қўйиларди. Яъни бир ойда 500-1000 метр куб газдан кўп сота олишмасди. Йигирма кунда сотиб бўлса, ундан кейин қимматроқ нархдан тўлаб, лимитдан ташқари ҳажмларни сотиб олиш имкониятига эга бўлишарди.

Ҳозирги масалага келадиган бўлсак, уларда ҳажм бўйича чеклов бўлмайди. Ҳозир ишлаб чиқяпмиз: газга талаб кўпаядиган пайтда, масалан, ҳамма уйга қайтиб келиб, овқат қилиш, уйларини иситиш, сув иситишга газ етказиб бериш учун тизимдаги газ ҳажмини бир маромда қилиб беришимиз керак.

Маълум бир тармоқларда аҳолига кетган тармоқларда ишлаб чиқарувчилар ва АГТКСлар кўп уланган жойлари бор. Тошкентни оладиган бўлсак, Тошкент ҳалқа қувурлар тизими бор, бу тизим аҳолига тарқатиш учун қилинган тизим бўлган. Келажакда бунчалик кўп АГТКС қурилиши инобатга олинмаган.

Ҳозирги кунга келиб, республикада мингга яқин автомобилларга компрессорда газ сиқиб бериб қуйиш шохобчалари мавжуд бўлиб, бу МДҲ давлатларини оладиган бўлсак, сони бўйича ҳам энг кўплардан бири», деди Беҳзод Норматов.

Вазир ўринбосари мазкур тизимни йўлга қўйиш бўйича бир тўхтамга келинмаганини айтиб ўтди.

«Ҳозир ўйлаб чиқяпмиз: тизим бир меъёрда ишлаши учун газни ишлатиш пик даврларида компрессор станцияларини маълум бир вақтга, 4 ёки 5 соатга ўчириб турсакда, шу пайтда аҳолига мавжуд бўлган қувурлар орқали бир меъёрда етиб боришини таъминлаб берсак.

Техник ва технологик шартлардан келиб чиқиб, шу вақтга камайтириб турадиган бўлсак, преференциялар берилмасдан, шуни одилона, республика бўйича ҳаммага қиладиган бўлсак, ҳозирда қувурларда бор газ ҳаммага, энг чеккадаги истеъмолчига етиб боришини ҳам таъминлаб берган бўламиз», деди вазир ўринбосари.

У бу борада ҳали бир тўхтамга келинмаганини таъкидлади. Бунга сабаб сифатида маҳаллий ҳокимият билан келишиш ва жойларда чиқиб ўрганиб, вақти келишиб олиниши кераклиги айтилди.

  • Бундан аввалроқ 1 ноябрдан метан «заправкалар» суткасига 12 соат ишламайдиган тартиб жорий қилинаётгани ҳақида хабар берилганди.

Мавзуга оид