Ўзбекистон | 19:47 / 08.11.2020
151889
11 дақиқада ўқилади

Элмира Боситхонова — шифокорлик йиллари, уни йиғлатган фарзанди ва Ислом Каримов ҳақида

Бугун тиббиёт ходимлари байрами кунини шифокор, ҳамшира, умуман тиббиёт соҳасининг қай бир вакили борки, ўз иш жойида ёки оила даврасида нишонламоқда.

Касб байрамини нишонлаётганлар орасида яна шундай бир аёл ҳам борки, биз уни шифокор эмас, кўпроқ тажрибали раҳбар, хотин-қизлар масаласида барчамизга яхши таниш бўлиб қолган инсон сифатида биламиз.

Демак, навбатдаги суҳбатдошимиз – тиббиёт фанлари доктори Элмира Боситхонова.

Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари билан суҳбатимиз аввалгиларидан фарқли равишда тизимдаги муаммолар, топшириқлар ижроси ва шу кабилар ҳақида эмас, балки бир шифокор ҳаёти, бу касбнинг ўзига хос мураккабликлари, шифокор ўзбек аёлининг қувонч-у ташвишлари ҳамда унинг раҳбарлик даражасига кўтарилиб боришдаги паст-у баландликка тўла йиллар ҳақида.

— Элмира опа, нима учун касб сифатида айнан шифокорликни танлагансиз ва бу соҳага кириб келишингиз, шифокорликдаги илк йилларингизни қандай эслайсиз?

— Инсонда касб ҳақида орзунинг пайдо бўлиши оиладаги муҳитга боғлиқ. Менинг отам шифокор бўлган. У киши Тошкент тиббиёт институтида ўқитувчи эди. 35 ёшида иш жойида юрак хуружидан вафот этган. Ўша пайтда мен 9 ёшда эдим.

Мактабда аъло баҳоларга ўқиганман. Кўпроқ математика фанига қизиқардим. 8-синфлигимда аммаларим мендан келгусида қайси касбни эгалламоқчи эканлигимни сўрашганида, математик бўламан, деб жавоб берган эдим. Шунда улар: «Йўқ, қиз болага математик бўлиш ярашмайди, сен ота касбни давом эттириб, шифокор бўласан», дейишган. Ва менга отамнинг қандай инсон бўлгани ҳақида аниқ тушунча беришган.

Шундан кейин ўзим ҳам ота касбни давом эттиришни хоҳладим ва 1975 йил Тошкент тиббиёт институтига ўқишга кирдим. Ўзим кўз шифокори бўлишни хоҳлаганман, лекин 5-курс охирида касблар тақсимланаётганда мен туғруқхонада эдим ва шунинг учун тўғридан тўғри шошилинч тиббий ёрдам бўлимига тақсимлаб юборишган.

Шошилинч ёрдам касалхонасида ишлаб юрганимда реанимация бўлимига мутахассис зарур бўлиб қолди ва мен устозим, профессор, хирург Надежда исмли устозимнинг тавсияси билан реанимация бўлимига ишга ўтдим.

Умуман, тасодифлар ва оиладаги тавсияларга кўра шу касбга кириб келганман.

— Шифокорлар соҳага кириб келаётганда Гиппократ қасамини ичишади. Бу сиз учун нимани англатади?

— Қасам – менинг тушунчамга кўра, қилаётган хатти-ҳаракатларда алоҳида тартиб-интизомга амал қилишга мажбур бўлинганда ичилади.

Масалан, ҳарбийлар ҳам ўзларининг уставига риоя қилишга қасам ичишади ва агар бу қасамга амал қилишмаса, катта хатога йўл қўйишган ёки жиноят қилишган бўлишади. Тиббиёт соҳаси ҳам инсонларнинг ҳаёти билан боғлиқ.

Косметолог ёки ўқитувчиларда қасам ичиш йўқ, лекин тиббиётчиларда бор. Чунки тиббиёт соҳасида ҳам ҳарбийларда бўлгани каби раҳбар айтган ишни аниқ бажариш керак.

Бир шифокор билимли бўлса, у битта касални тузатиб беради ва ёки ўз хатоси билан бир одамнинг ўлимига ёки асоратли дардга сабаб бўлади. 

Мана, сиз билан ҳозир вазир ўринбосари, соғлиқни сақлаш тизими ташкилотчиси сифатида гаплашиб турибман. Айнан соғлиқни сақлаш ташкилотчисининг ёмони бутун тизимни парокандаликка учратиши мумкин. Яхшиси эса минглаб, миллионлаб аҳолининг саломатлигини сақлаб қолиши мумкин.

— Ўтган вақт давомида, ҳаёт сизни қачондир шу қасамга қарши боришга мажбур қилган пайтлар ҳам бўлдими?

— Мажбур қиладиган вақтлари бўлади ва шунинг учун ҳам қасам ичилади. Масалан, бир сафар бош мия жароҳати бўлган беморда жисмоний зўриқиш бўлди ва у жуда хавфли ҳаракатлар қила бошлади. Биз уни тинчлантиришга ҳаракат қилишимиз, қўл-оёғини ушлаб туришимиз керак эди. Қарангки, ўша вақтда мен учинчи фарзандимга ҳомиладор эдим. Ҳомиладор аёл аслида бундай ҳолатдан узоқроқ бўлиши керак, чунки бемор ўз ҳаракатлари билан сенга зарба бериб қолиши мумкин. Лекин мен шунда ҳам қўрқмасдан беморни ушлаб туриб, ўзига зарар етказмаслиги учун барча чорани кўрганман.

Бундан ташқари, бир сафар шифохонамизга 13 ёшдаги, Дилдора исмли қизни олиб келишганди. У самолётнинг парвоз вақтидаги силкиниши туфайли олдидаги ўриндиққа қорни билан урилган экан. Бунинг оқибатида Дилдоранинг буйраги ёрилиб кетган эди. Биз уни операция қилиб, бир буйрагини олиб ташладик. Аммо вақт ўтиб унда гемоглабин миқдори тушиб кета бошлади. Аниқ эсимда, гемоглабин 36гача тушганди. Бу пайтда унга шошилинч қон қуйиш керак эди. Аммо биласизки, қасамимизга кўра беморга тўғридан тўғри қон қуйиш мумкин эмас. Шунда унинг отаси ёнимга келиб, менинг қоним қизимникига тўғри келади, меникини олиб қуйинг, барча масъулиятни ўз зиммамга оламан, деганди. Мен эса, йўқ, сиз жавоб беролмайсиз, барчасини ўз зиммамга оламан, дея тўғридан тўғри қизга қон қуйдим ва у соғайиб кетди.

Энг қувонарлиси шундаки, 8 йилдан кейин Дилдоранинг отаси мен қизимни турмушга беряпман, дея тўйга таклифнома ташлаб кетди.

Гиппократ қасами беморга нисбатан хиёнат қилмасликни талаб қилади ва мен бу қасамёдни бузмаганимдан мамнунман.

— Элмира опа, сиз кўп йиллар хотин-қизлар қўмитаси раиси сифатида ҳам ишладингиз. Шифокорликдан бу тизимга ўтишингиз, қўмита раисига айланишингиз ва ўша вазифадаги фаолиятингиз ҳақида гапириб берсангиз.

— Мен реанимация бўлимида 10 йил оддий шифокор, 10 йил бўлим мудири бўлиб ишладим. 2002 йилдан эса ўзим 20 йил олдин келган тез тиббий ёрдам шифохонасининг бош шифокори бўлдим.

2004 йилда ҳам шифокор сифатида Тошкент шаҳар кенгашига депутат бўлиб сайландим. Бир куни президентимиз Тошкент шаҳридаги ишлар билан танишадиган ва мана шу танишувда бизнинг туман ҳокимини ҳам алмаштирадиган бўлди.

Ўша пайтларда ҳозирги президентимиз Шавкат Мирзиёев Бош вазир эди. У киши шаҳар кенгашидаги барча депутатлар қатори мен билан ҳам тумандаги ишлар ва ҳоким масаласида суҳбат ўтказди.

Шунда Бош вазирга айтгандимки: «Туман ҳокими менинг сайлов участкамда яшайди, менга овоз берган, кўз очиб кўрган ҳокимим, у киши ҳақида бирор ёмон гап айтолмайман. Лекин давлат раҳбари шунга қарор қилган эканми, демак вазият шуни талаб қиляпти. Туманга қурилишни яхши билган, шу ишларни йўлга қўя оладиган ҳоким керак». Ўша вақтда Бош вазир менинг сўзларимни биринчи президентимизга етказган экан.

Депутатлик йилларимдан бирида мени биринчи президент қабулига чақиришди. Биринчи президентимиз билан учрашдим. Учрашувда Ислом Каримов менга турли хил саволлар берди. 

Масалан, аёлларнинг раҳбарликка келиши, лавозимга ўтирган аёлларда салбий ўзгаришлар бўлиши ва ҳоказо.

Учрашувдан чиққандан кейин яна Бош вазир қабулига кирдим. Шавкат Мирзиёевнинг айтишича, биринчи президентимиз Бош вазирга: «Эсингдами, бир неча йил аввал бир депутат аёл ҳақида гапиргандинг, ўша аёлни суҳбатга чақир», деган эканлар.

Хулоса қилиш мумкинки, биринчи президентимиз Ислом Каримов ҳар бир масалада жуда зийрак ва кучли хотира эгаси эди.

Бу хотин-қизлар қўмитаси раислиги учун бўлган суҳбат эди ва биринчи президентимизда яхши таассурот уйғота олдим шекилли, раисликка тасдиқландим.

— Хотин-қизлар қўмитаси раиси сифатида қабул қилган қайси қарорингиз сиз учун энг қийини бўлган?

— Бош вазир ёрдамчиси сифатида менда аёлларнинг соғлом турмуш тарзига катта аҳамият берилиши керак, деган фикр бор эди. Бу иш эса Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан боғлиқ эди. Сабаби бу бизнинг ваколатимизга кирмас эди. Ўшанда ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш жараёни жуда қийин кечганди.

— Қачондир шифокорлик касбини танлаганингизга афсусланган пайтларингиз ҳам бўлганми?

— Сизга қанчалик ғалати туюлмасин ва бунга ўзим ҳам ҳайрон қоламан, бундай ҳолат бўлмаган. Чунки менинг атрофимда буюк устозлар, дунёдаги энг яхши она ва ота, дунёдаги энг яхши умр йўлдош бўлган ва бугун чексиз шукрона билан айтаманки, дунёдаги энг яхши фарзандлар онасиман. Уларда мени қўллаб-қувватлаш учун ҳар доим керакли сўзлар, тутиб туришга елка бор. Умуман. Ҳар доим атрофимда яхши одамлар бўлган. Улар касбимдан афсусланишимга йўл қўйишмаган. Мен бу касбни танлаганимдан чексиз миннатдорман.

Ҳозир икки фарзандим ҳам шифокор. Биласизми, мен қачон ғурурландим? Covid-19 пандемияси вақтида бир фарзандим менга қўнғироқ қилиб, «она, мен Covid шифохонасига кириб кетяпман. Бормасликни виждоним қабул қилмаяпти», деди. Мен шунда бахтиёрлигимни сездим. Демак, мен касбимни қанчалик севсам, фарзандларим ҳам ишини шунчалик яхши кўрар экан. Мен уларни атайлаб фидойи бўл деб гапирмаганман. Унинг ўзидан-ўзи менга шу қарорини айтганда шифокор, она ва раҳбар сифатида чексиз баҳтёр эканлигимни билдим.

Шунинг учун ҳеч қачон афсусланиш бўлмаган, ғурур, ғурур ва яна ғурур. 

— Пандемия даврида кўпчилик ўзбек тиббиёт тизими ва унинг камчиликлари ҳақида салбий фикр билдирмоқда. Бу каби муносабатларни қандай қабул қиласиз?

Бу мен учун жуда оғриқли ва мен бунинг сабабларини ҳам яхши биламан. Мен аҳоли томонидан айтилаётган камчилик ва хатоларни ўзим ҳам кўрганман. Тизимдаги бу каби хато ва камчиликларнинг олдини олиш ва тўғрилашга тизимдаги раҳбарлардан бири сифатида ҳаракат қилмоқдаман.

— Бугун ўзбекистонлик шифокорларни, сизнингча, қайси муаммолар энг кўп қийнамоқда?

— Нафақат шифокорлардаги, балки соғлиқни сақлаш тизимидаги энг катта муаммолар бу – ходимларнинг касбий малакаси ва шунингдек, соҳага ахборот технологияларини кенг жорий қилиш.

— Тиббиёт ходимларига қандай байрам табрикларингиз бор?

— Бугунги кун соҳадаги устозлар, дўстлар ва пандемия давридаги курашда жонларини фидо қилган қаҳрамон шифокорларни эслаш, ёд этиш куни. Ўтганларнинг руҳлари шод бўлсин.

Ҳамкасбларимга эса ўзи танлаган касбдан ҳар доим ғурурланиб юришини тилайман. Барча тиббиёт ходимларига оилавий тинчлик, хотиржамлик ва сиҳат-саломатлик тилайман. Улар шундай шифокорлар бўлишсинки, фарзандлари ҳам уларни кўриб, шифокор бўлишни орзу қилсин.

Илёс Сафаров суҳбатлашди.
Тасвирчи – Абдусалим Абдувоҳидов.

Мавзуга оид