07:51 / 11.11.2020
6228

Конституциявий судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга бўлган ташкилотлар сафи ортиши мумкин

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 10 ноябрь куни бўлиб ўтган навбатдаги ялпи мажлисида депутатлар «Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳасини биринчи ўқишда кўриб чиқиб қабул қилишди.

Kun.uz мухбирининг хабар беришича, мазкур қонун лойиҳаси билан «Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида»ги қонунга қуйидаги асосий ўзгартиришлар киритилмоқда.

Бугунги кунда қонуннинг амалдаги таҳририга биноан 11 та ташкилотга Конституциявий судга мурожаат қилиш ҳуқуқи берилган. Эндиликда булар сафи кенгайтирилиб, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, Ўзбекистон Республикаси президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил ва Ўзбекистон Республикаси Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ўринбосари — Бола ҳуқуқлари бўйича вакилга Конституциявий судга мурожаат қилиш ваколати берилмоқда.

Киритилаётган ўзгартиришга биноан фуқаролар ва юридик шахслар ҳам Конституциявий судга ўзларининг конституциявий ҳуқуқларини тиклаш юзасидан умумий юрисдикция судлари томонидан барча ҳимоя чоралари тугаган тақдирда, муайян ишда қўлланилган қонуннинг конституциявийлигини аниқлаб беришни сўраб, шикоят билан мурожаат қилишлари мумкин бўлади.

Бугунги кунда конституциявий суд таркибида 7 та судья фаолият олиб бормоқда. Эндиликда халқаро тажрибадан келиб чиққан ҳолда қонун лойиҳаси билан улар сони 2 тага кўпайтирилади. Халқаро тажрибага биноан қонун устуворлиги таъминланган давлатларда энг камида конституцион судларда 9 та, энг кўпи билан эса 19 та судьялар фаолият олиб бормоқда.

Шунингдек, конституциявий суд судьялари ваколатлари муддатига ҳам ўзгартириш киритилади. Жумладан, Конституциявий суд судьясининг ваколати муддати – биринчи марта сайланганида беш йилни, кейинги сайланганида ўн йилни ташкил этиши назарда тутилмоқда. Амалдаги қонунчиликка биноан, айни бир шахс икки мартадан ортиқ Конституциявий суднинг судьяси этиб сайланиши мумкин эмас ва икки муддатга ҳам 5 йилдан сайланиш тартиби белгилаб қўйилган.

Қуйи палата йиғилиши якунида қонун лойиҳасининг қабул қилиниши Конституциявий суд фаолиятини яхшилаш, мамлакатда фуқаролар ва юридик шахсларнинг конституциявий ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳамда Конституция ва қонун устуворлигини таъминлашга хизмат қилиши таъкидланди.

Top