5 декабр куни Ўзбекистон Конституциявий судининг мажлиси бўлиб ўтди. Унда Олий Мажлис палаталари, ҳукумат, Олий суд, Бош прокуратура, Адлия вазирлиги, нодавлат нотижорат ташкилотлари, таълим ва илмий ташкилотлар вакиллари ҳамда Конституциявий суд Илмий-маслаҳат кенгаши аъзолари қатнашди.
Таъкидланишича, Конституциявий суд ахбороти мамлакат тарихида биринчи марта очиқ мажлисда кўриб чиқилди.
Мажлисда Конституция ва «Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида»ги Конституциявий қонунга мувофиқ Конституциявий суднинг мамлакатдаги конституциявий қонунийликнинг ҳолати тўғрисидаги ахбороти кўриб чиқилди.

Конституциявий суд аҳоли мурожаатларида кўтарилган конституциявий ҳуқуқларни таъминлаш билан боғлиқ қуйидаги масалаларга алоҳида эътибор қаратди:
- бола ҳуқуқлари бузилиши ҳолатлари кузатилаётганини инобатга олиб, болаларни турли кўринишдаги зўравонликлардан ҳимоя қилиш, бу борада ота-оналар, таълим муассасалари, бошқа мутасадди идоралар масъулиятини ошириш, тегишли қонунчилик ҳужжатларини янада такомиллаштириш мақсадга мувофиқ;
- мулк ҳуқуқи кафолатларига риоя этмаслик ҳолатлари сезиларли камайган бўлса-да, ҳали бу соҳада муаммолар сақланиб қолаётганини инобатга олиб, маҳаллий давлат ҳокимиятининг ушбу масалаларда ҳуқуқий маданиятини ошириш, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг мулқ ҳуқуқи бузилиши ҳолатига мутлақо тоқатсиз муносабатини шакллантириш, бу борада профилактик чораларни кучайтириш зарур;
- баъзи ҳудудларда тадбиркор ўз маҳсулотини вилоят ҳудудидан эркин олиб чиқиб кетишда тўсқинликларга учраши ҳолатларини эътиборга олиб, барча масъуллардан товар ва хизматларнинг эркин ҳаракатланиши бўйича конституциявий кафолатларга сўзсиз риоя этиш талаб этилади.
Мажлисда конституциявий ҳуқуқларга риоя этмаслик ҳолатлари ваколатли давлат органлари диққат-эътибори марказида бўлиши кераклиги, бу билан боғлиқ ҳар бир ҳолат зудлик билан ўрганилиши ҳамда бузилган ҳуқуқларни тиклаш бўйича зарур чоралар кўрилиши лозимлиги таъкидланди.
Шу билан бирга Конституциявий суд конституциявий нормаларга риоя этмаслик бўйича тезкор чоралар кўриш билан чекланмасдан, уларни юзага келтирган сабаб ва шарт-шароитларни аниқлаш ва бартараф этиш бўйича тизимли чораларни кўриб бориш зарурлигини ҳам қайд этди.















