11:05 / 16.11.2020
5993

Пиллачилик ва қоракўлчиликни ривожлантириш қўмитасининг вазифалари белгиланди

Вазирлар Маҳкамаси “Ўзбекистон Республикаси пиллачилик ва қоракўлчиликни ривожлантириш қўмитаси фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида” қарор қабул қилди.

Ҳужжат президентнинг "Ўзбекистон Республикасида пиллачилик ва қоракўлчиликни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида" 2020 йил 2 сентябрдаги ПФ-6059-сон фармони ҳамда "Ўзбекистон Республикаси Пиллачилик ва қоракўлчиликни ривожлантириш қўмитаси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида" 2020 йил 2 сентябрдаги ПҚ-4817-сон қарори ижроси юзасидан қабул қилинган.
 
Қарор билан:

Ўзбекистон Республикаси Пиллачилик ва қоракўлчиликни ривожлантириш қўмитаси тўғрисидаги низом (1);

"Ўзбекипаксаноат" уюшмаси ҳузуридаги Пиллачиликни ривожлантириш жамғармаси маблағларини шакллантириш ва ундан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги низом (2);

Ўзбекистон Республикаси божхона чегараси орқали ипак чиқиндилари ва хом ипакнинг олиб чиқилишини мониторинг қилиш тартиби тўғрисидаги низом (3) тасдиқланди.
 
Низом (1) Пиллачилик ва қоракўлчиликни ривожлантириш қўмитасининг мақоми, асосий вазифалари, функциялари, ҳуқуқлари ва жавобгарлиги, фаолиятини ташкил этиш тартибини белгилайди. Қўмитага бир ой муддатда ҳудудий бошқармалари тўғрисидаги низомларни тасдиқлаш топширилди.
 
Низом (2) мустақил юридик шахс бўлмаган жамғарма мақомини, даромадлари манбалари ва маблағлардан фойдаланиш йўналишларини белгилайди. Ипак чиқиндилари ва хом ипакни экспорт қилишда тушадиган маблағлар жамғарма даромадларининг асосий манбаси ҳисобланади. Жамғарма пилла хомашёсини чуқур қайта ишлаш бўйича лойиҳаларни, пиллачиликни ривожлантириш бўйича халқаро йиғилишлар ўтказилиши ва бошқа белгиланган харажатларни молиялаштиради.
 
Низом (3) пиллачилик ташкилотлари томонидан божхона чегараси орқали ТИФ ТН 5002 ва 5003 кодлари билан таснифланган товарларни экспорт қилишни мониторинг қилиш тартибини белгилайди. Экспорт қилувчилар «Ўзбекипаксаноат» уюшмасига экспорт контрактлари нусхаларини, нархлар калькуляциясини, экспорт қилинадиган товарнинг ҳар бир килограмми учун 0,05 доллар миқдорида божхона йиғими тўланганлиги тўғрисида тўлов ҳужжатини тақдим этишлари керак.
 
Ҳужжат 11.11.2020 йилдан кучга кирди. 

Top