Иқтисодиёт | 20:07 / 07.07.2021
19088
3 дақиқада ўқилади

Аҳолидан пилла сотиб олиш нархи оширилади

Ўзбекистонда аҳолидан пилла сотиб олиш нархи оширилади, ҳудудларда туп кўчатлари экилиши кўпайтирилади. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев соҳадаги муаммоларга бағишланган йиғилишда айтиб ўтди.

«Куни кеча мен ипакчилик, жун саноати ва коврак етиштириш тизимини такомиллаштириш бўйича янги қарорни имзоладим. Умуман, мен ҳокимларни яна бир бор огоҳлантирмоқчиман. Бу соҳалар билан бугундан шахсан ўзлари шуғулланишга масъул бўлишади.

Қарорга кўра, пилла боқувчиларга уни сотишдан тушган пулдан ташқари, ҳар бир кг пилла учун давлат томонидан қўшимча 5 минг сўмдан субсидия берилади.

Шунингдек, соҳадаги тадбиркорларнинг ташаббуси билан пиллани аҳолидан сотиб олиш нархи 10 фоизга оширилди (2016 йилда 8 минг сўм, ўтган йилда 20 минг сўм бўлган).

Оддий қилиб айтганда, қишлоқда икки қути пилла боққан оила 1 кг пилла учун 30 минг сўм, бир ойда – 3,4 млн сўм даромад топади (бир ойда – 2016 йилда 900 минг сўм, ўтган йилда 2,2 млн сўм).

Шунинг учун, йил якунига қадар яна қўшимча 20 млн туп, кейинги йилда 116 млн туп тут кўчатлари экишни ташкил этиши лозим. 

Бу қарордан энг асосий мақсад – қишлоқда бандликни таъминлаш орқали, аҳоли даромадини оширишдан иборат. Кейинги йилда 700 минг нафар, 2025 йилда 1 млн аҳоли бандлигини таъминлаш зарур. Ҳозирги кунда 500 мингга яқин аҳоли пилла етиштириш билан шуғулланади», деган давлат раҳбари.

Шунингдек, дастлаб Қўшработ, Қумқўрғон, Бойсун, Ғузор ва Деҳқонобод туманларида, кейин бошқа туманларда ҳам жун олинадиган қўй-эчкилар сонини кескин кўпайтириб, аҳолини жундан гилам, рўмол ва бошқа маҳсулотлар тўқиб даромад топишга ўргатиш кераклиги таъкидлаб ўтилган.

Маълум қилинишича, қўмитанинг балансида бўлган ерларда каврак етиштиришни илмий асосда ташкил этиш, уни кўпайтириш, ҳосилдорлигини ошириш, қайта ишлаб экспорт салоҳиятини ошириш ҳам қўмита зиммасига юкланади.

«Ваҳоланки, коврак етиштириш ва уни сотиш тизими айни пайтда пала-партиш, ёпиқ ва хуфиёна бизнесга айлангани ҳам бор гап. Вилоят ва туман ҳокимлари аҳоли бандлигини таъминлаш ва даромадини оширишда бу соҳага асосий драйвер соҳалардан бири сифатида қарашлари зарур», деган Шавкат Мирзиёев.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид