Ўзбекистон | 08:21 / 24.04.2021
6216
3 дақиқада ўқилади

Қоракўлчиликни ривожлантиришга 100 млрд сўм ажратилди

Президентнинг 2021 йил 14 апрелдаги қарори билан 2021 йил 9 февралдаги «Қоракўлчилик тармоғини янада ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги президент қарорига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

Ҳужжатга мувофиқ, бир қатор ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

Молия вазирлиги томонидан қоракўлчилик соҳасини янада ривожлантиришга ажратиладиган маблағлар миқдори оширилди. Молия вазирлигининг вақтинча бўш турган маблағлари ҳисобидан 2021 йилда 15 февралга қадар 100 млрд сўм, 1 майга қадар 50 млрд сўм ва 1 августга қадар 50 млрд сўм маблағларни ажратиш топширилди. Ушбу маблағлар остида давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари маблағлари, бюджетни қўллаб-қувватлаш учун жалб қилинадиган халқаро молия институтлари ва хорижий ҳукумат молия ташкилотлари кредитлари, суверен халқаро облигацияларни чиқариш ва қонун билан тақиқланмаган бошқа манбалар назарда тутилади. Маблағлар Марказий банк асосий ставкасида ажратилади (илгари Молия вазирлиги томонидан «Туронбанк» АТБга ажратиладиган маблағлар миқдори 100 млрд сўмни ташкил этган).

Энди Республика «Қоракўлчилик» уюшмаси аъзолари бир йиллик имтиёзли давр билан, Марказий банк асосий ставкасига икки фоизли банк маржасини қўшиш орқали ҳисобланган ставка бўйича хомашё, материаллар ва фурнитуралар сотиб олиш учун 3 йиллик муддатга кредит олишлари мумкин.

Пиллачилик ва қоракўлчиликни ривожлантириш қўмитасига «Туронбанк» АТБ билан биргаликда ажратилаётган маблағлар мақсадли йўналтирилишини ташкил қилиш ва ҳар чорак якуни бўйича маблағлар сарфланиши юзасидан Вазирлар Маҳкамаси ҳамда Молия вазирлигига ҳисобот киритилишини таъминлаш топширилди. Ажратилган маблағлар мақсадли ишлатилиши Молия вазирлиги Давлат молиявий назорати департаменти томонидан назорат қилинади.

2022 йил 1 январга қадар қоракўлчиликни ривожлантириш лойиҳаларини амалга ошириш доирасида харид қилинадиган товарлар (ишлар, хизматлар) ва транспорт воситалари божхона божидан озод қилинади.

Ҳужжат қоракўлчилик тармоғини янада ривожлантириш, соҳада насл кўрсаткичларини яхшилаш, озуқа базасини мустаҳкамлаш, шунингдек ишлаб чиқарилаётган маҳсулот сифати ва экспортбоплигини ошириш мақсадида қабул қилинган.

Мавзуга оид