19:51 / 17.11.2020
92845

«Махфий топшириқ бўйича мафияни фош этганим учун қамалдим» — собиқ прокурор ҳикояси

Газ конденсатининг ноқонуний савдоси билан шуғулланиб келган машҳур «Шайна» жиноий тўдасини фош этган прокурор собиқ бош прокурор Рашид Қодировнинг қаҳрига учрайди. Таъқиблардан сўнг у саҳналаштирилган “тезкор тадбир” орқали пора олишда айбланиб, 8 йилга кесилади. Бир неча йиллик мурожаатларидан сўнг тўла оқланган Фарҳод Шайманов давлат ва халқ мулкини ҳимоя қилиш вазифасини бажариши ортидан бошига тушган кулфатлар ҳақида сўзлаб берди.

Яқин тарихимиз том маънода драматик воқеаларга бой бўлганини биламиз. Бироқ баъзида ҳали кўп нарсани билмаслигимиз маълум бўлиб қолади, зеро номаълум бўлган ҳодисалар очилади, ўтмишнинг янги қирралари бўй чўзади.

Баъзида юз берган ҳодисалар билан танишиш жараёнида киши ўткир сюжетли бадиий фильм кўргандек бўлади... Зеро, яқин мозийдан келган хабарлар – воқеалар ўзининг кескин, биз кутмаган ривожи билан ҳайратда қолдиради.

Воқеамиз қаҳрамони прокуратура тизимида ишлаган. Унинг биографияси бошқа ходимларники каби бўлиши мумкин эди, бироқ бир нуқтага келиб бошқа тарафга бурилиб кетди, ҳибсга олиниши, қийноққа солиниши ва охир-оқибат туҳмат билан қамоққа ташланиши билан тугади.

Сабаби – ўз касби тақозоси ила у махфий топшириққа асосан жиноий гуруҳни жавобгарликка тортган эди.

«Бу унинг вазифаси-ку», дейсиз албатта. Ҳа, шундай, бироқ у «фош қилиниши мумкин бўлмаган» жиноий гуруҳларга қонуний чора кўргани унга қимматга тушди...

2006 йилда Қашқадарё вилоят MXX ва прокуратурасига ўша вақтда бош вазир бўлган Шавкат Мирзиёевнинг имзоси билан «Шўртангаз»да газ конденсати маҳсулотлари талон-торож қилинишининг олдини олиш бўйича махфий топшириқ келади.

Фарҳод Шайманов

Жиноий тўда раҳбарининг исми Шайназар бўлгани боис, бу гуруҳ жиноят оламида «Шайна» номи билан тилга олинган.

Ушбу топшириқ юзасидан Қашқадарё вилоят МХХ бошқармаси бошлиғи Александр Морозов ва вилоят прокурорининг биринчи ўринбосари Фарҳод Шаймановлар ҳамкорликда тегишли чора-тадбирлар белгилаб, жиноий гуруҳни фош этиш бўйича суриштирув-тергов жараёнларини бошлаб юборади.

Мазкур топшириқ бажарилиши жараёнида Сурхондарё вилояти орқали Тожикистон ва Афғонистон давлатларига айланма йўллар орқали ғайриқонуний равишда олиб кетилаётган 40 (қирқ) тонна газ конденсат маҳсулотлари Қашқадарё вилояти Деҳқонобод тумани ҳудудида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари томонидан қўлга олинади. Аммо жиноий гуруҳ аъзолари орган ходимларига фаол қаршилик кўрсатиб, 4 нафар ИИБ ходимининг қўл ва оёқларини сим билан боғлаб, оғизларига латта тиқиб, чуқурга ташлаб юборишади.

Шундан сўнг ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилади, жиноий гуруҳ аъзоларини фош этиш ва ушлашга қаратилган кенг кўламли тергов-тезкор тадбирлари ўтказилади.

Дастлаб туман прокуратураси томонидан олиб борилаётган тергов ҳаракатлари унга турли кучлар таъсир эта бошлаганидан сўнг вилоят прокуратураси тергов бўлимининг иш юритувига ўтказилади.

Шайманов вилоят прокуратураси жиноятларни тергов қилиш бўлими бошлиғи Ш.Файзиевга жиноят ишини ўз иш юритувига олиш, тўлиқ ва сифатли тергов ҳаракатларини амалга ошириш ҳақида кўрсатма беради. Жиноят иши тергов ҳаракатлари давомида жиноятни содир этган шахсларга нисбатан тегишли далил тўпланиб, далиллар ва гувоҳларнинг берган кўргазмалари асосида жиноятни содир этган шахслар эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олинади. Ўша пайтда амалда бўлган тартибга кўра жиноят ишидаги айбланувчиларни қамоққа олиш тўғрисидаги санкциялар шахсан Фарҳод Шайманов томонидан имзоланади.

Аммо кўп ўтмай тергов ҳаракатлари сустлашиб қолади. Вилоят прокурорининг кўрсатмаси билан тергов ҳаракатларини ўтказаётган Ш.Файзиев бирон бир асоссиз ишдан четлатилади ва лавозимидан озод этилиб, туман прокурори ёрдамчиси лавозимига ўтказиб юборилади.

Тергов ҳаракатлари эса ишдан бевосита манфаатдор бўлиб келаётган вилоят прокурорининг ўринбосарига олиб берилади.

Шундан сўнг Фарҳод Шайманов бош прокурор Рашид Қодировнинг қабулига бориб, унга конденсат масаласи бўйича бўлаётган воқеаларни айтиб ёрдам сўрайди. Лекин Р.Қодиров ҳеч қандай ёрдам бермай, ушбу жиноят ишидан четлатиш мақсадида Шаймановни Қашқадарё вилоят прукурорининг биринчи ўринбосари вазифасидан Сурхондарё вилоят прокурори ўринбосари вазифасига асоссиз ўтказиб юборади.

Рашид Қодиров

Қашқадарёдаги лавозимидан четлатилган Фарҳод Шаймановга нисбатан номаълум шахслар томонидан турли таъқиблар бошланади.

Бу орада «газоконденсат иши» бўйича тергов якунланиб, 67 нафар шахсга нисбатан ЖКнинг турли моддалари билан айб эълон қилиниб, тегишли эҳтиёт чоралари қўлланилиб, айблов хулосаси билан жиноят иши тегишли судловга юборилади. Иш вилоят судида кўриб чиқилиб, 67 киши тегишли жиноий жазога тортилади.

Тергов ишига тўсқинлик қилишга уринган кўплаб прокуратура ходимлари ҳам жиноий жавобгарликка тортилиб, лавозимлардан бўшатилади.

Фарҳод Шаймановнинг айтишича, газоконденсат ишидан манфаатдор бўлган собиқ бош прокурор Р.Қодиров уни Сурхондарё вилоят прокурори ўринбосари лавозимидан ҳам озод этиб, Зангиота туман прокурорининг ёрдамчиси лавозимига ўтказиб юборади.

Ноҳақ лавозимдан олиниши, руҳий зўриқиш, таъқиб ва таҳдидлар сабаб Шайманов соғлигини йўқотади. Оёққа тургач Зангиота туман прокурорининг ёрдамчиси лавозимига киришишга мажбур бўлади.

2008 йил 4 июль куни, Шаймановнинг ушбу вазифада ишлай бошлаганига 12 кун бўлганда унга нисбатан очиқдан очиқ туҳмат уюштирилади – муқаддам бир неча маротаба судланган шахс ёлланиб, Зангиота туман прокуратураси биносига кираверишдаги милиция пости ёнида чўнтагига пул тиқишга уринишади. Шайманов бунга қаршилик кўрсатиши оқибатида тезкор тадбир «кўнгилдагидек» чиқмайди. Аммо шунга қарамай, унга нисбатан Жиноят кодексининг 210-моддаси билан жиноят иши қўзғатилади. Руҳий ва жисмоний қийноқлар остида қолган Шайманов мазкур ишда айбланиб, суд ҳукми билан 8 йил муддатга озодликдан маҳрум этилади.

Қарийб 2 йил умрини қамоқда ўтказган Шайманов озодликка чиқибоқ, ўзини оқлашларини сўраб аризалар ёза бошлайди. Унинг турли инстанцияларга ёзган ариза ва шикоятлари сонининг саноғига етиб бўлмайди.

Шавкат Мирзиёев президент бўлиб сайлангач, Шаймановда умид учқунлари яна алангаланади. Такрор ва такрор йўлланаверган шикоятлар самара бериб, унинг айблилик масаласи қайта кўриб чиқилади. Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди апелляция инстанциясининг 2018 йил 20 апрелдаги ажрими билан Ф.Шайманов мутлақо айбсиз деб топилиб, оқланади.

Бош прокурорнинг 2018 йил 24 августдаги 869-сон буйруғига асосан, Ф.Шаймановнинг эгаллаб турган лавозимидан озод қилиниши ва прокуратура тизимидан четлатилиши ҳақидаги 04.07.2008 йилги 105-сонли буйруғи бекор қилинди. Адлия катта маслаҳатчиси даражали унвони тикланди.

Бироқ, Ф.Шайманов ўз лавозими ҳамда 14 йиллик иш стажи тикланишини, шу билан бирга кўрган моддий ва маънавий зарарлар қопланишини талаб қилиб, судга мурожаат қилган. Даъво киритиш учун қонун ҳужжатларида белгилаб қўйилган муддат ўтказиб юборилгани боис суд Шаймановнинг ишга тиклашга оид талабини рад этди. Аммо Ф.Шаймановнинг даъво талаблари қисман қаноатлантирилиб, унга етказилган маънавий зарар учун 100 млн сўм миқдорида компенсация тўланиши белгиланди. Фуқаролик суди Шаймановга моддий зарарни ундириш ҳақидаги талаб билан оқлов ҳукмини чиқарган судга мурожаат қилиш тартиби тушунтирилган.

Хаёлан бўлса-да ўтмишга қайтиш баъзида қийинчилик туғдиради. Нега? Чунки баъзида ўша ўтмиш бедарак йўқотилган, совурилган имкониятлар ҳақидаги мисолларни ўз ичига олади. Ва бу мисоллар эсга олинганда ҳар гал қалб ўртанади, зеро улар бўлмаганда воқелик бошқача кўриниш олиши мумкинлиги англанади.

Яқин ўтмишимиз ҳам шундай мисолларга бой. Ўша ўтмишда ҳар бир тизим ўзининг асл вазифасини тўғри бажарганда, юрт равнақи юқори лавозимлардаги бирқанча шахслар томонидан пулга сотилмаганда, бугунимиз ўзгача кўриниш олиши, мувофиқ равишда эртамизга ишончимиз ҳам ўзгача кучли бўларди.

Демак, бугунги кунда ҳар бир лавозим эгаси у ёки бу қилмиши билан юртнинг эртанги куни пойдеворини қўяётганини англаши, қўйган ҳар бир қадами келажакда акс-садо бериши ва табиийки, охират манзили учун номаи аъмолини битаётганини билиши керак.

Шокир Шарипов тайёрлади.
Тасвирчи – Нуриддин Нурсаидов.
Монтаж устаси – Абдусалим Абдувоҳидов.

Top