23:39 / 17.11.2020
19653

Путин Алиев билан дастлабки музокаралар Пашинян туфайли барбод бўлганини айтди

 Путиннинг айтишича, Пашинян Ереван урушни давом эттиришга тайёрлигини билдирган ва музокаралар барбод бўлган.

Фото: kremlin.ru

Россия президенти Владимир Путин октябрда бўлиб ўтган музокараларда Озарбойжон президенти Илҳом Алиевни Тоғли Қорабоғдаги жангларни тўхтатишга кўндиргани, аммо Арманистон бош вазири Никол Пашинян бунга қарши чиққанини айтди.

 Путиннинг сўзларига кўра, у 19-20 октябр кунлари Пашинян ва Алиев билан Тоғли Қорабоғ масаласида бир неча марта телефон орқали мулоқот қилган.

 «Ўшанда Озарбойжон қуролли кучлари Қорабоғнинг арзимас, жанубий қисмини назорат остига олганди. Умуман олганда, мен президент Алиевни жанговар ҳаракатларни қочқинларнинг уйларига қайтишлари шарти билан тўхтатишга кўндиргандим. Аммо кутилмаганда арманистонлик ҳамкорларимиз бу шартни қабул қилмасликларини билдиришди», — деди у.

 Россия президентининг сўзларига кўра, Пашинян унга бу Арманистон ва Қорабоғ манфаатларига  нисбатан таҳдид уйғотишини айтган. Путин бу қандай таҳдид эканлигини тушунмаётганлигини қайд этди. Унинг айтишича, ўшанда Пашинян Ереван урушни давом эттиришга тайёрлигини билдирган ва шу тарзда музокаралар барбод бўлган.

 9 ноябрда Озарбойжон президенти Илҳом Алиев, Арманистон бош вазири Никол Пашинян ва Россия президенти Владимир Путин Тоғли Қорабоғда ўт очишни тўхтатиш тўғрисида баёнот имзолади. Унга кўра, Озарбойжон ва Арманистон эгаллаб турган позицияларида қолади, минтақада россиялик тинчликпарварлар жойлаштирилади.

Мавзу
Қорабоғ уруши
12 июль куни Озарбойжон шимоли-ғарбидаги Товуз вилояти ҳудудида икки давлат қўшинлари ўртасида тўқнашув содир бўлди.
Барчаси
Top