Ўзбекистон | 18:53 / 17.11.2020
13120
5 дақиқада ўқилади

Вазир ўринбосари таълимнинг янги шакли – ПТТ қандай бўлиши борасида тушунтириш берди

Олий ва ўрта махсус таълим вазири ўринбосари Муродилла Холмуҳаммедов Ўзбекистондаги касб-ҳунар таълими тизими ўрнига жорий қилинаётган янги шакл – профессионал таълим тизими бўйича тушунтириш берди. Бу ҳақда Kun.uz мухбири хабар бермоқда.

Маълумот учун, Ўзбекистонда 2020 йилга қадар 1997 йил 29 августда қабул қилинган «Таълим тўғрисида»ги Қонун ва Кадрлар тайёрлаш миллий дастури асосида таълим тизимидаги босқичлардан бири сифатида ўрта махсус касб-ҳунар таълими номли профессионал таълим тизими амал қилди. Унга кўра, ўқувчилар 9+3 схемаси бўйича 12 йиллик умумий мажбурий бепул таълимни ўзлаштириш белгиланган эди.

Холмуҳаммедовга кўра, президент Мирзиёев томонидан 2019 йил 6 сентябр куни имзоланган «Профессионал таълим тизимини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармон бўйича аввалги, 23 йил амалда бўлган таълим тизими ҳам қайта, танқидий таҳлил қилинган. Бу таҳлилда эса тизим, унинг ёшлар, умуман, халққа қанчалик хизмат қилаётгани ўрганилган.

«Биз икки-уч йиллик ўрганиш давомида халқаро ташкилот, институтларнинг мутахассислари ва вазирликлар билан аввалги тизим ўрнига профессионал таълим тизими жорий қилишни ҳам келишиб олдик.

Хўш, биз йўлга қўйган янги профессионал таълим тизими аввалги касб-ҳунар таълим тизимидан нимаси билан фарқ қилади?

Жавоб шундай бўладики, аввалги таълим тизими бир хил қолипда, бир хил стандартда ишлайдиган ва давомийлиги 3 йил бўлган ўрта-махсус касб-ҳунар коллежларида ўтказиларди», – деди вазир ўринбосари 16 ноябр куни ўтказилган матбуот анжуманида.

Муродилла Холмуҳаммедов ўз нутқи давомида, шунингдек, Ўзбекистонда амалга киритилаётган ҳозирги, янги таълим шакли бўйича ҳам тушунтириш берди.

«Бу янги таълим шакли 3 йўналишга бўлинади.

Биринчи йўналишкасб-ҳунар мактаблари.

Ўқувчилар юқори синфда бошланғич профессионал таълим дастурлари асосида касбий тайёргарликдан ўтади. Касб-ҳунар мактабларининг сони 339 та қилиб белгиланди.

Биз касб-ҳунар мактабларига биринчи бор қабулни амалга оширдик ва ҳозир ўқув жараёнлари давом этяпти.

Иккинчи йўналиш — идоравий коллежлар.

Охирги йилларда Ўзбекистон иқтисодиётининг турли соҳаларига фаол тарзда катта инвестициялар киряпти. Бу инвестициялар бўйича жойларда қилинаётган лойиҳаларнинг барчаси янги инновацион технологияларда иш юритишга асосланган. Янги очилаётган иш ўринлари ҳам янги технологияларга асосланади.

Идоравий коллежларда эса шу ишларга мослашган кадрлар тайёрланади.

Шундай қилиб, биз ҳар бир вазирлик ва идораларга тақдимнома бердикки, улар ўз лойиҳаларини ҳаётга татбиқ қилишда иштирок этадиган мутахассисларни шу каби идоравий коллежларни тугатган мутахассислардан олади.

Учинчи йўналиштехникумлар тармоғи.

Бу йўналиш собиқ Шўро даврида фаолият кўрсатган техникумлардан тубдан фарқ қилади. Ҳозир бизда 185 та янги техникумлар фаолият бошлади. Сизда савол туғилиши мумкин: “Хўш, нимаси билан фарқ қилади?”

Биласиз, ҳар бир таълим муассасасининг асосий мақсади у ердаги таълим дастурида баён қилинади.

Бу техникумлар учун ҳам белгиланган профессионал дастурлар жорий қилиндики, унинг ўқув режалари аввалги техникумлардан фарқ қилади.

Унинг дастури олий таълим дастурлари билан уйғунлаштирилди. Шунга кўра, техникумларнинг ўқув режа ва дастурларига бакалавр босқичининг 4/1 қисмида шаклланадиган билим ва малакалар сингдирилди.

Энди президент ташаббуси билан имконият бериляптики, ўқувчи техникумнинг билим ва малакасини яхши ўзлаштирса, у битиргандан кейин ОТМга имтиҳонсиз  қабул қилиниши ва бакалаврнинг иккинчи курсидан ўқишни давом эттириши мумкин. Бу олдинги техникумлар тизимида бўлмаган.

Шундай қилиб бизда 3 тоифадаги таълим муассасаларининг тармоғи: касб-ҳунар мактабларидаги бошланғич профессионал, идоравий коллежларда ўрта профессионал ва техникумларда ўрта махсус профессионал таълим босқичлари, яъни янги таълим дастурлари шажараси пайдо бўлди.

Уларнинг ҳар бирида ўз мақсад ва миссияси бор. Биз ҳозир бу муассасалардаги таълимнинг натижаларини режалаштиряпмиз, маслаҳатлашяпмиз.

Ҳозир бу муассасаларга биринчи йил учун қабулни амалга оширяпмиз, аммо билиш керакки, бунинг ортида ҳали жуда мураккаб жараёнлар: ўқув жараёнини режалаштириш, ташкил қилиш ва натижаларини кўра билиш каби механизмлар турибди. Мана шу энг муҳим ислоҳотларимизнинг йўналишлари», — дея вазир ўринбосари сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири. 

 

Мавзуга оид