21:03 / 24.11.2020
6264

Андижон вилоятида қурилиш соҳасида 8 миллиард сўм талон-торож қилинган – прокуратура

Андижон вилоятида 2019 йил ва 2020 йилнинг ўтган даврида қурилиш соҳасида 8 млрд сўм талон-торож қилинган, қурилишга оид турли масалаларни ҳал қилиш учун қарийб 53 минг доллар пора олинган, йўл қўйилган қонун бузилиши ҳолатлари юзасидан ўтган икки йил мобайнида 48 нафар шахс жиноий жавобгарликка тортилган.

Андижон вилоят прокуратураси 2019 йилда ва 2020 йилнинг тўққиз ойи давомида ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан ҳудудда қурилиш соҳасида йўл қўйилган қонунбузарликлар ҳақида маълумот тақдим этди.

«Бугунги кунда соҳада тартиб-интизомни янада кучайтириш, давлат харидларида шаффофлик ва адолатни таъминлаш талаб этилсада, афсуски, қурилиш соҳаси энг коррупциялашган соҳа бўлиб қолмоқда. Бу соҳада йўл қўйилган қонун бузилиши ҳолатлари юзасидан 2019 йил ва 2020 йилнинг ўтган даврида 48 нафар шахс жиноий жавобгарликка тортилди», дейилади ахборотда.

Прокуратура қурилиш учун ер ажратиш, танлов ва тендер ўтказиш, шаҳарсозлик ҳужжатларини расмийлаштириш, муҳандислик-коммуникация тармоқларига уланиш жараёнлари айрим кимсалар учун бойлик орттириш манбаи бўлиб қолганини билдиради.

Ўтган икки йил давомида ушбу соҳанинг 11 нафар масъул ходимлари жиноий жавобгарликка тортилган.

Шунингдек, лойиҳа институтларининг 1 нафар, қурилиш бошқармасининг 1 нафар, «Ягона буюртмачи хизмати» инжиниринг компаниясининг 9 нафар, «Қишлоқ қурилиш инвест» компаниясининг 8 нафар, собиқ кадастр қўмитасининг 18 нафар масъул ходимлари қурилишга оид қинғир ишлари учун суд олдида жавоб берди.

Вазият шу даражага етиб борганки, коррупция аралашмаган бирорта қурилиш босқичи ёки йўналиши қолмаган.

Вилоятда ўтган икки йилда фақат тергов ўтказилган жиноят ишлари бўйича қурилиш соҳасида 8 млрд сўм талон-торож қилингани, қурилишга оид турли масалаларни ҳал қилиш учун қарийб 53 минг доллар пора олингани аниқланди.

Сўнгги йилларда бюджетдан молиялаштириладиган қурилиш ишлари учун белгиланган тартиб-таомилларга риоя қилмаслик, пудратчиларни таниш-билишчилик ёки пора эвазига танлаб олиш каби коррупциявий амалиёт авж олган.

Марҳамат туман қишлоқ хўжалиги бўлими бош мутахассиси А.А. фуқаро Ш.У.дан туман захирасида бўлган 0,1 гектар ер майдонини дастлаб ижара асосида фойдаланиш, сўнг унга эгалик ҳуқуқини берувчи қарор чиқарилишини ҳокимият орқали ҳал қилиб бериш эвазига 600 АҚШ доллари олганида ушланган. Лойиҳа-смета ҳужжатларини тайёрлаш жараёнлари ҳам коррупция ва суиистеъмолчиликлардан холи эмас.

Қурилишга ер ажратиш, рухсат бериш ва бошқа турдаги давлат хизматларини кўрсатиш эвазига Асака тумани қурилиш бўлими ходими 500 доллар олгани учун жиноий жавобгарликка тортилди», дейилади Kun.uz’га тақдим этилган маълумотда.

Top