Президентнинг “Ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш бўйича давлат дастурларини шакллантириш ва амалга ошириш жараёнларини самарали ташкил этишнинг қўшимча чоралари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлигининг марказий аппарати тузилмасида юридик шахс ташкил этмаган ҳолда лойиҳа офиси яратилди. У Ўзбекистон ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастурлари ҳамда бюджет тизими бюджетлари ҳисобидан молиялаштириладиган дастурларга мувофиқ қиймати 10 миллиард сўмдан юқори бўлган объектларни қуриш ва реконструкция қилиш бўйича тайёрланган лойиҳа-смета ҳужжатларини кўриб чиқиш ваколатига эга.
2024 йил 1 июлдан бошлаб объектларнинг смета қиймати «Қурилиш ресурслари миллий классификатори» электрон платформаси маълумотлари асосида шакллантирилади.
2024 йил 1 октябрдан бошлаб қурилиши тугалланган объектларни фойдаланишга қабул қилиш жараёни рақамлаштирилган ҳолда, «Шаффоф қурилиш» миллий ахборот тизимининг «Қурилишда давлат назорати» электрон платформаси орқали расмийлаштирилади.










