16:17 / 25.11.2020
24960

Деҳқонобод калий заводи қурилишида қатнашган юзлаб ишчилар етти йилдан бери маошини ололмаяпти. Аксинча, уларни «формалилар» қўрқитяпти

Қашқадарё вилояти Деҳқонобод туманидан бир гуруҳ фуқаролар мурожаат қилди. Уларнинг айтишича, мазкур тумандаги калий заводи қурилишида беш юздан ортиқ одам ишлатилган ва иш ҳақини ололмаган.

Kun.uz ушбу ҳолатни ўрганиш мақсадида Деҳқонобод туманида бўлди.

Маълумот ўрнида айтиш лозим, 2007 йил 17 декабрдаги президент қарорида «ЗУМК-Инжиниринг» (Россия) компанияси билан лойиҳалаштириш, қуриш, асбоб-ускуналар етказиб бериш ва ишга тушириш-созлаш ишлари юзасидан белгиланган тартибда шартномалар тузилган ҳамда рўйхатга олингани қайд этилган. Натижада, Деҳқонобод калийли ўғитлар заводининг қурилиш-монтаж ишларига Россия ва Ўзбекистондан мутахассис ва ишчилар шартнома асосида қабул қилинган.

Очиғи, Деҳқонобод тумани географик жойлашуви, у ердаги одамларнинг оғир турмуш тарзи ҳақида озгина тасаввурга эга бўлган одам ушбу қарорни қўллаб-қувватлайди. Чунки мазкур туман аҳолисининг кўпчилиги фақат чорвачилик билан кун кечиради. Таълим ва тиббиёт соҳасини ҳисобга олмаганда, кўпчилик оилаларда доимий иш топиш муаммо. Шундай экан, туманда катта бир заводнинг пайдо бўлаётгани ва унинг нафақат қурилиш жараёнида иштирок этиш, балки фойдаланишга топширилгандан сўнг ҳам ишлаш мумкин, деган хаёл кўпчиликка маъқул бўлади.

Бизга мурожаат қилганларнинг барчаси шу хаёлда бўлган. Афсуски, улар етти-саккиз йилдан буён иш ҳақини ололмай сарсон.

Масалан, Рашид Берназов 2009 йилда Деҳқонобод калий заводи шахтасида ҳайдовчи сифатида иш бошлаганини маълум қилди. Унинг айтишича, дастлабки йилларда иш ҳақлари ўз вақтида берилган, ҳаммаси улар кутганидек бўлган. 2013 йилга келиб, маош икки-уч ойда тарқатилган, ишчилардан қарздорлик ортиб бораверган. Шундан сўнг улар ишни тўхтатишга мажбур бўлган ва завод раҳбариятидан Россия компаниясидан маошларини олиб беришни талаб қилишган. «Заводнинг ўша вақтдаги раҳбари Ҳамидулла Шерматов биздан ишни тўхтатмасликни сўради ва маошимизни ўзи беришини айтди. Керак бўлса, завод қурилиб битгач, сизларни ишга оламан деди. Шундан кейин яна бир йил давомида ойликсиз ишладим. Айни вақтда биргина ўзимнинг ололмаган ойлигим 15 миллион сўмни ташкил қилмоқда», – дейди Рашид Берназов.

Зулфия Чориева ҳам калий заводи қурилишида иштирок этгани, фаррош бўлганини айтмоқда. 2013-2015 йилларда ишлаган ҳақини ололмаган. У ҳам кўпчилик ишчилар қатори заводнинг собиқ раҳбари Шерматовга мурожаат қилганида, сизлар мени билингизлар, ишни давом эттирингизлар, деган жавобни олган. Зулфия опа турмуш ўртоғи билан заводда ишлаган, биргина ўзининг ололмаган ойлиги 19 миллион сўмни ташкил қилмоқда. У киши айни вақтда турмуши оғирлигини, иш тополмаётганини маълум қилди. Заводда ишлаш тугул, дарвозасидан ҳам киролмаётганини билдирди.

Чори Тиловов айни вақтда унинг қўлида суд қарори борлиги ва унга кўра, компания 18 миллион сўмдан ортиқ қарздорлигини билдирди. Суд қарорига кирмаган яна бир йиллик иш ҳақимдан умид ҳам қилмаяпман. «Қўлимиздаги ҳужжатларга асосан мажбурий ижро бюросига мурожаат қилдик. Қарздорликни «ЗУМК-Инжиниринг» компаниясининг шу ердаги мулкига қаратишни сўрадик. МИБ эса компаниянинг мулки йўқлигини важ қиляпти. Ваҳоланки, 50 дан ортиқ техникаси, бир неча омбор мулки калий заводида турибди», – деди Чори ака.

Омоншукур Эрдонаев калий заводи шахтасида 2009 йилдан то 2019 йилгача, пенсияга чиққунга қадар қоровул бўлиб ишлаган. «Бир ярим миллиардлик ускуналарга масъул эдим. 2013 йилдан бу ёғига ойликсиз ишладим, охири ишни ташлаб кетишга мажбур бўлдим. Ускуналарга на калий завод қарайди, на «ўрис» сўрайди. Салкам қирқ миллион сўм ойлигимга куйиб турибман. Соҳага масъул барча ташкилотларга ёздик. Россия компанияси ўзларига бўйсунмаслигини айтмоқда. Энди тасаввур қилинг, кимё вазирлигининг («Ўзкимёсаноат» АЖ – таҳр.) рухсатисиз хориж компанияси қандай қилиб Ўзбекистонга кириб келган? Шартнома қилинган-ку!» – дейди Омоншукур Эрдонаев.

Калий заводи қурилишида қатнашган деҳқонободликларнинг айтишича, 500 дан ортиқ одам иш ҳақини ололмаган. Шуниси аниқки, улар шунчаки даъво қилишмаяпти. Ҳар бир гапи, иддаоси асосли. Суд қарори ва керакли барча ҳужжатлари бор. Аммо уларнинг ҳақини хориж компаниясидан ундириб берадиган бирор бир қудратли ташкилот топилмаяпти.

Ишчилар энг кўп тилга олган мажбурий ижро бюросида бу ҳолат қайси жараёнда тургани билан қизиқдик. Туман МИБ бошлиғи Отабек Тоғаев ҳозирги вақтда мазкур ишга оид ижро варақаси мавжуд эмаслигини айтди.

Қашқадарё вилоят прокуратурасининг 2020 йил 27 июлда ишчи Менгали Маҳматмуродовга берган жавоб хатида фуқаролик ишлари бўйича Қарши туманлараро судининг қарорига асосан иш ҳақи ва маънавий зарарни ундириш Деҳқонобод тумани мажбурий ижро бюросига келиб тушган. «ЗУМК-Инжиниринг» компаниясидан юридик ташкилотлар фойдасига 986 827 755 сўм қарздорлик, Деҳқонобод туман давлат солиқ инспекцияси фойдасига 5 673 472 342 сўм, Ангрен тумани давлат солиқ инспекцияси фойдасига 18 445 150 сўм солиқ қарздорлиги ва собиқ ишчиларга тўланмасдан қолган 1 170 289 629 сўм иш ҳақи ундириш билан боғлиқ ижро ҳужжатлари мавжудлиги айтилган. Аммо «ЗУМК-Инжиниринг» компанияси жойлашган юридик манзил кўздан кечирилганда, мол-мулк аниқланмаган.

Қашқадарё вилоят прокуратураси маълумотига кўра, ижро ҳаракатлари давомида «ЗУМК-Инжиниринг» компанияси ҳисобидан 2018 йилнинг июн ойида 561 319 335 сўм ундирилиб, 380 367 052 сўми солиқ қарздорлиги учун Деҳқонобод туман давлат солиқ инспекцияси фойдасига ва 173 276 680 сўми эса ундирувчиларнинг ҳар бирига тенг тақсимланган ҳолда иш ҳақи ҳамда моддий зарарнинг 10 фоизи уларнинг пластик картасига ўтказиб берилган.

Россия Федерацияси Перм вилояти арбитраж судининг 2018 йил 25 июндаги ажримига кўра, қарздор «ЗУМК-Инжиниринг» компанияси банкрот деб топилган ва Метла Анастасия Сергеевна суд тугатиш бошқарувчиси этиб тайинланган.

Ҳозирги кунда суд тугатиш бошқарувчиси томонидан компанияни тугатиш ишлари олиб борилаётган бўлиб, келгусида мол-мулки тегишли тартибда баҳоланиши, сотилганидан сўнг тушган пул маблағлари қарздорликни қоплашга қаратилиши маълум қилинган.

Эътибор қилинг, компанияни суд банкрот деб топганига ҳам икки йилдан ошяпти. Ҳали ҳам жараён якунланмаган, қачон якунланиши ҳам маълум эмас!

Англашиладики, хорижлик компания бугунги кунда банкрот бўлган ва у ишлатган ўзбекистонлик ишчилар йиллаб ойлигини ололмай сарсон бўляпти. Ҳали улар мол-мулк қачон баҳоланади, қандай баҳоланади ва қачонгача кутишади, ўзлари ҳам билмайди. Аччиқ ҳақиқат шундаки, айни вақтда улар моддий ва маънавий зарар кўраётган бир вақтда ҳамманинг қўли калта. Чунки «қоғозлар гапиряпти». «Қонунда шундай, истасангиз, юқори турувчи ташкилотга мурожаат қилинг» деб жавоб бериляпти. Собиқ ишчилар ҳар қанча ёзмасин, наф йўқ, жараённи кутишга мажбур.

Айнан мана шу ҳолат хорижий компанияларни Ўзбекистонга олиб кириш, маҳаллий аҳолини ишлатиш, хавфсизлик, иш ҳақи кафолати каби масалаларда нималарга эътибор қаратиш лозимлигига ишора қиляпти.

Дарвоқе, «Деҳқонобод калий заводи» акциядорлик жамияти бошқаруви раиси Ойбек Қурбонов билан суҳбатлашдик. У ҳам ушбу воқеалардан яхши хабардор эканлиги, собиқ ишчилар ҳам унга бир неча марта мурожаат қилганини маълум қилди. «Бу масалада мен ҳам собиқ ишчилар томонидаман, улар ҳақ. Айтишим мумкинки, нафақат завод қурилишида қатнашган ишчилар, балки заводнинг ҳам «ЗУМК-Инжиниринг» компаниясидан даъвоси бор, шартнома талаблари бажарилмаган. Қурилиш ишлари якунига етказилмаган», – деди Ойбек Қурбонов.

Kun.uz мухбирлари Деҳқонободдаги муаммони ўрганиб қайтганидан сўнг, мурожаатчилар телефон орқали бизга алоқага чиқди. Ишчиларнинг айтишича, ўша куни кечқурун «формали» ходимлар уларни олиб кетишган. Собиқ ишчилар билан тушунтириш ишлари олиб борилган, ўзига хос услубда танбеҳ берилган...

Масала шундаки, бугун уларга танбеҳ бериш, тилини тийишга ундаш эмас, кўнглига қараш, ҳақини ундириб бериш, лозим бўлса, келгусида ҳам иш билан таъминлаш ҳақида бош қотирилса, адолатли бўларди.

Исомиддин ПЎЛАТОВ,
Kun.uz мухбири.
Тасвирчи: Фахриддин ҲОТАМОВ.

Мавзу
Kun.uz суриштируви
Kun.uz халқ мурожаатлари асосида жойларда бўлиб, муаммоларни ўрганмоқда ва холисона ёритмоқда.
Барчаси
Top