Ҳенри Форднинг дадил қадами

19-асрнинг иккинчи ярмига келиб Ғарбда саноат инқилоби юз бера бошлаганди. Йирик завод ва фабрикаларда ишчиларининг аҳволи қийин ва меҳнати оғир эди. Бу даврда ишчилар кўпинча ҳафта давомида ҳар куни 15-16 соат давомида ишларди. Дам олиш кунлари, агар улар мавжуд бўлса ҳам, кўпинча фақат якшанба кунига берилган ва бу кун асосан диний расм-русумларни адо этиб олиш учун ажратилган.

Ҳафтасига 2 кун дам олиш тизими 19-асрда саноат инқилоби даврида кенг тарқалди. Ҳенри Форд ва унинг компанияси, Ford Motor Company 1926 йил 1 май куни шанба ва якшанбани дам олиш куни сифатида белгилаб, беш кунлик иш ҳафтасини жорий қилган. Бу ҳаракат жамиятдаги умумий қабул қилинган нормаларга қарши чиқиш бўлса-да, ишчиларнинг ишга содиқлигини ва уларнинг иш берувчига бўлган ҳурматини оширган. Шу билан бирга, Форднинг ишчилари бошқалардан анча кўп ойлик ҳам олишарди. Ўша вақтда бошқа компаниялар ишчиларига кунлик минимал иш ҳақи сифатида 2,34 доллар тўлашаётган бир пайтда, Форд ўз ишчиларига 5 доллар тўлаган. Бу эса стандарт минимал иш ҳақидан 2 баравар кўп эди.

Америкада 1920 йилларда иш ҳафтасини қисқартириш учун кўплаб иш ташлашлар ва ишчилар ҳаракати бўлиб ўтган. Масалан, 1919 йилда полициячилар ва кўмир кони ишчилари иш ташлаган, бу эса иш шароитлари ва иш ҳақи яхшиланишига олиб келган. Шунингдек, стандарт беш кунлик иш ҳафтасининг жорий этилишига ҳам таъсир қилган. Форднинг қарори эса иш вақти ва дам олиш кунларини қисқартириш бўйича глобал ўзгаришларга туртки бўлиб, кейинчалик кўплаб компаниялар томонидан қабул қилинган воқеа сифатида тарихда қолди.

Японияда узоқ ишлаш ўлимга сабаб бўляпти

Дам олишнинг тиббий ва руҳий жиҳатдан фойдали эканлиги кўпчиликка маълум. Дам жисмоний ва руҳий чарчоқни камайтириш, стресс даражасини пасайтириш ва шахсий ҳаёт билан иш ўртасидаги мувозанатни сақлашда катта рол ўйнайди. Буни Япониядаги иш соатлари сабаб бўлаётган ўлимлар статискасига қараб ҳам билиш мумкин. Японлар узоқ вақт давомида ҳаддан ташқари ишлашдан пайдо бўладиган зўриқиш натижасидаги ўлимни “кароши” деб атайди. 2022 йилда Японияда кароши сабаб ўз жонига қасд қилиш оқибатида жами 2968 киши ҳалок бўлган. Бу 2021 йилдагидан 1935 нафарга кўп. Мамлакат соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, кароши иш вақти билан боғлиқ ҳолат. Японияда эркакларнинг 10,1 фоизи ҳафтасига камида 60 соат ишласа, аёлларнинг 4,2 фоизи ҳафтасига 60 соатдан ошиқ ишлайди.

Ишдан зўриқиш оқибатлари