14:36 / 26.11.2020
10627

Самарқандда яқиндагина қурилган янги кўча яна ковланиши мумкин: йўл ўртасидан сув сизиб чиқди

Бундан бир ой олдин тантанали тарзда фойдаланишга топширилган Самарқанд шаҳридаги гастрономик кўчанинг бир қисми яна бузиладиганга ўхшайди.

Бугун, 26 ноябр куни, кўчанинг марказий қисмида сув сизиб чиқа бошлади. Бир неча соат ичида йўлнинг сув чиқаётган қисмида ёриқлар пайдо бўлган. Чиқаётган сув аллақачон йўлнинг тенг ярмига етган.

Самарқанд шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати мазкур муаммо мутасаддилар томонидан ўрганилгани ва бартараф этиш ишлари олиб борилаётганини маълум қилди.

Орзи Маҳмудов кўчаси ўрнида ташкил этилган мазкур гастрономик кўча очилиш маросимида бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов иштирок этганди.

Тадбирда вилоят туризмни ривожлантириш департаменти вакиллари кўча мамлакатимиздаги биринчи гастрономик кўча бўлиши, унинг икки томони бўйлаб қаҳвахоналар, пиццериялар, шунингдек, умуман дунёнинг 30 дан ортиқ халқлари таомлари тайёрланиши айтилган. Шунингдек, келгусида Орзи Маҳмудов кўчасида турли фестиваллар ўтказиш, кўча мусиқачилари ва рассомларини жалб қилиш режалаштирилган.

Орзи Маҳмудов кўчаси Вазирлар Маҳкамаси қарорига асосан гастрономик кўчага айлантирилган.

Вазирлар Маҳкамасининг “Самарқанд вилоятининг туризм салоҳиятидан самарали фойдаланиш ва уни ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида Орзи Маҳмудов кўчаси - гастрономик туризмни ривожлантириш бўйича махсус ҳудуд ташкил қилиш, хусусан, турли мамлакатлар таомлари тайёрланадиган овқатланиш нуқталарини ташкил қилиш ва уларни тунги вақтда ҳам ишлашини таъминлаш кўзда тутилган.

Top