13:40 / 27.11.2020
5640

Тошкент давлат стоматология институтида Тиббиёт олийгоҳлари талабалари ўртасида халқаро онлайн олимпиада ўтказилди

Фото: Тошкент давлат стоматология институти

26-27 ноябр кунлари Тошкент давлат стоматология институтида халқаро тиббиёт йўналишлари бўйича «XXI асрда Буюк ипак йўли тиббиёти: замонавий ривожланиш векторлари» халқаро онлайн олимпиадаси ўтказилди.

Мазкур олимпиадада Франция, Жанубий Корея, Буюк Британия, Япония, Испания, Чехия, Россия, Қозоғистон, Қирғизистон, Озарбойжон, Украина давлатларининг 42 та тиббий олий таълим муассасаларининг даволаш, стоматология, педиатрия ва тиббий-педагогик таълим йўналишларининг 250 дан ортиқ талабаси иштирок этди.

Олимпиада мусобақалари олий таълим муассасаларининг видеотақдимотлари, илмий-амалий конференция, ижодий танлов, стоматология ва даволаш иши, фундаментал фанлар ва виртуал тиббиёт йўналишларини ўз ичига олди.

Мутахассисликлар бўйича танловлар қуйидаги йўналишлар бўйича ўтказилди:

Стоматология йўналишида: ортопедик стоматология, жарроҳлик стоматологияси, болалар терапевтик стоматологияси ва ортодонтия.

Даволаш иши йўналишида: ички касалликлар, умумий жарроҳлик, отолорингология, дерматовенерология, офтальмология, асаб касалликлари йўналишларида беллашилди.

Фундаментал фанлардан: нормал физиология, топографик анатомия, микробиология, гистология, кимё, лотин тили фанларидан ўз билимларини синаб кўришди.

МДҲ давлатлари орасида илк маротаба виртуал стоматология йўналишида мусобақалар ташкил этилди. Мазкур мусобақалар инновацион 3D – симуляторларда ўтказилиб, дунёнинг нуфузли олий таълим муассасалари талабалари иштирок этишди. Хусусан, Франциянинг Лотарингия университети, Англиянинг Шейфлид университети, Испаниянинг Адема университети.

Маълумот ўрнида айтиш мумкинки, Тошкент давлат стоматология институти Ўзбекистондаги олий таълим муассасалари орасида 10-ўринни, тиббиёт ОТМ орасида иккинчи ўринни эгаллаган.

Тошкент давлат стоматология институти ахборот хизмати

Top