
Тиббий олий таълим муассасалари талабаларининг ижтимоий аҳволи, уларнинг муаммоларини бевосита ҳал этиш, маънавий-маърифий ва тарбиявий ишлар самарадорлигини янада ошириш бир қатор Давлат дастурларида белгиланди.
2022 – 2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида республика олий таълим муассасаларида талабаларни турар жой билан қамраб олиш даражасини ошириш, барча қулайликларга эга бўлган замонавий талабалар турар жойларини қуриш учун қўшимча шароитлар яратиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилиб, олий таълим муассасалари талабалари учун янги замонавий турар жойлар барпо этилмоқда ва фойдаланиш учун талабалар ихтиёрига топширилмоқда
Жумладан, навбатдаги талабалар турар жойи биноси Тошкент давлат стоматология институти томонидан фойдаланишга топширилди.
Жорий йил 3 апрель куни тантанали очилиш маросими ташкил этилиб, турар жой биноси Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазири А.Ш.Иноятов ҳамда институт ректори Н.Қ.Хайдаров томонидан рамзий очилиб, талабалар ихтиёрига топширилди. Тадбирда институт профессор – ўқитувчилари ва талабалари иштирок этишди.

Ушбу турар жой биноси Ўзбекистон Республикаси янги Конституцияси бўйича референдум арафасида фойдаланишга топширилиши институт талаблари ва жамоаси учун қўшалоқ байрамга айланди.
Тошкент давлат стоматология институти ва тадбиркорлар билан ўзаро ҳамкорлик маҳсули сифатида қад ростлаган талабалар турар жойи мажмуаси 400 ўринга мўлжалланган. Талабалар бўш вақтини мазмунли ўтказиши, мароқли дам олиши учун бу ерда барча зарур шароитлар яратилган.
Турар жой биноси замонавий ахборот технологиялари, компьютер хоналари, ахборот-ресурс маркази, санъатга қизиқувчи ёшлар учун чолғу асбоблари билан таьминланган, шу билан бирга, дам олиш ва маиший хоналари мавжуд.
Маълумот ўрнида таъкидлаш жоиз, талабалар турар жойига биринчи навбатда олис вилоятлар ҳамда туманлардан қатнаб ўқийдиган кам таъминланган, етим, боқувчисидан айрилган, “Темир дафтар”га киритилган оилаларнинг фарзандлари жойлаштирилади.
Мазкур турар жойнинг фойдаланишга топширилиши натижасида институт талабалари учун ётоқхоналар сони 2 тага етди ва 2024 йилда яна 1 та 400 ўринли бино фойдаланишга топширилиши режалаштирилмоқда.
















