14:26 / 02.12.2020
5397

Қўқонда миллий ҳунармандчилик ва туризм маркази барпо этилмоқда

Фарғона вилоятининг Қўқон шаҳрида амалга оширилаётган қурилиш ва бунёдкорлик ишлари билан таништириш мақсадида уюштирилган пресс-тур давомида журналист ва блогерлар барпо этилаётган объектларга олиб борилди.

Пресс-тур иштирокчилари дастлаб, шаҳарнинг Боғистон кўчаси ҳудудида бунёд этилаётган Миллий ҳунармандчилик ва туризм марказининг қурилиш жараёнлари билан танишди.

Марказ қурилишига масъул бўлган қурувчи Анваржон Эҳсоновнинг маълум қилишича, мажмуанинг умумий майдони 17 гектарни ташкил қилади. Бу ерда савдо, хизмат кўрсатиш, ҳамда 34та ҳунармандлар растаси барпо этилмоқда. Шунингдек, бу ерда туризмни ривожлантириш мақсадида Ўрда мажмуаси, 80 ўринли меҳмонхона, ҳунармандлар саройи, 4 гектар ер майдонида эса болалар учун ёзги оромгоҳ қурилади.

Мажмуанинг бош режасида ҳудудда ҳунармандлар учун уй-жой қуриш ҳам кўзда тутилган. Мажмуа 2021 йилнинг август-сентябр ойларида фойдаланишга топширилиши режалаштирилмоқда.

Қўқон шаҳрининг Шоҳрухобод кўчасида чин етимлар, ижтимоий муҳофазага муҳтож оилалар учун қурилаётган кўп қаватли уй-жойларнинг қурилиш объекти медиа тур иштирокчиларининг навбатдаги манзили бўлди.

Ҳар бири 40 хўжаликка мослашган 2та кўп қаватли мазкур уйлар 5 қаватдан иборат бўлади. Қурувчиларнинг маълум қилишича, уй-жой саховатпеша қўқонликларнинг ҳомийлик ва хайрия маблағлари ҳисобига барпо этилмоқда. Қурилиш ишлари якунлангач, уй-жойлар биринчи навбатда шаҳардаги меҳрибонлик уйида тарбияланиб чиққан чин етимларга бепул берилади.

Журналист ва блогерлар Қўқон шаҳрида фаолият олиб бораётган «Зумруд» текстил корхонаси фаолияти билан ҳам танишишди.

Пресс-тур якунида Қўқон шаҳри ҳокимлигида шаҳар ҳокими Маъруфжон Усмонов иштирокида матбуот анжумани ташкил этилди.

Унда журналист ва блогерлар шаҳардаги ободонлаштириш, қурилиш-бунёдкорлик, соғлиқни сақлаш, таълим, тадбиркорлик фаолияти, куз-қиш мавсумига тайёргарлик жараёнлари бўйича ўзларини қизиқтирган саволларига жавоб олишди.

Файзулло Султонов, Kun.uz мухбири

Top