08:45 / 02.12.2020
6137

«Судлар тўғрисида»ги қонун лойиҳаси эълон қилинди

Ўзбекистонда суд ҳокимияти фақат судлар томонидан судьялар ва қонунда назарда тутилган ҳолларда одил судловни амалга оширишга жалб этиладиган халқ маслаҳатчилари орқали амалга оширилади.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида “Судлар тўғрисида”ги қонун лойиҳаси эълон қилинди.

Ўзбекистонда суд ҳокимияти давлат ҳокимиятининг алоҳида тармоғи бўлиб қонун чиқарувчи ва ижро этувчи ҳокимиятлардан, сиёсий партиялардан, бошқа жамоат бирлашмаларидан мустақил ҳолда фаолият кўрсатади.

Қонунга кўра судлар томонидан кўриб чиқилиши лозим бўлган мурожаатлар, аризалар ва шикоятлар бошқа органлар ёки мансабдор шахслар томонидан кўриб чиқилиши ёхуд назоратга олиниши мумкин эмас.
 
Ўзбекистонда:

  • Конституциявий суд;
  • Олий суд;
  • Ҳарбий суд;
  • Қорақалпоғистон Республикаси умумий юрисдикция суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар умумий юрисдикция судлари;
  • Қорақалпоғистон Республикаси маъмурий суди, вилоятлар, Тошкент шаҳар маъмурий судлари;
  • фуқаролик ишлари бўйича туманлараро, туман (шаҳар) судлари;
  • жиноят ишлари бўйича туман (шаҳар) судлари;
  • туманлараро, туман (шаҳар) иқтисодий судлари;
  • туманлараро маъмурий судлари;
  • ҳудудий ҳарбий судлар фаолият кўрсатади.

Ўзбекистонда ишларнинг тоифаларига кўра судларнинг ихтисослашуви амалга оширилиши мумкин.

Фавқулодда судлар тузишга йўл қўйилмайди.

Ҳамма судларда ишлар очиқ кўрилади. Ишларни ёпиқ мажлисда кўриб чиқишга фақат қонунда белгиланган ҳолларда йўл қўйилади.

Очиқ суд мажлисида исталган шахслар ҳозир бўлиш ҳуқуқига эга. Шахс томонидан судга ёки суд процесси иштирокчиларига нисбатан ҳурматсизликдан далолат берувчи ҳаракатлар содир этилган тақдирда, бундай шахс суд мажлиси залидан чиқариб юборилиши мумкин.

Суд мажлиси залида ҳозир бўлган шахслар, оммавий ахборот воситаларининг вакиллари суд мажлиси залида қонунда белгиланган тартибда фото суратга олишни ва видео ҳамда аудио ёзувни амалга ошириши мумкин.

Суд процесси иштирокчиларига қонунда белгиланган тартибда видеоконференция режимида суд мажлисида иштирок этиш имконияти таъминланади.

Суд мажлиси бунинг учун махсус жиҳозланган хонада – тарафлар ўз процессуал ҳуқуқларини рўёбга чиқаришлари ва процессуал мажбуриятларини бажаришлари учун барча шароитлар яратилган суд мажлислари залида ўтказилади.

Ўзбекистон фуқаролари, чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар давлат органлари ва бошқа органларнинг, мансабдор шахсларнинг ҳар қандай ғайриқонуний хатти-ҳаракатларидан (қарорларидан), шунингдек ҳаёти ва соғлиғи, шаъни ва қадр-қиммати, шахсий эркинлиги ва мол-мулки, бошқа ҳуқуқ ва эркинликларига тажовузлардан суд ҳимоясида бўлиш ҳуқуқига эга. Корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар ҳам суд ҳимоясида бўлиш ҳуқуқига эгадир.

Қонунда назарда тутилган ҳолларда фуқаролар, чет эл фуқаролари, фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг, корхоналар, муассасалар ва ташкилотларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида ишни суд муҳокамаларида кўришда прокурор иштирок этади.

Айбланувчи, унинг айби қонунда назарда тутилган тартибда исботланмагунга ва суднинг қонуний кучга кирган ҳукми билан аниқланмагунга қадар, айбсиз ҳисобланади.

Ҳеч ким суд қарорига асосланмаган ҳолда қамоққа олиниши мумкин эмас.

Top