08:51 / 03.12.2020
14030

2021 йилда саёҳатлар учун энг хавфли ва энг хавфсиз мамлакатлар маълум қилинди  

Фото: yandex.ru

International SOS халқаро экспертлари 2021 йилда саёҳатлар учун энг хавфсиз ва энг хавфли давлатлар интерактив харитасини тузди. Мутахассислар ўзлари бажарган иш 2021 йилда одамларга саёҳат қилишни режалаштиришда асқотишига умид билдиришган, деб хабар бермоқда Daily Mail нашри. 

Ҳар йил тузилувчи ушбу харита сайёҳлар қайси давлатда сиёсий зўравонликлар, ижтимоий ғалаёнлар, зўравонлик ва жиноятчилик хавфи ҳамда жорий йилда долзарб бўлган пандемия таъсирига дуч келишлари мумкинлигини кўрсатади.

Харитага кўра, 2021 йилда ташрифлар учун энг хавфли давлатлар Ливия, Сурия, Афғонистон, Ироқ ва  Марказий Африка Республикаси ҳисобланади. Энг хавфсиз жойлар сифатида Гренландия, Швейцария, Словения, Норвегия, Финляндия, Дания, шунингдек, Кабо-Верде, Ангиля, Теркс ва Кайкос каби орол давлатлар эътироф этилган.

Таъкидлаб ўтиш жоиз, Ўзбекистон ушбу харитада хавф даражаси паст бўлган давлатлар қаторидан жой олган.

International SOS, шунингдек, коронавирус хавфи даражаси бўйича харитани ҳам тайёрлаган.

Унга кўра, коронавирус таъсирини энг кам ҳис қилган давлатлар Янги Зеландия, Танзания ва Никарагуа ҳисобланади.

Бу борада фақат бир давлат - Грузия пандемиянинг таъсирини жуда кучли ҳис қилган давлат сифатида белгиланган. Ўзбекистон коронавирус хавфи паст даражадаги давлатлар қаторига киритилган.

Бунда соғлик ва хавфсизликка хавф солувчи асосий омиллар, коронавирус билан боғлиқ фаоллик, сафарларга киритилган маҳаллий чекловлар ва коронавирус оқибатларини юмшатиш бўйича чоралар самарадорлиги эътиборга олинган.

Мутахассислар томонидан яна бир харита тузилган бўлиб, у 2021 йилда дунё давлатларида тиббий муаммолар ёки касалликлар вужудга келиши эҳтимолий хавфини кўрсатади.

Ушбу харитага кўра, саломатлик билан муаммоларга дуч келиш хавфи юқори бўлган давлатларга Шимолий Корея, Ливия, Жанубий Судан ва Яман киради. Бу борада Европанинг аксарият давлатлари, Канада, АҚШ, Янги Зеландия, Австралия, Жанубий Корея ва Япония энг хавфсиз давлатлар деб топилган.   

Ўзбекистон эса ўртача хавфга эга давлат сифатида эътироф этилган.

Top