23:19 / 03.12.2020
3805

Ўзбекистонда имконияти чекланганлар билан боғлиқ қонунчилик халқаро талабларга тўла мос эмас — ЮНИСЕФ

Ўзбекистонда соғлом инсонлар ногиронлиги бор шахсларга қараганда 2 баравар кўпроқ ўз ҳуқуқларидан эркин тарзда фойдалана олади. ЮНИСЕФнинг БМТ ва Ўзбекистон ҳукумати билан биргаликда ўтказган тадқиқотлари шундай натижани кўрсатган.

Фото: Getty Images

ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги доимий вакили Мунир Мамедзаде Халқаро ногиронлар куни муносабати билан ташкил қилинган конференцияда шу ҳақда маълумот берди.

«Имконияти чекланганлар ҳуқуқлари билан ишлаш борасида алоҳида ёндашув талаб қилинмоқда. Ўзбекистонда бу борадаги қонунчилик тизимини такомиллаштириш зарур. Афсуски, мавжуд қонунчилик тизими тўла ҳимояни амалга ошира олмаяпти.

Яқинда қабул қилинган «Ногиронлиги бор шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида»ги қонунга «ногиронлик белгиси билан дискриминация қилиш», «ногиронликни аниқлаш» тушунчалари киритилди. Бундан жуда хурсандмиз. Лекин умумий олганда, миллий қонунчилик халқаро қонунчилик нормалари ва «Ногиронлиги бор шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида»ги халқаро конвенция талабларига тўла жавоб бермайди», – деди ЮНИСЕФ вакили конференцияда.

Мунир Мамедзаденинг таъкидлашича, имконияти чекланганлар таълими билан боғлиқ муаммолар ҳам бор.

«Масалан, Ўзбекистонда соғлом болалар 100 фоиз ўрта таълим олиш имконига эга бўлса, имконияти чекланган болаларнинг 83 фоизи бунга муваффақ бўляпти. Умуман олганда, бу ёмон кўрсаткич эмас.

Имконияти чекланган болаларнинг мактабгача таълим билан қамраб олиниши эса соғлом болаларга қараганда 20 фоиз камроқ», – деди Мунир Мамедзаде.

Унинг қайд этишича, айни пайтда Халқ таълими вазирлиги билан таълим масалалари бўйича ҳамкорликда ишланмоқда.

Top