22:49 / 09.12.2020
20990

Ўзбекистон ёшларининг катта қисми пора беришни коррупция деб ҳисобламайди — сўровнома

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ва U-Report платформаси ёшлар ўртасида сўров ўтказди. Унда ёшларнинг коррупцияга доир қарашлари ҳақида сўралди.

Агентлик хабарига кўра, Ўзбекистоннинг барча ҳудудларидан 15 507 нафар респондент қатнашган. Уларнинг 30 фоизи – хотин-қизлар.

Коррупция нима?

Сўралганларнинг ярми (53 фоиз) коррупция – пора бериш ва олишдан тортиб, ўғрилик ва ваколатни суиистеъмол қилишга қадар бўлган барча ҳаракатларни ўз ичига олишини қайд этишган.

Шуниси эътиборлики, респондентларнинг 34 фоизи пора бериш коррупция эмас, деб ҳисоблашар экан. 13 фоиз респондентнинг фикрига кўра, коррупцияни фақат пора бериш юзага келтиради.

Коррупцияда ким кўпроқ айбдор?

Бу саволга 70 фоиз респондент ҳам пора берувчи, ҳам пора олувчи, деб жавоб берди. Бу фикрнинг тарафдорлари кўпроқ аёллар бўлди (76 фоиз). Эркаклар эса пора олувчи кўпроқ айбдор деб ҳисоблайди (19 фоиз).

Коррупциянинг 5та асосий сабаби

Респондентлар фикрига кўра, коррупциянинг асосий сабаблари қуйидагилар:

  • иш ҳақи миқдорининг пастлиги (22 фоиз);
  • мансабдор шахсларнинг даромадлари ва харажатлари устидан назоратнинг йўқлиги (15 фоиз);
  • ҳуқуқий саводхонликнинг пастлиги (12 фоиз);
  • давлат хизматчиларининг амалпарастлиги (11 фоиз);
  •  коррупция учун жазо муқаррар эмаслиги (10 фоиз).

Сўров иштирокчиларининг 5 фоизи бу саволни менталитет билан боғлашган.

«Бошқа» вариантини танлаган респондентларнинг 5 фоизи самарасиз давлат бошқаруви, эскирган ҳужжатбозлик тизими, ишламайдиган қонунлар ва номукаммал меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар, иқтисодиётнинг яхши ривожланмагани, монополиянинг мавжудлиги ва бошқаларни сабаб қилиб келтиришган.

Охирги 2 йил ичида қайси соҳаларда коррупцияга дуч келгансиз?

Жавоблар қуйидагича бўлди: таълим (21 фоиз), соғлиқни сақлаш (14 фоиз), бандлик (12 фоиз), прокуратура ва ички ишлар органлари (10 фоиз).

Респондентларнинг 18 фоизи сўнгги икки йил ичида коррупция ҳолатларига дуч келмаганлигини таъкидлаган (эркакларга нисбатан кўпроқ аёллар). Қизиғи, респондентлар савдо ва хизмат кўрсатиш соҳаларида коррупцияга деярли дуч келмаган.

Коррупцияга дуч келсангиз...

Сўралганларнинг 65 фоизи прокуратура ёки ички ишлар органларига мурожаат қилмаган. Уларнинг 40 фоизи бу бефойда деб ҳисоблайди, 13 фоизи қасос олишларидан қўрқади ва 12 фоизи ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари томонидан бўладиган расмиятчиликлардан қочишади.

Сўров иштирокчиларининг 4 фоизигина прокуратура ва ички ишлар органларига мурожаат қилишган.

Респондентларнинг 41 фоизи коррупция ҳолатлари тўғрисида хабар беришга тайёр эмас: уларнинг 26 фоизи бунга шубҳа билан қарашади.

Коррупция тўғрисида аноним равишда хабар беришга тайёр бўлганлар орасида давлат хизматчилари, олий ўқув юртлари талабалари, таълим ва хизмат кўрсатиш соҳаси ходимлари кўпроқ, яъни қарийб 36 фоиз.

Ҳудудлар кесимида таҳлил қилинганда, коррупция ҳолатлари тўғрисида хабар беришга тайёр бўлганларнинг энг кўпи Сирдарё вилоятида – 28 фоиз, энг ками – Тошкент ва Наманган вилоятида.

Пойтахтда респондентларнинг 40 фоизи коррупция тўғрисида маълумот беришга рози, аммо анонимлик асосида. Бунга ишонмайдиганларнинг аксарияти ва бу ҳеч нарсани ўзгартирмайди, деб ўйлайдиганлар асосан, Aндижон, Фарғона ва Наманган вилоятларида — респондентларнинг деярли 30 фоизи.

Коррупцияга гувоҳ бўлсангиз, бу ҳақда қаерга хабар берасиз?

Бу саволга респондентларнинг 28 фоизи «Коррупцияга қарши курашиш агентлигига», 18 фоизи «прокуратура ва ички ишлар органларига», 12 фоизи «блогерларга», 11 фоизи «ҳеч кимга» деган жавобни танлашган.

Баъзилар бу ҳақда ОАВга хабар беришини (7 фоиз) ёки ижтимоий тармоқларда ёзишини билдирган (6 фоиз).

Сўралганларнинг учдан икки қисми коррупцияга қарши чоралар тўғрисида жуда кам маълумотга эга. Шу билан бирга, соғлиқни сақлаш ходимлари коррупцияга қарши чора-тадбирлар тўғрисида энг кам маълумотга эга экани маълум бўлди, яъни уларнинг 44 фоизи «Йўқ» деган жавобни белгилашган.

Кўрилаётган чоралар тўғрисида энг кўп маълумотга эга бўлганлар бу — давлат хизматчилари (47%).

«Тизим шунга мажбур қилади»

Респондентларнинг учдан бир қисми (35 фоиз) мавжуд тизим пора ва танишлар орқали муаммоларни ҳал қилишга мажбур қилади, деб ҳисоблайди.

44 фоизи эса барча ишларни қонун доирасида ҳал қилган яхши, деган фикрда.

Нима қилиш керак?

Коррупцияни камайтириш учун биринчи навбатда нима қилиш кераклиги ҳақидаги саволга 18 фоиз иштирокчининг жавоби – иш ҳақини ошириш керак.

Респондентларнинг 14 фоизи тизимни ўзгартиришни ва жазони кучайтиришни таклиф қилмоқда. Сўралганларнинг 12 фоизига кўра, бюджет харажатларида шаффофлик зарур.

«Агар сиз коррупция ҳолатига гувоҳ бўлсангиз, у ёки бу хизматлар учун ноқонуний равишда сиздан пул талаб қилинса, у ҳолда прокуратуранинг 1007 «Ишонч рақами»га хабар беринг. Бундан ташқари, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги коррупция фактлари тўғрисида веб-сайт яратиш ва хабар бериш учун ариза қолдириш имконини берувчи илова устида иш олиб бормоқда», – дейилади агентлик хабарида.

Top