Ўзбекистон | 16:29 / 23.11.2022
18538
3 дақиқада ўқилади

Яккасарой туман ҳокимлиги юристи фирибгарликка суиқасд ва пора бериш жиноятларида айбли деб топилди

Яккасарой тумани ҳокимлиги юрисконсульти дўконнинг эгалик ҳуқуқини бекор қилишга доир суд ишини танишлари орқали ҳал этиб беришини ваъда қилиб, бу хизматини 1500 долларга баҳолайди. Тезкор тадбирда 500 доллар билан ушланган мулозим 2 йил-у 3 ойга озодликдан маҳрум этилди.

Маълум бўлишича, Яккасарой туман ҳокимлигида юрисконсульт лавозимида ишлаган судланувчи дўконнинг эгалик ҳуқуқини бекор қилишга доир суд ишини танишлари орқали фуқаронинг фойдасига ижобий ҳал этиб беришини ваъда қилади ва бу хизматини 1500 долларга баҳолайди. У хизмати учун олдиндан 500 доллар бўнак олади.

Тергов давомида ҳокимлик юристи бу пулларни эҳтиёжлари учун сарфлаб юборгани маълум бўлади. 

Жабрланувчининг аризасига асосан Бош прокуратура ҳузуридаги департаментнинг Яккасарой туман бўлими ҳамда ДХХ ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда туман ҳокимлиги мулозими келишилган пулнинг қолган қисми, яъни 1 000 долларни олган вақтида қўлга олинади.

ЖИБ Янгиҳаёт туман суди Фото: Kun.uz

“30 сентябр куни у тузатишга ташлаб кетган “NOTEBOOK”ини олиб кетгани олдимга келди. 1000 доллар пулингиз борми, суд котибига 500 доллар бериб қўйганман. Яна минг доллар берсангиз, дўконингизга чиққан эгалик ҳуқуқини ўз кучида қолдириб бераман, деди.

2500 долларга бошқа бировнинг масаласини ҳал қилиб бердим, 1500 долларга сизнинг жойингизни ҳал қилиб бераман, яъни судья ва котиби билан гаплашиб бераман, деб мендан пулни олганди”, дейди жабрланувчи.

Судда юрисконсульт айбига қисман иқрор бўлган. У пулни фуқаронинг ишини ҳал қилиб бериш учун эмас, фарзандининг контракти тўлови учун олганини таъкидлади.

Судланувчи Фото: Kun.uz

“Унинг олдига борганимда кўчада машиналар кўп экан. Автомобилимни қўйгани жой йўқ эди. Ундан компьютеримни ташқарига олиб чиқишини сўрадим. Компьютернинг баъзи жойларини кўришим кераклигини айтиб, ичкарига киришимни сўради.

Кирганимдан кейин шогирдлари менга техникани қандай ўчириб-ёқишни кўрсатди. Жаҳлим чиқиб компьютер мониторини қаттиқ ёпиб, портфелига солиб чиқиб кетаётганимда мана сўраган пулингиз, деб қўлимга берди.

Кейин пулни санамай чўнтагимга солиб кўчага чиқаётганимда орган ходимлари мени ушлашди. Пулни нега олдингиз, деб сўрашганда ўғлимнинг контракти учун олдим, дедим. Буни товламачилик йўли билан олмаганман. Биронта судья ва котибини танимайман”, дейди судланувчи.

Прокурор тезкор тадбир пайтида судланувчининг жинояти гувоҳлар ва холисларнинг кўрсатмалари билан тўлиқ тасдиқланганини айтиб, суддан қонунбузарни 3 йилга озодликдан маҳрум қилишни сўради.

Темур Қосимов ЖИБ Яккасарой туман суди судьяси Фото: Kun.uz 

ЖИБ Яккасарой туман суди юрисконсультни фирибгарликка суиқасд қилиш ва пора бериш жиноятларида айбдор деб топди ва 2 йил-у 3 ойга озодликдан маҳрум этди. Судланувчи, шунингдек, бир йил давомида мансабдорлик ва моддий жавобгарлик юклатилган лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинди.

Мавзуга оид